Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:48

"Айрим ички аъзолари йўқ". Чақалоғи нобуд бўлган ёш оила прокуратурадан нега норози?


Шу йил ёзида Самарқанддаги хусусий клиникаларидан бирида чақалоғи нобуд бўлган ёш она шифокорларни совуққонликда айбламоқда. Россия ватандоши бўлган Розагул Куканова ҳамда турмуш ўртоғининг иддао қилишича, туғилиш жараёнида вафот этган чақалоқнинг "ички аъзолари йўқолиб қолган".

Ёш оила Самарқанд шаҳар прокуратураси "ишни ёпди-ёпди қилишга уринаётгани"ни иддао қилади.

Прокуратура бу иддаоларни рад этмоқда.

"Боланинг ички аъзолари йўқолди"

2021 йилнинг 15 июль куни Самарқанд шаҳридаги хусусий клиникалардан бирида россиялик Розагул Куканованинг ўғил фарзанди ўлик ҳолатда туғилади.

Ўзи ҳам профессионал шифокор бўлган Куканованинг иддао қилишича, она қорнида тирик бўлган чақалоқнинг ўлими шифокорларнинг "совуққонлиги ва малакасиз муолажаси туфайли" юз берган.

Розагулнинг турмуш ўртоғи Юрий Ибрагимов ҳам "бола жарроҳлик амалиёти пайтида нобуд бўлганини иддао қилади.

- Менинг турмуш ўртоғим ўзи врач. Ўтган йили биз турмуш қурганимиздан кейин у Россиядан Самарқандга кўчиб келди ва болани ҳам шу ерда дунёга келтиришга қарор қилдик. У кўрикдан ҳам маҳаллий поликлиникада, ҳам хусусий клиникада ўтиб турган. Боланинг ривожланишида ҳеч қандай камчилик йўқ эди. Туғиш пайти келганида уни юраги уриб тургани, ҳеч қандай муаммо йўқлигини аниқлашди. Бола йирикроқ экан ва хотиним врачлардан кесарево қилиб олишни сўради. Хотинимнинг айтишига кўра, бош гинеколог Г.З. қорнини қисишни бошлаган, аммо бола қисилиб қолган ва уни кесиб олишган. Чақалоқ ўлик туғилган. Врачлар аввалига болада Торч-инфекция борлиги, кейин патологияси аниқлангани, кейин киндик ичагига ўралиб, бўғилгани каби баҳоналарни бера бошлашди, - дейди Юрий.

Суҳбатдош врачларнинг хатти-ҳаракатлари устидан прокуратурага шикоят аризаси билан мурожаат қилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, боланинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида мустақил экспертиза тайинланган, аммо экспертиза пайтида "болада айрим ички аъзолари йўқолгани" аниқланган.

Боланинг айрим ички органлари йўқолгани хусусида экспертиза хулосаси
Боланинг айрим ички органлари йўқолгани хусусида экспертиза хулосаси

Юрий Ибрагимов Самарқанд шаҳар прокуратураси икки марта терговолди суриштирувини ёпгани ва жиноят иши қўзғатишни рад этганини айтади.

- 17 июль куни Самарқанд шаҳар прокуратурасига шикоят билан бордим. 16 август куни прокуратура қўшимча терговолди текширув ўтказиш важи билан жиноят иши қўзғатишни рад этди. Тушунтириш хатида врачлар чақалоқ “TORCH-инфекция ёки ҳоми боши ва она чаноғи ўртасида киндик тизимчаси қисилиб қолганлик”дан ўлиб қолган бўлиши мумкинлиги тахминлари акс этган. Хуллас, жиноят аломатлари аниқланмабди ва “ички аъзоларининг кесиб олингани” ҳолатини текшириш учун Самарқанд ИИО ФМБ (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси- таҳр.) га юборилибди. Шу йилнинг 8 октябрида шаҳар прокуратураси жиноят ишини очишга рад жавобини берди. Вилоят прокуратураси ҳам текширув ўтказиб, жиноят ишини қўзғатишни рад этди. Шундан бери биз иш бўйича бирор жўяли жавоб ололганимиз йўқ. Лекин “боланинг ички аъзолари қаерга йўқолди ва у нимага олинди”, саволига жавоб йўқ, деди Юрий Ибрагимов.

Ибрагимовлар оиласи Самарқанд шаҳрида жойлашган ушбу хусусий туғруқхонада давлат лицензияси йўқлигини аниқлашганини айтишмоқда.

Озодликка тақдим этилган экспертиза ҳужжатларидан бола ҳақиқатан асфиксия, яъни нафас йўллари ёпилиши туфайли туғилиш пайтида нобуд бўлгани аниқланади. Бироқ мурдани кўрикдан ўтказдан мутахассислар чақалоқ танасида тимус бези, ўпка ва бронхлар, жигарнинг чап кичик бўлаги, талоқ, чап буйрак ва буйрак усти безлари йўқлигини қайд этган.

Тиббий экспертиза хулосасида, шунингдек, туғилган чақалоқ йўлдошисиз қабул қилингани қайд этилган, туғруқхона ходимлари эса болани йўлдоши билан жўнатганини билдирган.

Россия ватандоши бўлган Розагул Куканова ҳимоясига Россияда жойлашган “Дети России” ташкилоти ҳам қўшилгани маълум бўлди.

Прокуратура: "Ишда жиноят аломатлари топилмади"

Розагул ва Юрий Ибрагимовларнинг иддаосича, Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳанузгача ўлик туғилган чақалоқнинг ички аъзолари қаерга йўқолди, деган саволга жавоб топмаган.

Терговолди текширувини олиб борган Самарқанд шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Жамшид Негматов Озодликка Ибрагимовлар иши юзасидан жиноят иши қўзғатишга асос йўқлигини айтди.

- Жиноят иши қўзғатилгани йўқ, ҳақиқатан. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилди. Юрий Атажанович ҳамма процедураларда қатнашган, ҳужжатлар унга топширилган. Кўкановани ҳам ҳеч ким бизга олиб келмади сўроққа, биз чақиргандик. Ваколатимизга нима кирса – ҳаммасини тайинладик бу иш юзасидан. Аъзолар йўқолгани бўйича ички ишларга ажратиб берганмиз. Бу оила мендан норози бўлганидан кейин, материал бошқа кишига берилди. Тана аъзолари намуналари турибди, улар экспертизага олинган, йўқолмаган. Мен мутахассис эмасман, лекин экспертиза жиноят аломатлари топилмагани тўғрисида қарор чиқарган. Истаса, оила бошлиғи ариза билан мурожаат қилиб, ички органлар кўрсатилади унга, - деди прокуратура ходими.

Прокурор Негматов ички аъзолар йўқолгани масаласида Ички ишлар тергов натижалари чиқарилгани ва Ибрагимовлар махсус сўровнома асосида у билан танишиб чиқиши мумкинлигини ҳам айтди.

Самарқанд шаҳар прокуратураси қарори
Самарқанд шаҳар прокуратураси қарори

Бироқ прокуратура ходими боланинг ички органлари нима учун ота-онанинг рухсати ва хабарисиз экспертизага олингани, ва бу ҳаракатнинг қанчалик қонунийлиги ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Розагул Куканова ва Юрий Ибрагимовлар эса бу саволларга жавоб излашда давом этишларини айтишмоқда.

Ўзбекистон янги туғилган чақалоқлар ўлими кўрсаткичлари юқорилигича қолаётган мамлакатлар қаторида.

БМТнинг Болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ Ўзбекистонда беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг 57 фоизи неонатал давр -ҳаётининг илк 27 кунида содир бўлаётгани тўғрисида рақамларни очиқлаган. Мутахассислар Ўзбекистонда чақалоқлар ўлимининг уч асосий сабаби — барвақт туғруқ, асфиксия ва инфекциялар эканига ҳам эътибор қаратиб келади.

XS
SM
MD
LG