Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:53

"Моддий ва маънавий қашшоқлик": Чақалоқ савдоси ошмоқда, нархлар ҳам


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, сўнгги 4 йилда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 200 дан ортиқ ҳолат аниқланган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, сўнгги 4 йилда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 200 дан ортиқ ҳолат аниқланган.

Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида 5 кунлик чақалоғини 5 минг долларга пулламоқчи бўлган аёл қўлга олинди.

Тошкентда она ўз боласини 9 минг долларга сотаётган вақтида ДХХ ходимлари ушланди, 3 кунлик чақалоғини 18 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл одам савдосида айбланиб, 5 йилга қамалди.

Булар-сўнгги бир ҳафта ичида ижтимоий тармоқларни ларзага солган хабарлардан баъзилари.

Сўнгги бир ойда эса, маҳаллий матбуотда чақалоқ савдосига оид 10 дан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилинди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги 4 йилда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 200 дан ортиқ ҳолат аниқланган.

Сўнгги холатлар чақалоқлар нархи ошиб бораётгани тентенциясини ҳам кўрсатмоқда.

"5 минг долларлик" чақалоқ

Маҳаллий матбуот хабарларига ишонилса,чақалоқ савдоси билан боғлиқ энг сўнгги ҳодиса Сирдарё вилоятида содир бўлган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси 13 октябрь куни Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари Гулистон шаҳрида тадбир ўтказиб, 8 октябрда туғилган чақалоғини 5 минг долларга сотмоқчи бўлган қашқадарёлик аёлни қўлга олгани ҳақида хабар берди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи аёлнинг беш кунлик фарзандини нима учун сотмоқчи бўлгани маълум эмас.

Хабарларда айтилишича, ҳозирда аёл қамоққа олинган, унинг фарзанди Сирдарё вилоятидаги болалар уйига топширилган.

Бундан олдин Тошкентда уз фарзандини "18 минг долларга пулламоқчи бўлган аёл" қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси маълумотига кўра, Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида уч кунлик чақалоғини 18 минг долларга сотишга уринган аёлга 12 октябрь куни 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Тергов ҳужжатларидан маълум бўлишича, аёл шаръий никоҳдан ўтган эркак билан яшаб келган. Ўтган йили оилавий можаролар сабаб у уйидан чиқиб кетгани айтилади.

Расмий маълумотга кўра, аёл 2021 йилда ҳомиладор бўлиб қолгач, туғилажак фарзандини сотиш йўлларини қидирган ва уч кунлик чақалоғини 18 минг долларга сотмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган.

Айбланувчининг турмуш ўртоғи чақалоқ унинг фарзанди бўлмагани сабаб уни олиб кетишдан бош тортгани ва у болалар уйига жойлаштирилгани айтилади.

“Бизга не жин урди, болаларимизни сотяпмиз?..”

Сақалоқ савдосига оид хабарлар ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

“Қандай қилиб инсон зоти ўз боласини сотиши мумкин, ҳазм қилолмаяпман”, - деб ёзди Facebookдаги "Сирдарё менинг ватаним" гуруҳи файдаланувчиси Нафиса.

"Бизга не жин урди, болаларимизни сотяпмиз. Болани сотиш учун қандай маҳлуқ бўлиш керак, билолмай қолдим", - деб ёзди тармоқнинг бошқа бир фойдаланувчиси.

Канадада яшовчи ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ашур Facebook саҳифасида боласини сотаётган аёлларнинг ҳаракати учун ҳукумат масъул эканини айтиб чиқди.

“Ҳамма онани лаънатлаяпти. Тузумчи? Оналик аа болалик учун етарлича шароит яратмаётган ҳукуматчи? Она эҳтимол , тирик сақлаб қолиш ва ўзи ҳам тирик қолиш учун сотаётгандир боласини... Онани оқламокчи эмасман. Лекин уни айбламайман ҳам...”.

Мутахассислар чақалоқ савдосига оналарнинг ижтимоий ҳимояланмагани, турмушга чиқмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиши, фарзанд кўрмаган оилалар томонидан бола асраб олишга эҳтиёж ҳамда чақалоқ савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асосларнинг заифлиги каби омиллар сабаб бўлаётганини айтишади.

“Маънавий қашшоқлик”

Ижтимоий мавзулардаги чиқишлари билан танилган тошкентлик блогер Ақида Ханум чақалоқ савдосига “маъанавий қашшоқ”лик ҳам сабаб эканини айтади.

“Маънавий қашшоқлик. Агар одам маънавий қашшоқ бўлмаса, ўз фарзандини миллион долларга ҳам сотмайди. Боласини сотаётган аёллар, ҳар холда очдан ўлмаётгандир. Очарчилик даврида ҳам бизда оналар боласини сотмаган. Европа давлатларида бола қутичалари бор. Боқишга қурби етмаганлар чақалоғини аноним тарзда шу қутичаларга ташлаб кетишади, болага муҳтож боқишга қурби етадиган одамлар асраб олади. Бизда ҳам шундай тизим йўлга қўйилса, мана шунақа холатлар бўлмасмиди? " - дейди Ақида Ханум.

Тошкентлик яна бир блогер Жонибек аёллар ҳомиладорлигини, туққанидан кейин эса, чақалоқни оиласидан яширишга уриниши чақалоқ савдоси омилларидан бири эканини айтади.

Лекин блогерга кўра, энг катта муаммо болали аёлларнинг ижтимоий муҳофазаланмаганидир.

“Номуссизликдан қўрқиш бор, доим бўлган. Лекин энг катта муаммо-моддий таъминланмаганлик. Боласини сотаётганларинг кўпчилиги эрсиз аёллар. Эрга тегмасдан ҳомиладор бўлиб қолган, болани боқишга пули йўқ. Шунинг учун ё олдириб ташлайди ёки туғиб, бошқасига сотишга рози бўляпти.”, - дейди Жонибек.

Чақалоқ савдоси ошмоқда

Ўтган йил декабрида Олий Мажлис Сенати Раиси ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раҳбари Танзила Норбоева ижтимоий муҳтожлик оналарни ўз боласини сотишга мажбур қилаётган асосий омиллардан эканини эътироф этган эди.

Норбоевага кўра, охирги уч йиллик ҳолатлар таҳлили ўз чақалоғини сотган аёлларнинг 31%и оғир ижтимоий аҳволда эканлиги сабабли ушбу жиноятга қўл ургани кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан 114та бола жабр кўрган бўлса, уларнинг 89 фоизи 1 ёшгача бўлган болалардир.

Аёлларнинг 17 фоизи шу иш орқали ҳомиласини яширмоқчи бўлган, 52 фоизи эса, бу ишни моддий манфаатни кўзлаб, амалга оширган.

Шу йил июль ойида Тошкентдаги матбуот брифингида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими Наргиза Ҳожибоева сўнгги йилларда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар анча камайгани, бироқ чақалоқлар ва болалар савдосининг улуши сурункали равишда ортиб бораётганини айтганди.

"2020 йилга келиб одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 6 баробарга камайган. Бироқ таҳлиллар ушбу даврда чақалоқлар ва болалар савдоси улуши сурункали равишда ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан айтиб ўтсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. Ҳомиладор бўлиб қолганини ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп", деган Наргиза Ҳожибоева.

Ўзбекистон Жиноят кодексида чақалоқ савдоси бўйича алоҳида банд йўқ.

Бундай жиноятни содир этганларга 5 йилгача қамоқ кўзда тутилган Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) қўлланилади.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси маълумотига кўра, ўтган йили одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 та мурожаатдан бор-йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан то шу кунгача бўлган 30 йиллик даврда туғилишлар сони қарийб 16 фоизга ошган.

Статистик маълумотларда қайд этилишича, 2020 йилда 841 817 бола туғилган. Қўмита 2021 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда 390 минг 700 чақалоқ туғилганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG