Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:00

Россия колониясидаги гаровга олиш ҳодисаси: Тожикистонликлар яқинлари "шокда"


Наврўзи Рустамжоннинг ота уйидаги сурат.
Наврўзи Рустамжоннинг ота уйидаги сурат.

Тожикистонлик Наврўз Рустамжон ва Назиржон Тошов, Россия ҳукуматига кўра, ўтган ҳафта Волгограддаги қамоқхонада тўрт соқчини ўлдириб, бир неча кишини гаровга олган тўрт маҳкум орасида бўлган. Озодлик тожик хизмати мухбирларига кўра, бу хабар уларнинг Тожикистондаги яқинларини карахт қилиб қўйган.

Рустамжон Давлатов ўғли Наврўзга аза тутмоқда, аммо у 23 яшар ўғлини қамоқда одамларни ўлдириш ва гаровга олишда иштирок этганига сира ишона олмаяпти.

“Биз бу ердамиз, узоқда. У ёқда эса улар тўрт девор орасида бўлишган, нималар юз берганини тасаввур ҳам қололмайман, – дейди Давлатов, кўз ёшларини базўр тияркан. – Лекин мен нима ҳам қила олардим?!”

Россиянинг турли сайтларида чоп этилган текширилган фотосуратларда пичоқ билан қуролларган одамлар тасвирланган: улар ўзларини “Ислом давлати” (ИД) жангарилари деб атайдилар ва Суровикино қамоқхонасини (Волгоград вилоятининг жануби-ғарбида) қўлга олганларини айтадилар.

Мулозимларга кўра, ўша воқеаларда қамоқхонанинг тўрт соқчиси ўлдирилган, яна бир неча киши яраланган.

Россия расмийлари гаровга олганларнинг исмларини очиқламаяпти. Полиция улар “спецназчилар” томонидан ўлдирилганини маълум қилган эди.

Волгоград қамоқхонасидаги ҳужумдан сўнг Россияда муҳожирларга босим яна кучаядими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:37 0:00

Бироқ ТАСС давлат ахборот агентлиги тўрт исмни келтирди, улар: Наврўз Рустамжон, унинг камерадоши, 28 ёшли тожик Назиржон Тошов, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари Рамзиддин Тошев ҳамда Тимур Ҳусаинов.

Тўрт йигитдан учтаси, жумладан икки тожик гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, қамоқ муддатини ўтаётган бўлган. Тўртинчи маҳкум эса эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдиргани учун судланган.

Душанбелик Рустамжон Давлатов ўша воқеадан уч кун олдин ўғли билан гаплашганини айтади: “Ўғлим билан унинг қамоқдан кейинги режалари ҳақида сўзлашдик. Келин топиб қўйинглар, деганди. Қамоқдан чиққанидан сўнг уйланмоқчи ва институтга кириб ўқимоқчи эди. Орзу-ҳаваслари кўп эди, мана энди ҳаммаси барбод бўлди”, дейди Давлатов Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда.

Етти ўғил-қизнинг энг кичиги бўлган Наврўзи оддий оилада катта бўлган. Илгари драма театри актёри бўлган ва ҳозирда умумий овқатланиш соасида таъминотчи бўлиб ишлаётган отаси у мактабда яхши ўқиганини ва эс-ҳушли бола бўлганини айтади.

Рустамжонга кўра, Россия мулозимлари ўғлини Украинага қарши урушга боришга кўндирмоқчи бўлганлар. “Аммо биз қамоқ шароити нечоғли оғир бўлмасин, бунга розилик берма, деб қаттиқ тайинлар эдик”, дейди у.

Наврўз Рустамжон Россияга 18 ёшида, ишлаб пул топиш мақсадида борган. 2022 йилда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, қамоққа тушгунича автомобилларни ювиш шохобчасида ва омборда ишлаган.

Одамларнинг гаровга олиниши акс этгани тахмин қилинаётган видеода ўзини жангари деб атаганлардан бири қонга беланиб ётган бир нечта формали эркак жасадларини кўрсатиб, улар мусулмонларга азоб бергани учун ўлдирилган қамоқхона соқчилари эканини айтади.

“Биз мусулмонларни таъқиб қилган ва азоблаганларни ўлдирдик. Улар ибодат қилишимизга ҳам қўйишмасди: китобларимиз, жойнамозларимизни тортиб олишарди”, дейди видеодаги эркак.

Қўлқопларига қон юққан бошқа эркак эса “Ислом давлати”нинг қора байроғига ўхшаш байроқ кўтариб туради. Россия ОАВлари худди шу йигит Наврўз Рустамжон деб иддао қилган эди.

Бироқ ота бунга ишонмайди. “Ўғлим намоз ўқимасди. Умуман, у ҳеч қачон динга қизиқмаган”, дейди Рустамжон Давлатов.

“Барча алоқаларимиз узилган”

Назиржон Тошов Душанбедан чамаси 60 километр ғарбда жойлашган Турсунзода шаҳрида туғилиб-ўсган. Қариндош-уруғлари Назиржон ҳақида хушламайроқ гапиришади.

Улар айтишича, Тошовнинг онаси дунёдан ўтиб кетган, отаси бир неча йилдан бери бошқа шаҳарда яшайди. Собиқ хотини эса, 2021 йилда ажрашганларидан сўнг қизчасини олиб Россияга кўчиб кетган экан.

Тошовнинг собиқ қайнбувиси Меҳри Саидова (Раҳимова)га кўра, у гўёки Назиржон одамларни гаровга олаётгани акс этган видеони кўрмаган.

“Бу ҳақда қизимдан эшитдим. Бунақа бўлишини ким билибди дейсиз”, дейди у Озодлик мухбирига.

Аёлнинг айтишича, Россия қамоқхонасида рўй берган ўша воқеадан сўнг тожик ҳуқуқ идоралари уни сўроқ қилган. Бироқ Саидова Назиржон Тошов сўнгги йилларда қаерда қанай яшаганию нималар билан шуғулланганидан деярли бехабарлигини, “у билан барча алоқаларни узган”ини таъкидлайди.

Турсунзода шаҳри мулозимлари Озодликка изоҳ беришдан бош тортишди.

Тожикистон ҳукумати 23 августдаги баёнотида “ушбу жиноятни содир этган террорчи ташкилотнинг бошқа аъзоларини фош этиш ва қўлга олиш” учун Россия билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Аммо одамлар ўлдирилиши ва гаровга олинишида Тожикистон фуқароларининг қўли бор ёки йўқлиги ҳақида баёнотда ҳеч нима дейилмаган.

Ушбу воқеа 145 киши ўлимига ва 10 нафар Тожикистон фуқаросининг айбдор сифатида ҳибс этилишига олиб келган “Крокус Сити Холл” терактидан беш ой ўтиб содир бўлди.

“Ислом давлати” жавобгарликни ўз зиммасига олган мазкур қонли воқеалардан кейин Россияда марказий осиёлик мигрантлар, хусусан тожикларга нисбатан ксенофобия авж олди. Натижада минглаб тожикистонликлар Россиядан бадарға қилинди ёки мамлакатга киргизилмади. Яна юзлаб тожиклар таҳдидлар ва маҳаллий аҳолининг адоватли муносабати туфайли ихтиёрий равишда ватанга қайтишга мажбур бўлишди.

Мигрантлар Волгоград қамоқхонасида бўлган воқеа шусиз ҳам мураккаб вазиятни бадтар оғирлаштиришидан хавотир олишмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG