Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Россия: Қамоқхонадаги гаровга олиш ҳодисасидан сўнг мигрантлар устидан назорат янада кучайди


Москвадаги миграция маркази ташқарисидаги хорижликлар.
Москвадаги миграция маркази ташқарисидаги хорижликлар.

Россияда муҳожирларни текшириш яна кучайгани кузатилмоқда. Мигрантларнинг айтишича, йўлларда полиция автобуслари пайдо бўлган. Хавфсизлик кучлари муҳожирлар ишлаётган таксиларни тўхтатиб, ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини текширибгина қолмай, итлар билан ҳам тинтув ўтказмоқда.

Назорат кучайишига Марказий Осиёдан келган тўрт муҳожирнинг Волгоград колониясида бошқаларни гаровга олгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Россия ОАВ хабарига кўра, булар икки нафар Ўзбекистон фуқароси ва икки нафар Россия фуқаролигини олган тожикистонлик бўлган.

Мутахассислар колониядаги қонли воқеа Россиядаги муҳожирлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатишини тахмин қилиб, уларни эҳтиёткорроқ бўлишга чақирмоқда.

Украинага босқин: 912-кун | Ўзбек ва тожик маҳбуслари қўлга олган колония озод қилинди, 4 ходим ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:07 0:00

Москвада яшовчи қирғизистонликлардан бирининг Migrant.Media журналистларига айтишича, колониядаги воқеадан кейин Россия пойтахти кўчаларида полициячилар сезиларли кўпайган.

“Масалан, авваллари йўлларда йўл полицияси ходимлари бўларди, улар ҳужжатларни текшириб, кейин қўйиб юбораверишар эди. Ҳозир уларнинг сони кескин ортган, – дейди Қирғизистонлик муҳожир Ойбек (исми ўзгартирилган) – Мен тушунмадим, улар қайси тузилмага тегишли, лекин улар жуда кўп, шаҳарда кўп юраман, уч кундан бери шу манзарани кузатяпман, масалан, кеча 5-6 та такси машинасини тўхтатиб, итлар билан текширишди”.

Ҳужум пайтида колонияда бошқаларни гаровга олган тўрт нафар маҳкум ўлдирилди. Ҳужумда Федерал Жазони ижро этиш хизматининг 4 ходими ҳам ҳалок бўлди, яна уч ишчи ва тўрт нафар маҳбус яраланди. Россия қамоқхоналаридаги қозоғистонликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокат Мейрман Шекеевга кўра, шундан кейин Волгоград колонияларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

"Мен ёрдам бераётган 35 нафар боланинг уч нафари Волгограддаги колонияда. Ота-оналар ўз фарзанди билан тўғридан-тўғри гаплашган, улар ҳозирча чекловлар бўлмагани, хавфсизлик чоралари кучайтирилганини айтишган”, дейди Шекеев.

Адвокат Россияда яшовчи муҳожирларни эҳтиёт бўлишга ва провокацияларга берилмасликка чақиради. Ҳуқуқшунос Эрланбек Тўқтосунов ҳам колониядаги воқеа Марказий Осиёдан келган барча муҳожирларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Шу кунларда нафақат ҳуқуқшунослар, балки диаспорадаги ватандошлар ҳам Россиядаги хорижлик ишчиларни эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Уларнинг қайд этишича, интернетда кўплаб провокацион хабарлар пайдо бўлади. Крокусдаги терактдан сўнг ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳам муҳожирларнинг ўзлари Россияда ксенофобия кайфияти сезиларли даражада ошганини таъкидлашган. Қамоқхонадаги воқеа, адвокатлар фикрича, вазиятни такрорлаши мумкин.

“Ҳужумчиларнинг Марказий Осиёдан бўлгани биз учун жуда ёмон, – дейди адвокат, – Чунки Россияда нима бўлаётганини ҳаммангиз яхши биласиз, мамлакатларимиз фуқаролари эҳтиёт бўлишлари керак."

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун қабул қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:25 0:00

Тўқтосуновнинг айтишича, қамоқхонада содир бўлган воқеалар ҳақида кўп саволлари бор. Волгограддаги 19-колония қаттиқ тартибли қамоқхона бўлиб, у ерда нега гиёҳванд моддалар савдоси ва терроризмда айбланганлар бирга сақланиши тушунарсиз.

“Ушбу муассаса қаттиқ режимли қамоқхона сифатида таснифланган бўлиб, пичоқ каби нарсаларни олиб келиш мутлақо мумкин эмас".

Колонияда бошқаларни гаровга олганлар “Исломий давлат”га алоқадор эканликларини эълон қилишган. Аммо бу маълумотнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда бу маҳбуслар мусулмонларга қарши «зулм» ва Россия хавфсизлик кучлари томонидан «Крокус» иши бўйича ҳибсга олинганларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун қасос олаётганликларини айтишган.

ОАВ қайд этишича, бу жорий йилда Россия колонияларида радикал исломчиларнинг иккинчи исёнидир. “Қамалган рус” маҳбусларга ёрдам жамғармаси директори Олга Романованинг таъкидлашича, Россия қамоқхоналарида кўплаб экстремистик ғоялар тарқалади. Романова “Америка Овози” радиосига берган интервьюсида 2008 йилдан буён исломий экстремистлар кўплаб колонияларда етакчига айланиб олганини айтди.

Романованинг сўзларига кўра, ҳозир қамоқхоналарда катта текширувлар ўтказилади, бироқ улар колониялардаги турмуш тарзини тубдан ўзгартира олмайди. Қамалган муҳожирлар ҳалигача экстремист воизлар қўлига тушиб қолиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG