Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

Воронежда чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик эр-хотин 3 йилга қамалди


Россиянинг Воронеж вилоят суди ўз фарзандини 30 минг рус рублига пуллаган ўзбекистонлик эр-хотинни 3 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Воронеж тиббий муассасаларидан бирида қолаётган 2 яшар боладан ташқари бу муҳожирлар оиласининг Ўзбекистонда яна иккита ёши каттароқ боласи қолгани маълум бўлди.

Воронеж вилоят судига қарашли Коминтерн туман суди 25 декабрь кунги қарори билан энди туғилган ўз боласини пуллаётганида ушланган ўзбекистонлик эр-хотинга 3 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Ўзбек муҳожирлари чақалоқни 30 минг рублга сотмоқчи эканлиги тўғрисида танишига айтган. У эса, ўз навбатида бу ҳақда полицияга хабар берган. Шундан сўнг полиция ходими харидор ролини ўйнаб, эр-хотинни болани сотаётганида қўлга олган эди.

Воронеж вилоят суди матбуот хизмати раҳбари Лада Петина Озодлик билан суҳбатда қуйидагиларни қўшимча қилди:

- Эр-хотин иккалови 3 йилдан колонияда қамоқ жазосига маҳкум этилди.Ўзбекистонлик мигрантлар Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 127.1 моддаси 2 қисми (одам савдосига уриниш) асосида суд маҳкамаси томонидан айбдор деб топилди. Улар кейинги 10 кун ичида суд қарори устидан арз қилишлари мумкин, деди Воронеж суди расмийси Лада Петина.

Озодлик муҳожир оиласи томонидан сотувга қўйилган қизалоқнинг кейинги тақдири билан ҳам қизиқиб кўрди.

Ёши 4 ойдан ошган бола анча вақт Воронеж тиббий муассасида сақланиб, ҳозирда Болалар уйига ўтказилган, дейди Воронеж суди вакиласи Лада Петина:

- Суд материалларидан уларнинг Ўзбекистонда яна иккита боласи борлиги маълум. Ҳозир қизалоқ шифохонадан чиқарилди ва Болалар уйига жўнатилди. Васийлик идораси ходимлари билан суҳбатдан шуни аниқладимки, она қамоқхонадан чиққанидан кейин қизчани онасига қайтариб беришар экан. Аммо буни ҳам суд ҳал қилади, менимча, дея хулоса қилди Лада Петина.

Исмини ошкор этишни истамаган Коминтерн туман полиция бўлими ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бола ота-онасига қайтариб берилмаслигига ишонишини айтиб, судланган муҳожир оиласи тўғрисида қўшимча маълумот берди.

39 яшар Маҳлиёхон Мўминова у билан бирга яшаб келган 29 яшар Сайдулло Мирабдуллаев 2017 йилнинг 10 октябри, кеч соат 10 ларда Воронежнинг Газовая кўчасида болани полиция махсус бўлимининг оператив ходимларига 30 минг рублга сотгани тўғрисида тилхатга қўл қўйганидан ва қўлига пул олганидан кейин ҳибс этилган эди.

Озодлик бу ҳодисани махсус ёритган эди.

Терговчилар хулосасига биноан, Маҳлиё шу йилнинг 8 сентябрь куни ижарага олинган квартирада тиббий ëрдам ва ижтимоий хизматлар иштирокисиз қиз туққан. У боланинг отаси Сайдулло Мирабдуллоев билан Воронежда шаръий никоҳда яшаб келган, шу сабабли чақалоққа туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ҳам олинмаганини билдирган.

Терговчилар боланинг ота-онаси ўз фарзандини сотишга қарор қилганидан сўнг¸ таниш-билиш орқали “харидор” излай бошлаганини суд маҳкамасида билдирди.

Терговчилар саволларига берган жавобларидан Россияда вақтинчалик қайд муддати тугаётгани боис¸ болафурушликда айбланаётган муҳожир эр-хотин Ўзбекистонга қайтишга қарор қилгани¸ ҳужжатсиз чақалоқни олиб чиқиб кетиш имкони бўлмаганидан¸ уни сотиб пулни йўл кирага сарфлашни режалаганини айтган.

Исмини ошкор қилишни истамаган тергов ходими Озодликка воқеанинг бироз бошқароқ сабаблари борлигини ҳам билдирди: 29 яшар Сайдулло аёлини бошқа эркакдан ҳомиладор бўлганликда гумонлаб, болани ўзиники сифатида тан олмаслигини айтган ва чақалоқни сотишга мажбурлаган.

Болафуруш мигрантлар жазони умумий режимдаги колонияда ўташи айтилди.

XS
SM
MD
LG