Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:53

Россияда васийлик идораси тортиб олган ўзбекистонлик бола онасига қайтарилмади (ВИДЕО)


Рухшона Ўткирова реабилитация болалар марказида қолмоқда.
Рухшона Ўткирова реабилитация болалар марказида қолмоқда.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича Москва область, Клин шаҳар комиссияси бухоролик Феруза Ўткировадан тортиб олинган унинг 6 яшар қизи Рухшонани қайтариб бермаслик тўғрисида қарор чиқарди. Комиссия хулосасига кўра, Ўткирова ўз қизини урган ва темир катакда сақлаган. Она ва унинг ҳимоячилари бу айбловни рад этмоқда.

Вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссиянинг 22 ноябрда бўлиб ўтган йиғилишида полициячилар “бола танасида кўкарган излар борлиги” ва “акаси қизчани темир катакда сақлагани” аниқлангани важи билан уни онасига қайтариб бериш номувофиқ эканини билдирди.

- “Согласие” вояга етмаганлар реабилитацияси марказидан келиб тушган маълумотга биноан, қизчанинг сўзларидан онаси уни таёқ билан доимий уриб келган, шўхлик қилгани учун акаси уни темир катакка солиб тарбиялаган. Вояга етмаганнинг руҳий ҳолати турғун эмаслиги, бола уйга қайтишга розилик бермаётгани ва она-бола ўртасида муносабатлар таранг экани ҳамда болага етказилган жисмоний жароҳатлар устидан текширув якунига етмаганини ҳисобга олиб, болани онасига қайтариш номувофиқ эканлиги тўғрисида болалар марказидан келган талаб асосида қарор чиқарилди, деди шаҳар комиссияси аъзоси йиғилиш якунида.

Онанинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёлланган адвокат Виктор Дейко “Москвада муҳим ишлари борлиги” учун Комиссия йиғилишига адвокатлик рухсатномасига эга бўлмаган ўзининг рафиқасини юборди.

Кутилганидек, ҳайъат аъзолари у васийлик мажлисида қатнаша олмаслиги тўғрисида қарор чиқарди ва у залдан чиқариб юборилди.

Вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссия фақат полиция ва васийлик идораси ходимлари даволарини инобатга олди
Вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссия фақат полиция ва васийлик идораси ходимлари даволарини инобатга олди

Кузатувчи сифатида Комиссия йиғилишига келган ҳуқуқшунос Ботиржон Шерматов ўзини “тержимон” эканини айтиб, йиғилиш бошида қатнашишга муваффақ бўлди, аммо бироздан кейин у ҳам “Рухшона Ўткирова ишига алоқаси йўқ шахс” сифатида маҳкама хонасидан чиқиб кетишга мажбур қилинди.

Боланинг онаси 40 ёшли Феруза Ўткирова “Согласие” маркази раҳбарияти боласини марказда олиб қолишга барча куч-ғайратини ишга солаётганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Феруза полиция ва “Согласие” ходимлари тузган протокол ҳеч қандай гувоҳларсиз тузилгани, уни ҳатто адвокат кўрмагани ва болада полициячилар гўё жароҳатлар аниқлангани юзасидан Клин шаҳар прокуратураси ҳам жиноий иш очишдан бош тортгани бу айбловларга асос қолдирмаганидан гапирди.

- Болани яна 2-3 ҳафта олиб қоламиз деяпти. Мен билмадим, шок ҳолатидаман ҳозир. Улар “она-бола ўртасида муносабатлар таранг” деяпти: қанақасига таранг бўлади, агар шу 20 кун ичида мен боламни фақат 3 минут кўрган бўлсам?! – деди бухоролик аёл.

Йиғилишдан кейин боласини бориб кўришга рухсат олган Феруза боласи билан якка гаплаша олмагани – улар ёнида доимо психолог аёл тургани ва “Уйга кетасанми?” дея берган саволига “Бундай саволларни берманг!”, дея ҳар бир гапни назорат қилиб тургани ва фақат рус тилида суҳбатлашишни буюрганини айтди.

Бухоролик муҳожир аёл Рухшонада ҳақиқатан шу кунларда жиддий ўзгаришлар бўлгани, бола қўрқиб қолгани ва руҳан эзилаётганини ҳис этганини айтди.

Феруза Ўткированинг айтишича, у боласининг полиция қўлига тушишидан бир неча кун олдин Бухорога кетишга нарсаларни йиғиб қўйган эди. "Россиядан батамом чиқиб кетишга ҳозирлик кўриб турган эдик", деди у. 6 яшар Рухшона кейинги йилда мактабга бориши учун Ўзбекистонга қайтишини маълум қилди.

Вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссия ишида қатнашган Ботиржон Шерматов йиғилиш ҳайъати фақат айблов қўяётган полиция ва “Согласие” маркази даъволарини тинглагани, онага мавзуга мутлақо алоқаси йўқ саволларни бериб, мажлисни тугатиб қўя қолганини билдирди.

- Муҳим масала эътиборимиздан четда қолмасин – болада тан жароҳатлари бўлса, нима учун экспертиза 19 кун ўтиб Комиссия томонидан тайинланаяпти? Улар бунча вақтдан кейин нимани аниқлашмоқчи?! Йиғилишда полиция ва васийлик органлари тақдим этган бирорта ҳужжат онага ҳатто кўришга берилмаганини ҳам айтиб ўтишим керак. Бу комиссия эмас, оддий судлов-ку, деди юрист Ботиржон Шерматов.

Суҳбатдошнинг фикрича, бу масалага Ўзбекистон элчихонаси вакиллари жалб этилиши ва васийлик идоралари ҳатти-ҳаракатлари устидан прокуратура текшируви олиб борилиши керак.. Ҳуқуқшунос вазиятни Рухшона Ўткировада полицияга тушганига қадар айрим ҳужжатлари жойида эмаслиги ишнинг она фойдасига ҳал бўлмаганига яна бир сабаб қилиб кўрсатди.

Вояга етмаганлар масалалари бўйича Клин шаҳар комиссиясининг Рухшона иши бўйича кейинги йиғилиши 2017 йилнинг 4 декабрига белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 ноябрида Москва вилоятининг Клин шаҳрида ўзбекистонлик муҳожир аёл, 4 фаррзанднинг онаси Феруза Ўткированинг ташқарига бир ўзи ўйнагани чиқиб кетган 6 яшар қизини полиция ходимлари олиб кетган эди.

Бухоролик Феруза Ўткирова 20 кундан буён болалар реабилитация марказида қолаётган қизини Россия давлати тортиб олиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

XS
SM
MD
LG