Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Калининград вилоятида муҳожирларга ишга рухсатнома бериш 1 августгача тўхтатилди


Россиянинг Калининград вилоятида 2018 йилнинг 1 августигача ишга рухсат берувчи патентлар берилиши тўхтатилди. Вилоят полицияси матбуот хизмати буни футбол бўйича жаҳон чемпионати олдидан кўрилган “хавфсизлик чораси” эканини очиқчасига айтмаётган бўлсада, россиялик ҳуқуқ фаоллари бу чеклов хорижлик ишчилар ва калининградлик минглаб бизнесменлар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини гапирмоқда.

Россиянинг энг ғарбий ҳудуди саналган Калининград вилоятида жорий йилнинг 4 июнидан бошлаб хориж гражданларига ишга рухсатнома – патентларни бериш вақтинчалик тўхтатилди.

Бу хабарни тарқатган Калининград вилояти ҳукуматига кўра, меҳнат фаолиятига рухсат берувчи ҳужжат Калининград вилояти ҳудудида 1 августгача берилмайди.

“Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 25 майда қабул қилинган 1/5841-сонли қарорига биноан, Калининград вилояти ҳудудида хориж гражданлари ва гражданлиги йўқ шахсларга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун патентлар берилиши жорий йилнинг 1 августигача вақтинчалик тўхтатилади”, дейилади расмий хабарда.

Сабаблари аниқ кўрсатилмаган бу қарор “Хориж гражданларининг Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида” деб номланган 115-Федерал қонун асосида 4 июнь, душанбадан бошлаб кучга кириши айтилган. 10 кун олдин – 2018 йилнинг 25 майида қабул қилинган бу қарор орадан 6 кун ўтиб - яъни 31 май куни Калининград вилоят ҳукумати расмий сайтида чоп этилди.

Калининград вилоят Ички ишлар бошқармасининг Меҳнат миграцияси масалалари бўйича бўлими раҳбарияти вакили Озодлик сўровига шундай қарор борлигини тасдиқлаб, унинг қабул қилиниши Калининград вилояти ташаббуси эканини билдирди:

- Биласизми, Ички ишларга ушбу расмий илтимоснома билан Калининград вилоят ҳукумати чиққанди. Билмадим, бу қарор футбол билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биз виза талаб қилинадиган мамлакатлардан келаётган хориж гражданлари ва малакали мутахассислар учун ишга рухсатномаларни беришни давом эттираяпмиз. Чеклов фақат виза талаб қилинмайдиган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистондан келаётган ишчиларга тааллуқли. Уларга патент бериш ҳақиқатан 1 августгача вақтинчалик тўхтатилди, деди Калининград полицияси миграция бўлими бошлиғи расмийси Наталья Лакс.

Шунга қарамасдан, полиция бошқармасида Калининград ҳудудида хориж гражданларига қайдга туриш ман этилмаганини ҳам қўшимча қилишди.

Калининград вилоят ҳукуматида бу қарор сабаблари борасида ҳозирча бирор изоҳ берилмаслиги, чунки унга жавоб бера оладиган матбуот хизмати вакили “йиғилишга кетгани” айтилди.

Жамоатчилик эътиборидан четда қолган бу хабар ортидан Калининград вилоятида нафақат иш патентлари муддати тугаётган ёки патент олиш учун келган минглаб меҳнат муҳожирлари, балки ўнлаб Россия корхоналари ва майда бизнесменлар катта талафот кўриши турган гап.

Бу ҳақда Озодликка гапирган “Мигранто.ру” портали асосчиси Светлана Саламова “Нима учун Калининград ҳукумати бу янгиликни бир-икки ой олдин огоҳлантирмасдан 5 кун қолганда кичкинагина хабар тарзида сайтига илиб қўйгани”дан таажжубланганини айтади:

- Бир йил ишлаб қўйган ва патент муҳлати тугаётган муҳожирлар қандай қилиб патентларини узайтира олишларига бошим қотаяпти. Ахир уларни ишдан бўшатишга тўғри келади! Бундай ишларни камида 2 ой олдин эълон қилишлари керак эди, чунки бизнесменлар тайёргарлигини кўриб олишарди. Қонунан бу қарорнинг қабул қилинишига эътироз йўқдир, чунки патентларни бериш-бермаслик вилоят ҳукумати ваколатидир. Аммо у ғайриинсонийдир!

Калининград футбол бўйича Жаҳон Чемпионати ташкилотчиларидан биридир. Ва патентлар 1 августгача берилиши тўхтатилиши айнан шу чемпионат билан боғлиқ эканига шубҳам йўқ. Аммо тадбиркор иш берувчиларда минглаб саволларга ким жавоб беради, деди Светлана Саламова.

Ҳуқуқ фаоли бу янгиликдан кўплаб миграция мутахассислари ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотлари бехабар эканини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида, хусусан футбол бўйича ЖМ-2018 ўйинлари ўтказилаётган 11 Россия шаҳарларида миграция тартиблари кескинлаштирилгани ва полиция ва бошқа давлат органлариназорати кучайтирилгани борасида хабар бериб келмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 2018 йил, 12 майда имзолаган 214- қарорга мувофиқ, энди чет элликларга қайдга туриш учун 3 сутка вақт берилади: “Регистрация” қоғозини фақат Ички ишлар бўлимлари ёки Кўп тармоқли марказларида (МФЦ) олиш мумкинлиги айтилганди.

Куни кеча футбол уйинлари ўтказилажак шаҳарлардаги олий ўқув юртлари ва ўқув муассасалари талабаларига 1 июнга қадар сессия имтиҳонларини ёпиб, ётоқхоналарни бўшатиб қўйиш ва ўқув муассасасига келмаслик буйруқ тарзида “тавсия қилингани” хабари пайдо бўлди.

Калининград вилоят миграция бошқармаси бошлиғи Елена Аксёновага кўра, ўтган 2017 йилнинг биринчи ярми давомида вилоятда патент расмийлаштирган меҳнат муҳожирлардан 85 фоизи - Ўзбекистон гражданларидир. Миграция бошқармаси Калининградда нолегал ҳолатда ишлаётган ўзбек мигрантлари сонига оид аниқ рақамларни келтирганича йўқ.

XS
SM
MD
LG