Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:19

"Профилактик чоралар". Россия Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотларига қарши ов бошлади


Сўз ва матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган юриш. Қирғизистон, 25 ноябрь, 2022
Сўз ва матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган юриш. Қирғизистон, 25 ноябрь, 2022

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтган ҳафта Москва Марказий Осиё минтақасида "ғарбпараст" нодавлат ташкилотларга қарши "профилактик чоралар" кўраётгани ҳақида гапирди.

Россияда сўнгги йилларда ижтимоий ва сиёсий фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар"хорижий агентлар" ва "номақбул ташкилотлар" сифатида таснифланган.

Шойгу Марказий Осиёдаги «мураккаб» вазият, “минтақада фаолият юритаётган 100 дан ортиқ ғарбпараст йирик ноҳукумат ташкилотлар”, шунингдек, Афғонистондан жангарилар бостириб кириши мумкинлиги ҳақида гапирди. Марказий Осиёда келгуси йилларда наркотик ишлаб чиқариш ҳажми ошиши кутилмоқда деди.

Бошқача айтганда, у нодавлат ташкилотларни минтақага ёки ҳеч бўлмаганда Россиянинг ундаги манфаатларига экзистенциал таҳдид деб билади.

“Махсус ҳарбий операция манзарасида бу нодавлат ташкилотлар Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий-техникавий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни қисқартириш мақсадида Россияга қарши фаолиятини сезиларли даражада оширди”, дея шикоят қилди Шойгу 27 февраль куни.

Патриарх Кирилл яна муҳожирларга қарши гапирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:13 0:00

Таҳлилчилар фикрича, Россиянинг ННТлар Москванинг қўшни давлатлардаги таъсирига путур етказишидан ваҳимаси янгилик эмас.

“Россия раҳбарияти Ғарб давлатлари ННТлар орқали нодемократик мамлакатлардаги режимларни ағдаришга уринаётганига ишонади ёки ўзини ишонтиради”, дейди Берлиндаги Карнеги Россия-Евросиё маркази ходими Темур Умаров.

“Россия қанчалик яккаланиб, халқаро ҳамжамият билан ихтилофда бўлса, унинг риторикаси интернет ва мактаблардан тортиб, бошқа давлатлар ҳудудигача бўлган ҳамма жойда Ғарб таъсирига қарши курашга қаратилади”, дейди Умаров.

Шойгунинг айбловларини бир четга қўйиб турсак ҳам, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари шундоқ ҳам Россия истагандек йўл тутади, баъзи ҳолларда фуқаролик жамиятини бостиришда буни ошиғи билан бажаради.

Хўш, Шойгу Марказий Осиёнинг қайси давлатларини назарда тутди?

Қозоғистон орқага, Қирғизистон олдинга қадам ташламоқда

Шойгунинг баёнотларига жавоб берган ягона давлат Қозоғистон бўлди.

"Мен ҳеч қандай профилактик чора-тадбирлардан хабарим йўқ", деди ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко журналистларга.

“Фуқаролик секторини, ННТни қўллаб-қувватлаш Президент [Қасим-Жомарт] Токlқаев, ҳукумат ва ушбу соҳага масъул бўлган Маданият ва ахборот вазирлиги учун устувор вазифадир”, дея қўшимча қилди Василенко.

«Адашмасам, мамлакатимизда 18 минг ННТ мавжуд, улар қонунга мувофиқ фаолият юритади ва жамиятимизнинг ўта муҳим қисми ҳисобланади. Бу фуқаролик жамияти Қозоғистон Республикаси томонидан қўллаб-қувватланаётганини англатади”.

Россия 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери можарода бетараф қолган Қозоғистон Россиядан бироз масофа сақлаш учун дипломатик баёнотлардан фойдаланди.

Аммо гап шундаки, Қозоғистон ҳар доим ҳам ННТ учун энг қулай жой бўлмаган.

Бу ҳақда NeMolchi.KZ аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Дина Смаиловадан сўранг.

Оилавий зўравонлик ва зўрлаш қурбонлари, жумладан, уларда полиция ҳам иштирок этгани ҳақидаги воқеаларни суриштиргани билан танилган Смаилова ҳозирда хорижда яшайди. Агар у ватанига қайтса, йирик фирибгарликда айбланиши мумкин.

NeMolchi.KZ сайтига хайрия қилган юзлаб қозоғистонликлар полицияга сўроққа чақирилгани хабар қилинган. Смаилованинг айтишича, бу ҳаракат расмийларнинг унга қарши айбловларни кучайтириш зарурати билан боғлиқ.

Қозоғистон чет элдан маблағ олувчи жамоат ташкилотларини ҳам диққат билан кузатади, бундай гуруҳларнинг рўйхатини мунтазам янгилаб туради ва янгиларини рўйхатга олишни қайта-қайта рад этади.

Аммо Қозоғистон Марказий Осиёдаги ННТ учун энг дўстона давлатга айланиши мумкин. Бу мақомга узоқ вақтдан бери соҳиб бўлган Қирғизистон эса Россияга эргашмоқда.

22 февраль куни Қирғизистон парламенти Россиянинг 2012 йилда қабул қилинган хорижий агентлар тўғрисидаги қонунига ўхшаш қонунни қабул қилди.

«Адолат» нотижорат юридик клиникаси таҳлили кўрсатишича, қонун лойиҳасининг 90 фоиздан кўпроғи Россия қонунидан кўчирилган.

Қамоқдан чиққан фаол Жаслиқ қийноқлари¸ Мирзиëев маддоҳлари ва мухолифлик ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:43 0:00

Қўшнилардан ўрнак олиш

Россиянинг Қирғизистон қонун лойиҳаси билан алоқаси шу билан тугамайди.

«Политклиника» нашри журналистлари 2022 йилда ушбу қонун ташаббускори бўлган Нодира Норматова Қирғизистоннинг иккинчи йирик шаҳри Ўшдаги Россия консуллиги жойлашган бинонинг эгаси эканлигини аниқлади.

Шу факт Норматованинг ўзини “хорижий агент” қилиб қўймасмикан, дея киноя қилади “Политклиника” суриштирувчилари.

Қонунга қарши чиққан кам сонли депутатлардан бири ўтган ой парламентда унга яна савол берганида, Норматова бинони Россияга ижарага берганини тан олди.

"Бу қонун лойиҳасининг шахсий ҳаётимга алоқаси йўқ. Биз уни қабул қилишда кечикдик. Агар биз 10 йил олдин қонунни қабул қилганимизда, ҳозиргидек муаммолар бўлмасди, давлат хизматчилари орасида сотқинлар ҳам бўлмасди", дейди Норматова 22 февраль куни Озодлик радиосининг Қирғиз хизматига берган изоҳида.

Аммо Норматова бу ўринда аҳамиятсиз роль ўйнаган бўлиши мумкин, чунки Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг розилигисиз қонун лойиҳаси илгари сурилмаган бўларди.

Жапаров 2020 йилда ҳокимиятга келганидан бери унинг режаларини бузишга уринаётган фаоллар, журналистлар ва сиёсий рақибларини қамоққа ташлаш учун Москвадан йўриқнома керак эмаслигини кўрсатди.

Шу маънода, дейди Карнеги вакили Умаров, Россия фақат “автократия йўлига ўтган Қирғизистон раҳбариятини қўллаб-қувватламоқда”.

Айни пайтда 7 миллион аҳолиси бўлган Қирғизистонда 29 мингдан ортиқ ННТ рўйхатдан ўтган, бу деярли 20 миллион аҳолиси бўлган Қозоғистонда рўйхатдан ўтганлардан деярли икки баробар кўп.

Туркманистон Марказий Осиёнинг фуқаролик жамияти энг заифи бўлиб қолмоқда, айни пайтда минтақанинг энг қашшоқ мамлакати бўлган Тожикистон ҳукумати ҳам худди шу йўналишда кетаётган бўлиши мумкин.

Тожикистоннинг «Азиа-Плюс» мустақил ахборот сайти 2023 йил август ойида ўтказган таҳлилга кўра, 2022 йил ва 2023 йилнинг биринчи ярми мобайнида тугатилган ННТ сони рўйхатга олинган 711 тадан 217 тагача кўп бўлган.

2023 йилда низомни бузганликлари сабабли суд томонидан ёпилган ННТлардан бири ҳибсга олинган фаоллар ва журналистларга бепул юридик хизматлар кўрсатувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Мустақил марказ эди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган «Юксалиш» тадқиқот марказига кўра, минтақанинг аҳолиси энг кўп – қарийб 35 миллион бўлган Ўзбекистонда 9000 га яқин ННТ бор.

Аммо тошкентлик фаол Ирина Матвиенко 2021 йилда “Open Democracy”да эълон қилган мақоласида таъкидлаганидек, бу ташкилотларнинг “аксарияти аслида давлат томонидан ташкил этилган”, бироқ ННТларнинг хориждан қонуний равишда олиши мумкин бўлган маблағ миқдори жуда пастлигича қолмоқда.

2017 йилда тўққиз йиллик қамоқ жазосидан озод этилган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновнинг ўтган ҳафта “Инсон ҳуқуқлари уйи” деб номланган инсон ҳуқуқлари ташкилотини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризаси Адлия вазирлигининг эътирозлари сабабли Тошкент суди томонидан ўн тўртинчи марта рад этилган.

Россия томонидан "профилактик чоралар" бу давлатларга шарт бўлмаса ҳам керак.

Форум

XS
SM
MD
LG