Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:16

"Ўзбекистон ҳақидаги негатив". ВВС журналисти Фейсбукдаги пости учун ИИБга чақиртирилди


BBC Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафо.
BBC Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафо.

28 февраль куни BBC Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафо Тошкентнинг Чилонзор тумани ИИБга "суҳбат"га чақирилди. Бу ҳақда Британияда яшаётган журналист ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.

Ибрат Сафонинг маълум қилишича, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг шу йил 1 февралида Тошкент шаҳридаги Миллий боғда қуриб қолган кўл ва Magic City қурилиши ҳақида ижтимоий тармоқда қолдирган пости билан қизиқмоқда.

Журналистнинг ёзишича, Чилонзор тумани ИИО ФМБнинг Жасур исмли ходими унга интернетда Ўзбекистон ҳақида «негатив» ёзгани учун «Президент администрацияси қошидаги оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилувчи марказ»дан топшириқ олганини айтган.

Ибрат Сафога кўра, ИИО ходими «Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантириш» ҳақидаги қонунга ишора қилган, бироқ бу қандай қонун эканини изоҳламаган. Айни пайтда журналист ўз постида бирор исм ёки шахсларни тилга олмаганини таъкидлайди.

«Шундан норози бўлишибди. Жасурнинг неча ёшлиги ё журналистика борасидаги билимини билмайман, лекин у мени „патриот“ бўлмасликда айблади ва бундай постларни ёзишни тўхтатишимни буюрди. У ўзининг „патриот“ эканини ҳам айтди. Айнан қандай мавзуларда ёзишим мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраганимда, жавоб бермади. Қачон Ўзбекистонга келишимни билишга уринганида, ундан авиачипта сўраганим ҳам негадир унга ёқмади. Энди шикоятини Ташқи ишлар вазирлигига жўнатар экан», — деб ёзди Ибрат Сафо.

BBC журналисти ўзининг 20 йилдан бери Тошкентда яшамаслиги, 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида доимий рўйхатда туришини маълум қилган.

«Мени «топиш»дан аввал у [милиция ходими] икки марта 68 яшар, нафақадаги ўқитувчи опамни безовта қилган ва Чилонзор тумани «РУВД»сига келишини айтган. Мен опамга борманг дедим. Лондондан телефон қилдим», — деб ёзди у.

Ибрат Сафо кейинроқ ушбу постини ўчириб ташлади. Пост ўрнида: «Баъзи процедурал сабабларга кўра, охирги постимни ҳозирча ўчирдим», деган ёзув пайдо бўлди ва кейинчалик пост яна тикланди.

Gazeta.uz нашрига кўра, шу йилнинг 1 февраль куни пойтахтнинг собиқ ҳокими, Akfa компаниялар гуруҳи асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг 7 компаниясини сотганини маълум қилган. Сўнг тармоқдаги “Лолазор” подкастида чиқиш қилган собиқ ҳоким сотган ширкатларининг 12 та эканига урғу берган.

Ортиқхўжаев санаган ширкатлар орасида 2021 йил июнь ойида Миллий боғ ўрнида очилган Magic City парки ҳам бор эди. Лойиҳанинг инвестори Akfa таркибига кирувчи Stargate Systems бўлиб, компания Тошкент марказидаги 20,79 гектар хиёбон ҳудудини 49 йиллик ижара билан ўзига расмийлаштирган.

Газета.uzнинг ёзишича, устав капитали 426,9 миллиард сўм бўлган Stargate Systems компанияси таъсисчилари Tashkent Aquarium (86,2 фоиз) ва Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг (Ж. Ортиқхўжаевнинг қудаси) ўғли Алишер Абдужабборович Абдувоҳидов (13,8 фоиз) экани аниқланган.

Шунингдек, Алишер Абдувоҳидов Tashkent Aquarium`га тўла эгалик қилади (100 фоиз), шунингдек, Artel Technical School ва бошқа корхоналарда улушларга эга.

BBC Ўзбек хизмати 2018 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва Ўзбекистонда ўз мухбирига эга.

Ундан олдинроқ Ўзбекистон ҳукумати BBC Ўзбек хизмати контентига қўйилган тўсиқни олиб ташлаганди.

Референдум арафасида: Танқидий пост қўйганлар “суҳбат”га чақиртирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:07 0:00

"Профилактик суҳбат"лар

Ўзбекистонда журналист ва блогерларнинг ички ишлар ва хавфсизлик идораларига чақирилиши ноодатий бўлмаса-да, аксарият тармоқ фаоллари BBC журналистининг бу каби "суҳбат"га чақирилишидан таажжуб изҳор қилишди.

"Эски Ўзбекистонда бўлмаган ишлар янги Ўзбекистонда бўляпти", деб ёзди Ибрат Сафонинг пости остида изоҳ қолдирган Наримон Бек исмли Facebook фойдаланувчиси.

Ўзбекистон расмий идоралари бу борада бирон изоҳ бергани йўқ.

28 февраль куни шунингдек, "Гос Джельсомино" канали асосчиси Ринат Сагитов ўзининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга профилактик суҳбат учун чақирилганини хабар қилди.

Мен "суҳбат"нинг маъноси ва мавзусини ошкор қилмасликка ваъда бердим. "Профилактик суҳбат" менинг каналим ва баъзи нашрлар билан боғлиқ эди. Оддий ва мулойим суҳбатлашдик. Мени қийноққа солишмади, ҳақорат қилишмади, камситишмади”, деб ёзди "Голос Джельсомино" канали асосчиси Ринат Сагитов.

Сагитовга кўра, уни бирор марта уйидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари олиб кетишмаган. У шу пайтга қадар тергов қилинмаган, судланмаган, шу боисдан хавотирлана бошлаганини эътироф этади.

“Милиция ходими келиб, у билан бирга милиция бўлимига боришимни сўраганида, мен изсиз, ертўлаларда ғойиб бўлишни ёки ёлғон жиноят билан туҳмат қилинишини хоҳламадим ва шунинг учун овозли хабар қолдирдим” дейилади Сагитовнинг ўз саҳифасидаги постида.

Ринат Сагитов милицияга олиб кетилиши ортидан қўйилган пости БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарияти, Омбудсман ва бошқа фуқаролик жамияти фаолларининг ижтимоий тармоқдаги гуруҳларида муҳокама мавзусига айланди.

Маъмурий таъқиб

Сурхондарё вилояти Узун тумани ИИБнинг исми сир қолишини истаган ходимига кўра, Фейсбук ижтимоий тармоғи фаоли Ғайрат Норқобиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 202(2)-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан маъмурий иш қўзғатилган.

Мазкур маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Узун тумани судида 2024 йилнинг 29 февралида кўриб чиқилиши белгиланган. ИИБ ходимига кўра, Ғайрат Норқобилов "ижтимоий тармоқларда негатив материаллар ёзиб, президент ва унинг сиёсатини обрўсизлантирган".

ИИБдаги манбанинг айтишича, Норқобилов 2023 йилда норасмий "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партиясига имзолар тўплаш, партия тарафдорларини фаолликка тарғиб қилган. ДХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармасида тўпланган материалларга кўра, унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

Ғайрат Норқобилов Озодлик билан суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги борасидаги ислоҳотлари ортга қайтмас эканига ишонишини, ижтимоий тармоқлардаги материалларида бирор бир шахсни ҳақорат қилмагани, кимгадир туҳмат қилмаганини айтди.

Фаолга нисбатан маъмурий иш тасдиқланган тақдирда у қонунга мувофиқ. базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жаримага тортилиши мумкин.

Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоллари таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

2023 якуни: Блогерларни қамаш йили
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:01 0:00

Расмийлар блогерлар касбий фаолияти учун эмас, балки аксар ҳолларда иқтисодий ва молиявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилганини урғулашади.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган.

Ташкилотга кўра, йил давомида блогерлар ва журналистларнинг жиноий таъқиб этилгани мамлакатдаги сўз ва фикр эркинлигига жиддий зарба берган.

Ўзбекистон ўтган йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида 2022 йилгидан 4 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушган. Мамлакатда матбуот эркинлиги аҳволи “қийин” деб баҳоланган.

Форум

XS
SM
MD
LG