Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:38

Собиқ Бош прокурор Қодиров устидан ярим миллиард долларлик даъво аризаси берилди (АУДИО)


Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров (1-қатор¸ ўртада)2014 йил 8 октябрь куни Тошкентда ўтказилган халқаро йиғинга раислик қилмоқда.
Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров (1-қатор¸ ўртада)2014 йил 8 октябрь куни Тошкентда ўтказилган халқаро йиғинга раислик қилмоқда.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб¸ ҳибсда қолаëтган собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва унинг оиласига қарашли экани айтилаëтган Тошкентдаги бизнес тизимларида Бош прокуратура махсус гуруҳи кенг қамровли тафтиш ўтказмоқда; уларга тегишли мол-мулк хатланмоқда. Бораëтган тергов амалиëтлари давомида ҳозирга қадар собиқ Бош прокурордан жабр кўрганлардан умум қиммати ярим миллиард АҚШ долларига тенг даъво аризалари олинган.

Бу тафтишлар ҳақида Озодликка маълумот берган ИИВ мулозимига кўра¸ Қодиров иши доирасида Инфинбанк¸ Flagman савдо тармоғи ва Давлат божхона қўмитасида текширув бормоқда.

Бу кенг кўламли текширувлар ҳақидаги маълумотни Озодлик суҳбатлашган бошқа расмийлар ҳам тасдиқлади.

Уларга кўра¸ текширувлар жараëнида Қодировларга оид экани айтиладиган Flagman савдо тармоғи бошқарувчиси¸ давлат омборхоналарини ноқонуний равишда Қодировлар бизнесига бериб қўйганликда айбланаëтган божхона қўмитаси мулозими ҳибсга олинган¸ унинг пулларини "ювиб берганликда гумонланаëтган" Инфинбанк эгаси эса сўроқ қилинмоқда.

"Инфинбанк эгаси" Қодиров пулини ювганликда гумонланмоқда

Ўзбекистон банк тизимида ишловчи мулозимнинг Озодлик билан суҳбатда билдиришича¸ Тошкентдаги Инфинбанк “эгаси” Фарҳод Мамажонов собиқ прокурор Рашитжон Қодиров “пулини ювганликда” гумон қилинмоқда.

Фарҳод Мамажонов қўлида ишлаб¸ унинг ишларидан бевосита хабари борлигини иддао қилган тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ Инфинбанк собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров пул маблағларини айлантириш билан шуғулланиб келган. Унга кўра¸ Фарҳод Мамажонов Инфинбанк 2007 йилда ташкил этилган вақтдан бошлаб унинг норасмий эгасидир.

(Айни пайтда¸ Инфинбанк расмий сайтида Мамажонов исми-шарифи на банк бошқаруви ва на унинг кенгаши аъзолари рўйхатида бор.)

Расман банк эгаси сифатида номи ҳеч қаерда қайд қилинмаганига қарамай¸ Инфинбанкнинг Озодлик мухбири 2 март куни гаплашган мулозими унинг Мамажоновга қарашли экани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

“Фарҳод Мамажонов банкнинг эгаси бўлади¸ у киши ҳозир Тошкентда прокуратурага гувоҳ сифатида сўроққа қатнаб юрибди. Лекин банк стандарт режимда ишламоқда¸" - деди Инфинбанк вакили 2 март куни.

Очиқдами ëки ҳибсда?

Фарҳод Мамажоновнинг кейинги тақдири борасида Тошкентдаги мулозимлардан Озодликка бир-бирига зид маълумот келмоқда.

Инфинбанк ва Тошкентдаги бошқа тижорий банк ходимларининг 2 март куни Озодликка билдиришича¸ “Мамажонов Қодиров ишида гувоҳ сифатида фигурант бўлгани ҳолда¸ шаҳарни тарк этмаслик шарти билан очиқда юрибди”.

Ўзини Инфинбанк мижози деб таништирган қозоғистонлик тадбиркор иддаосига кўра¸ “Мамажонов собиқ прокурор Қодиров пулларини ювишда гумонланиб ҳибсга олинган ва ИИВ ертўласида сўроққа тутилмоқда”.

Озодликда бу икки иддаони рад қиладиган ëки тасдиқлайдиган расмий ҳужжат ҳозирча йўқ.

"Қодировга даъво суммаси - 500 миллион доллар"

Бир-биридан мустақил Тошкент мулозимларига кўра¸ тергов давомида Фарҳод Мамажонов Инфинбанк орқали “Қодиров ўғирлаган пулларни давлатга қайтаришга “мажбурланган.

Инфинбанк собиқ ходимининг Озодликка айтишича¸ бу пуллар Дубай ва Рига банклари орқали Швейцариядаги ҳисобларга ўтказилган.

ИИВ тизимида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка 3 март куни билдиришича¸ Қодировга “ совға ëки пора беришга мажбур бўлган” тадбиркорлардан шу кунларда Бош прокуратура терговчилари даъво аризалари ëздириб олмоқда.

Мулозимнинг ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб иддао қилишича¸ даъво аризаларида кўрсатилган сумма ярим миллиард долларга яқинлашган.

“Даъво аризасидаги сумма қайтарилишини кафолатлаш мақсадида Қодиров устидан Жиноят Кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Қодировлар оиласига тегишли мол-мулк хатланмоқда¸" деди бу мулозим. Хатланган мулк орасида Қодировга қарашли ҳовли ва автомобиллар борлиги айтилмоқда.

Айни суҳбатдошнинг айтишича¸ Қодировлар оиласига тегишли пул¸ мол- мулк Фарҳод Мамажонов ва собиқ Бош прокурорнинг ўғли Алишер Қодиров тарафидан бошқарилган.

ИИВ тизимида ишлайдиган мулозимга кўра¸ шу кунларда Москвада яшириниб юрган Алишер Қодиров (Рашитжон Қодировнинг ўғли)га нисбатан ИИВ қидирув эълон қилган.

Айни пайтда¸ 5 март куни вазирлик сайтида қидирувга берилганлар очиқ рўйхатида Алишер Қодиров номи кўринмади.

Бу мақола чоп этилишидан саноқли соатлар ўтиб¸ Ички ишлар вазирлиги мулозимлари Озодликка вазирлик расмий сайтида 1979 йил 21 апрель куни туғилган Қодиров Алишербек Рашитович номи қидирувдаги шахслар очиқ рўйхатига қўйилганини маълум қилди.

ИИВ сайтида ëзилишича¸ собиқ Бош прокурорнинг ўғли Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисм¸ А банди, 165-модда¸ 3-қисм¸ А банди¸168-модда¸ (Фирибгарлик) 3- қисм А банди ва 168-модда¸ 4-қисм¸ А бандида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Божхона қўмитасидаги ҳибс

Озодликка 2 март куни маълум бўлишича¸ жорий йилнинг 23 февралида Божхона қўмитасининг собиқ бошлиқ ўринбосари Бахтиёр Райимов Бош прокуратура сўровига асосан ҳибсга олинган. Божхона қўмитасида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Райимов республика бўйича Божхона қўмитасига оид омборларнинг собиқ Бош прокурорга оид бизнес тизимларига қонунсиз бериб қўйганликда гумон қилинмоқда.

Божхона қўмитаси кадрлар бўлимидаги мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ Райимов 21 февраль куни эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган. Райимов қўмита раисининг 1-ўринбосари сифатида Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси, Божхона текширувлари ва суриштирувлари бошқармаси ва Ҳуқуқий бошқармалар фаолиятини назорат қилган.

Ушбу мақола устида ишланаëтган айни куни Озодликка президент Мирзиëевнинг Божхона қўмитасидаги ўзгаришлар ҳақида ëпиқ мажлисда айтган гаплари ëзилган аудио етиб келди.

Айнан қайси мажлисда айтилгани очиқланмаган бу баëнотида президент Муиджон Тоҳирийнинг 1-ўринбосари Бахтиëр Райимов устидан жиноий иш очилганини айтади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00
Бевосита линк

Соат карусели

ИИВлигида ишлайдиган мулозимга кўра¸ ўтган ҳафта “Қодировники деб билинган Flagman савдо тармоғининг “Ҳабибулло подарочний” деб танилган иш бошқарувчиси қўлга олинган. Қодиров пулларини ювган банк эгаси дея кўрилган Фарҳод Мамажонов қўлида ишлаган тадбиркор иддаосига кўра¸ Flagman савдо тармоғини Фарҳод Мамажонов ташкил қилиб¸ ичини қимматбаҳо моллар билан тўлдириб берган.

"Айнан Фарҳод Тошкентнинг Навоий кўчасида қиммат соатлар ҳамда Сваровский буюмлари савдоси билан шуғулланувчи дўконларни Қодиров оиласи учун ташкил қилиб берди. Фарҳод прокуратура органларига “иши тушган” фуқароларга ушбу дўконларда сотилувчи 100 000 долларлик соатларни Рашитжон Қодировга “совға” сифатида беришни маслаҳат бериб келган.Кейинчалик “совға” қилинган ушбу соатлар Фарҳод орқали дўконларда қайта сотувга қўйилган. Ҳаттоки, айрим қиммат соатлар 4-5 мартагача қайта сотилган¸ дея иддао қилади Фарҳод Мамажонов қўлида ишлаган тадбиркор.

Дубайдан қайтиш

5 март куни Озодликка маълум бўлишича Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консули Мансур Қиличев ҳам собиқ Бош прокурор устидан очилган жиноий иши доирасида Тошкентга сўроққа чақиртирилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодлик билан суҳбатда Мансур Қиличевнинг Дубайдан Тошкентга қайтиб келганини айтиш билан кифояланди.

Озодлик 15 йил давомида Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб ишлаган Рашитжон Қодиров устидан очилган жиноий иш жараëнига оид тафсилотларни ўрганишда давом этади.

Бу жараëнга оид маълумотларни Озодлик билан ўртоқлашинг!

XS
SM
MD
LG