Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:42

Қирғиз-Қозоқ чегарасида назорат кучайтирилганига 7 кун бўлди. Ўзгариш йўқ


Қирғиз-Қозоқ чегарасидаги "Ак-Жол"назорат пункти. 2017, 13 октябрь.
Қирғиз-Қозоқ чегарасидаги "Ак-Жол"назорат пункти. 2017, 13 октябрь.

Остона Қозоғистон-Қирғизистон давлат чегарасида назоратни кучайтирганига 7 кун бўлди. Қирғизистон Давлат чегара хизматига кўра, чегарадан чекловлар жорий қилингунга қадар бир кунда ўртача 8 176 киши, 662 та транспорт воситаси ўтган бўлса, сўнгги кунларда бу кўрсаткич кескин камайган. Мана шундай вазиятда Остона билан Бишкек ўртасида "баёнотлар кураши" бошланди.

Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги “Қозоғистон томони Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳуқуқ меъёрларига риоя қилмаётгани” тўғрисида баёнот тарқатди.

Бундай баёнотга Қозоғистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтиш пунктларида юзага келган вазият ҳамда мамлакат юк ташувчилари ва тадбиркорлари тўқнаш келаётган муаммолар сабаб бўлгани айтилди.

“Қозоғистон томонидан барча ўтиш пунктларида жорий этилган қўшимча назорат ЕОИИ тўғрисидаги Шартноманинг асосий тамойил ва мақсадларига мос келмаслиги ҳамда Евроосиё иқтисодий интеграцияси мақсадларини таҳдид остига қўяётгани” айтилган баёнотда.

Шу муносабат билан Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги Евроосиё иқтисодий қўмитаси Ҳайъати раиси Тигран Саргсян номига тегишли мактуб йўллади. Мактубда ЕОИИ тўғрисидаги Шартноманинг амал қилиш тўғрисидаги 2014 йил 29 майда қабул қилинган қоидаларига Қозоғистон томони риоя этилиши юзасидан огоҳлантириш берилиши ва мазкур масала ЕИҚ Ҳайъатининг яқин орадаги мажлисларидан бирида кўриб чиқилиши сўралган.

Айни пайтда Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Тимур Сулейменов Қозоғистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятга сиёсий тус беришдан тийилишга чақирди. Қозоғистон томонидан “Евроосиё иқтисодий комиссияси таомилларининг бузилиши” ҳақидаги айтиб ўтилган айбловни эса, асоссиз деб баҳолади.

«Ҳар қандай мамлакатда, ўйлашимча, ўзининг ички иқтисодий ва бошқа хил манфаатларини ҳимоя қилиш зарур бўлганда ички чоралар кўрилиши мумкин. Фикримча, ҳеч бир нарсага сиёсий руҳ беришга ҳожат йўқ, шунчаки биздаги ҳам, Қирғизистон тарафдаги ҳам барча тегишли манфаатдор идоралар тезкор ишлашни давом эттириб, муаммони ҳал қилиши зарур”, - деган Тимур Сулейменов.

Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазирига кўра, Қозоғистон ўз қонунчилиги доирасида амал қилмоқда. “Шу жумладан, биз ЕОИКдан зиммамизга олган мажбуриятлар доирасида ҳам. Ҳар бир тараф ўтириб, мавжуд муаммони муҳокама қилиш учун Евросиё олий иқтисодий кенгашига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. – деди Сулейменов.

Вазирнинг айтишича, қарор фақатгина консенсус асосида қабул қилинади, яъни тарафлардан бири таклиф қилинаётган қарога рози бўлмаганда қарор қабул қилинмайди.

Қирғиз-қозоқ чегарасида вазият 10 октябрдан мураккаблаша бошлаган. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, ўтган сешанба оқшомидан Қозоғистон назорат-ўтказиш масканидан ўтаётган шахслар ва транспорт воситаларини қаттиқ текшира бошлаган, бунинг натижасида ўтказиш пунктларида турнақатор навбатлар вужудга келган.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, йирик ва ҳамиша гавжум бўладиган «Ақжол-Автойўл», «Ақ-Тилек» автойўл ўтиш пунктларида Қозоғистон томонидан чекловлар жорий қилингунга қадар бир кунда ўртача 8 176 киши, 662 та транспорт воситаси ўтарди.10 октябрдан бошлаб мазкур Назорат-Ўтиш пунктлари орқали бир кеча-кундузда Қирғизистондан Қозоғистонга 3 446 киши ва 357 та транспорт воситаси ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG