Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:05

Суриштирув: Назарбоевнинг хайрия фондлари орқали кўздан пана қилинган миллиардлари


Суриштирув ҳулосасига кўра, Назарбоев тўрт хусусий хайрия фонди орқали умумий қиймати камида 8 миллиард долларга тенг активларни назорат қилади.
Суриштирув ҳулосасига кўра, Назарбоев тўрт хусусий хайрия фонди орқали умумий қиймати камида 8 миллиард долларга тенг активларни назорат қилади.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ўзига ҳисобдор фондлар тармоғи орқали банклар, меҳмонхоналар, телеканаллар, савдо марказлари ва ҳоказоларни ўз ичига олган йирик активларни назорат қилади, дейилади Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) ҳамда Kloop.kg ва Vlast.kz нашрларининг янги суриштирувида.

19 январь куни суриштирувчи журналистлар эълон қилган мақолада айтилишича, Назарбоев тўрт хусусий хайрия фонди орқали умумий қиймати камида 8 миллиард долларга тенг активларни назорат қилади.

Суриштирувга кўра, активлардан айримларини собиқ президентга яқин ва у иқтидорда бўлган даврда катта бойлик орттирган олигархлар берган, фондлар томонидан кейинроқ сотиб олинган баъзи хусусий ширкатлар эса Қозоғистон ҳукуматидан пул олиб турган.

Назарбоев фондларининг миллиардлаб бойликлари “қоғоз”да унга тегишли эмас, бироқ у, ташкилотларнинг асосчиси ўлароқ уларни назорат қилади, деб ҳисоблайди суриштирув муаллифлари.

“Назарбоевнинг кўп йиллик бошқарув даврида мамлакат табиий захираларининг сотилиши аксар қозоғистонликларнинг турмуш даражасига деярли таъсир этмади.

Бироқ, айни чоғда президент оиласи аъзолари ва унга содиқ мулозимлар дохил миллиардерларнинг тор доираси шаклланди. 2019 йилда Назарбоев президент лавозимини вориси – Қасим-Жомарт Тоқаевга бўшатиб бериб, Хавфсизлик кенгаши раислигига ўтганидан кейин ҳам вазият ўзгаргани йўқ.

Январь ойининг илк кунларида суюлтирилган газ қимматлашганига қарши Қозоғистон ғарбида бошланган намойишлар қисқа фурсатда бутун мамлакатни қамраб олган оммавий норозиликка айланиб кетиши сабаби шунда – одамлар сиёсий ўзгаришларни талаб қилишди, уларнинг эътирозлари аниқ бир шахсга қаратилганди.

Оломон “Чол, кет!” дея ҳайқирди, ижтимоий тармоқларда эса ерга ағдарилган Назарбоев ҳайкали сурати тарқалиб кетди”, деб ёзади суриштирув муаллифлари.

Журналистлар ушбу тўрт фонднинг номларини очиқлашган: “Назарбоев Фонд”, “Нурсултон Назарбоев фонди”, “Фонд Демеу” ҳамда “Елбаси Фонд”. Улар кўп миллиардли активларга эгалик қилишгани ҳолда йиллик ҳисоботларни эълон қилишмайди, мулкларининг бир қисмини чет элдаги шубҳали тижорат тузилмалари панасига яширишади.

Номлари охирида қайд этилган икки фонд, афтидан, очиқ фаолият олиб бормайди, нариги иккиси эса маърифий, ижтимоий ва ватанпарварлик лойиҳаларини тарғиб қилиш билан қозоқ ҳукуматпараст ОАВларидан олқиш олиб туради.

“Назарбоев Фонд” 2009 йилда таъсис этилган, уни Назарбоев интеллектуал мактаблари ва Назарбоев университети боғлиқ, деб билишади. 2019 йилда Назарбоев президент лавозимидан кетгач, фонд инвестициялар билан жиддий шуғуллана бошлади ва президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Адилбек Жаксибеков оиласи назоратида бўлган йирик банкни (“Цеснабанк”), шунингдек онлайн-савдо платформасини, омборхоналар, савдо марказлари ва ҳатто макарон фабрикасини сотиб олди, дейилади суриштирувда.

Журналистларга кўра, “Назарбоев Фонд” Қозоғистондаги йирик мобил алоқа операторларидан бири бўлмиш KCell акцияларининг 24 фоизини яширинча сотиб олиш учун Люксембургдаги ношаффоф корпоратив тузилмалардан фойдаланган.

Назарбоевнинг нариги уч фонди ҳам у президент лавозимидан кетганидан сўнг фаол ҳаракат қилишга ўтган. Суриштирувда қайд этилишича, “Нурсултон Назарбоев Фонди” Швейцария авиаширкатидан 100 миллион долларга Airbus ACJ320neo учоғини сотиб олиб, Қозоғистонга импорт қилган. Ҳозирда учоқ президент маъмуриятининг ишлар бошқармасига бўйсунувчи Berkut Air давлат авиаширкати флоти таркибига киради. Аммо амалда мазкур ҳаво кемаси Назарбоевга хизмат қилади.

“Демеу” фонди активлари орасида Нур-Султон шаҳи марказида жойлашган “The St. Regis Astana” меҳмонхонаси борлиги айтилмоқда – у 2017 йил сентябрда очилган.

Суриштирувчилар “Нурсултон Назарбоев фонди” Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги “Rixos Beldibi” меҳмонхонасига эгалик қилишини таъкидлайдилар. Меҳмонхона турк ҳукумати томонидан сайёҳликни ривожлантириш учун Қозоғистонга тақдим этган ҳудудда қурилган.

Журналистлар маълумотига кўра, фонд активлари орасида яна бир меҳмонхона, гольф клуби, балет театри ҳамда бир неча ОАВ бор, хусусан, “Караван” газетаси фонднинг хайрия фаолиятини ёритиш билан шуғулланади.

OCCRP урғулашича, январь ойи бошларида бутун Қозоғистонни қамраб олган ва хунрезликларга уланиб кетган оммавий намойишлар чоғида Назарбоев, афтидан, “панада туришга қарор қилган”.

“Кўплаб одамларнинг қамоққа олиниши манзарасида Тоқаев Назарбоевнинг идора усулларини танқид қилди – бир неча ой муқаддам буни тасаввур қилиш ҳам маҳол эди. У Қозоғистон иқтисодиётини босиб олиб, мамлакатда тенгсизлик муаммосини вужудга келтирган бир тўда олигархни қоралади. Бироқ Назарбоев фондлари назоратидаги кўп миллиардли активлар нима бўлади, деган савол очиқ қолаётир”, таъкидлашади журналистлар.

18 январь куни Назарбоев бу йил ҳисобидан илк бор жамоатчиликка кўриниш бериб, Тоқаев билан унинг ўртасида ихтилоф мавжудлиги ҳақидаги тахминларни инкор этди ва ўзини ҳақли равишда дам олаётган “пенсионер” деб атади.

XS
SM
MD
LG