Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

Қозоғистонда аҳолининг сабр косаси тўлган эди


Қозоғистонда бир неча йилдан бери вазият танг бўлиб келади, бироқ оз сонли одам иштирокидаги норозилик акцияси оммавий намойишларга туртки бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Бугунга қадар Бош вазир лавозимидан кетди, намойишчилар ҳукумат биноларига бостириб кирди ҳамда полиция ва аскарларни қуролсизлантиришга муваффақ бўлди.

Жанаўзендаги намойишдан олдин ҳукуматдаги коррупция, табиий ресурсларга бой мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол ҳамда сайловлар эркин ва адолатли ўтказилмаслигидан умидсизланган қозоғистонликларнинг сабр косаси тўлиб бўлган эди.

Қозоғистон халқи авторитар ҳукуматнинг амалга ошмай қолган ваъдаларию ислоҳотлар ҳақидаги қуруқ гап-сўзларидан тўйганди.

2016 йилнинг баҳорида Қозоғистон бўйлаб минглаб одамлар ҳукуматнинг ерни хусусийлаштириш борасидаги ислоҳотларига қарши намойишга чиққан эди. Ўшанда таклиф қилинаётган ислоҳотлар Қозоғистондаги ерларни хорижликлар, хусусан, хитойликлар сотиб олишига замин яратиши ҳақида миш-миш тарқалган эди.

Аммо мамлакатда бошқа муаммолар ҳам бисёр эди.

Намойишчиларнинг энг муҳим талабларидан бири миллий валюта тeнгeнинг кескин қадрсизланиши ортидан хориж валютасида кредит олгани учун мушкул вазиятга тушиб қолганларнинг қарзини енгиллатиш эди.

2015 йил охирида тенге курси 1 долларга нисбатан 182 тенгедан 340 тенгега тушиб кетган эди. Бундай инфляция деярли ҳар бир қозоғистонликка таъсир кўрсатди ва 2016 йил баҳорида норозилик намойишига чиққанлар сони кўпайишига сабаб бўлди.

Ҳукумат ер ислоҳоти бўйича таклифдан воз кечди, қарздорлар аҳволини енгиллатиш учун банклар билан ҳамкорлик қила бошлади, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларни ошириш йўлида чора кўрди.

Аммо бу чоралар аҳоли муаммоларини фақат қисман ҳал қилди.

2019 йил март ойида Қозоғистоннинг биринчи ва ўша пайтгача ягона президенти Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди ва бошқарувни эски дўсти ва тарафдори Қасим-Жомарт Тоқаевга топширди.

Тоқаев кўрган илк чоралардан бири пойтахт Остона номини Назарбоев шарафига Нур-Султон деб қайта номлаш бўлди. Шунингдек, Тоқаев Назарбоевнинг қизи Дариғани мамлакатдаги иккинчи энг юқори лавозим ҳисобланувчи сенат спикери лавозимига тайинлади.

Бу чоралар Назарбоевлар оиласининг узоқ ҳукмронлиги тугади, деб ўйлаган кўплаб қозоғистонликни ғазаблантирди. Айримлар пойтахт қайта номлангани ва Дариға юксак лавозимга тайинланганига қарши намойишга чиқди.

2019 йилнинг 9 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайлови арафасида ва сайлов ортидан яна норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Тоқаев ўзгаришларни ваъда қилган бўлишига қарамай, Назарбоев янги тузилган Хавфсизлик Кенгаши котиби сифатида Қозоғистон сиёсатидаги асосий куч бўлиб қолди.

Энг муҳими, Тоқаевнинг ислоҳотларни амалга ошириш уринишлари халқ кутгандан оз бўлди.

Коронавирус пандемиясининг авж олиши ҳукумат одамлар намойишга тўпланишига тўсқинлик қилиш учун баҳона бўлди.

Аммо 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтган Қозоғистон парламентининг қуйи палатасига сайловлар давомида яна норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Нодемократик сайловлардан мухолиф партиялар четлатилди, ҳукуматпараст партиялар эса ғолиб чиқди.

Халқ норозилигини кучайтираётган яна бир муаммо шундаки, қозоғистонликлар сенат аъзоларини сайлай олмайдилар.

Бу орада қозоқ тилига "кеттлинг" тушунчаси кириб келди. Ушбу инглизча сўз билан полициянинг шаҳар кўчаларида тўпланган одамларни тўсиб қўйиш ва ҳибсга олиш тактикаси назарда тутилади. Қозоқ полицияси айрим ҳолатларда намойишчиларни ўраб олиб, бир неча соат давомида қўйиб юбормади.

Шунингдек, мамлакатда оммавий митинглар тўғрисида янги қонун қабул қилинди. Унга кўра, ҳар қандай йиғилиш учун олдиндан ҳокимият розилигини олиш керак. Амалда ҳукумат сиёсатига қарши намойиш ўтказишни режалаштирган ҳеч бир гуруҳга бундай рухсат берилмади.

Бунинг ўрнига расмийлар фаоллар ва митинг ташкилотчиларига қарши профилактик рейдлар ўтказа бошладилар. Ижтимоий тармоқларда ташкил этилаётган намойишлар олдидан фаоллар ҳибсга олинди ва митинглар тугагунига қадар улар сохта айбловлар билан ушлаб турилди.

Бу орада аҳоли норозилигига сабаб бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг бирортаси тўлиқ ечим топмади. Айрим ижтимоий имтиёзлар берилган бўлишига қарамай, халқ талаблари қондирилмади.

2021 йилда деярли барча маҳсулот ва хизматларнинг нархи кўтарилди, натижада Қозоғистонда 20 йилдан ортиқ вақт ичида кузатилмаган кўламда ишчилар норозилик намойишлари ва иш ташлашлар бўлиб ўтди.

Иш ташлаган ходимларнинг айрим талаблари қисман бажарилди, лекин улар қониқмадилар ва кўп ҳолатларда яна иш ташладилар.

Назарбоев ҳокимиятдан кетгач, Қозоғистонда янги давр бошланади, аҳоли сиёсатда каттароқ роль ўйнай бошлайди ва ҳаёт даражаси яхшиланади, деган умидлар пайдо бўлди. Аммо Тоқаев даврида бу умидларнинг бирортаси амалга ошмади, натижада ҳафсаласи пир бўлган аҳоли оммавий норозилик намойишларига чиқди.

Энергия ресурсларига бой бўлган Қозоғистонда кўпчилик ҳамон зўрға кун кечиради. Бу орада Назарбоевнинг оиласи ва дўстлари тўплаган улкан бойлик ва уларнинг дабдабали ҳаётлари ҳақида тобора кўпроқ хабар тарқалди.

Қозоғистон мавжуд сиёсий тизим халқни ўзига яқинлаштирмайди.

Бир нечта мухолифат гуруҳи янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказишга уриниб кўрди, аммо бу уринишларнинг бирортаси самара бермади.

2021 йилнинг ёзида ҳозирги кунда давом этаётган норозилик намойишлари бошланган Жанаўзенда ҳукумат юборган амалдорларни намойишчилар писанд қилмагани ва айрим ҳолларда қувиб юборгани эътиборга лойиқдир.

Ўшанда ҳукуматпараст икки партия расмийлари иш ташлаган нефтчилар билан учрашиш учун борган эди. Депутатларнинг "Биз сизлар сайлаган депутатлармиз", деган гапига жавобан ишчилар "Сизлар тайинлангансизлар, сизларни халқ сайлагани йўқ", дейишди.

Бундай кайфият бутун Қозоғистонни қамраб олганга ўхшайди.

Қозоғистонда сўнгги йилларда қозоқча "шал, кет" чақириғи тобора кўпроқ янграмоқда.

Ҳозирги кунда давом этаётган норозилик намойишлари Қозоғистон учун мисли кўрилмаган ҳодиса бўлиб, улар аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончсизлигининг яққол ифодасидир.

Афтидан, мулозимларнинг чала ваъдаларию қисман ён беришлари бу сафар етарли бўлмайди.

XS
SM
MD
LG