Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

"Бизнинг ғаллани олмай қўйди". Қозоқ тегирмончилари нега Россия буғдойини афзал кўрмоқда?


Қозоқ ғаллакорлари учун 2023 йил камҳосил бўлди, боз устига буғдой сифати паст – катта қисми емга чиқиб кетяпти. Маҳаллий тегирмончилар қозоқ ғалласидан Россия буғдойини афзал кўришмоқда. Бунинг сабаби нимада?

“Ун ишлаб чиқарувчилар бизнинг ғаллани олмай қўйди”

Бу йил қозоғистонлик деҳқонлар 11,3 миллион тонна буғдой олишди, ҳолбуки ўтган йили 15,6 миллион тонналик хирмон кўтарилганди. Шу 11,3 млн тонна тегирмонлар ишлаб туриши ва ички бозор талабини қондириш учун етиб-ортади. Аммо икки йилдирки, айрим тегирмонлар тўхтаб қолган. Қозоқ ун ишлаб чиқарувчилари ички бозорда буғдой нархи кўтарилиши манзарасида 2021 йилнинг кузидан бошлаб Россия хомашёсига ўтишди. Сабаби – Россия буғдойи арзонроқ.

“Россия ғалласи ҳамма солиқларни чегириб ташлаганда ҳам 15-20 фоиз арзонга тушяпти. Боз устига, Россиядан ғалла олиб чиқаётганда давлат божи солинмайди. Қозоғистоннинг Петропавловск ва Россиянинг Омск вилоятларини олайлик: иқлим шароити икковида бир хил, лекин Омскда ҳосилдорлик юқори ва дон арзон. Бизнеснинг вазифаси – харажатларни мумкин қадар камайтириш, шу боис ҳам тегирмончилар ғаллани қўшни мамлакатдан сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Ўзимизнинг хомашёни қайта ишлашга чўчишади, чунки қозоқ буғдойидан янчилган ун қимматга тушади ва улар бозорда рақобат қила олмай қолишади”, дейди “Қозоғистон ғаллани қайт ишловчилар иттифоқи” ЮШТ таъсисчилар кенгаши раиси Евгений Ган.

Ўзбекистонда нон қимматлади: сабаб ва оқибат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:59 0:00

Қозоғистон ун тортиш саноатини ҳавас қилса арзигулик соҳага айлантириш мумкин эди, дейди эксперт. Бироқ 2010 йилдан бошлаб экспорт ҳажми камайиб бораётир. Қиёслаймиз: 2010-2012 йилларда Тожикистонга 451 минг тонна етказиб берилган эди, ўтган йили эса бу рақам атиги 63 минг тоннани ташкил қилди, Ўзбекистонга 1,2 млн тонна ун сотилган эди, ўтган йили бу кўрсаткич 427 минг тоннага тушиб кетди. Тегирмончиларнинг жонига Афғонистон ора киряпти – фақат шу мамлакатга ун экспорти ортаётир.

“Тан олишимиз керакки, илгари Қозоғистон ун экспорт қилиш бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлган бўлса, ҳозирда Россия ва Ўзбекистон билан рақобат қилишимизга тўғри келяпти. Айрим ишлаб чиқарувчилар тегирмонларини тўхтатмоқда, чунки Россиядан темир йўл орқали ғалла олиб чиқишда чеклов мавжуд. Лекин, барча тегирмончилар фақат қозоқ буғдойидан ун тортганларида эди, биринчи куниёқ менинг телефоним журналистларнинг қўнғироқларидан портлаб кетган бўларди”, дейди Евгений Ган.

Октябрда Қозоғистон темир йўллари (ҚТЙ) четдан 150 минг тонна буғдой ташиб келтиришга буюртмани қайтарди. “ҚТЙ-Юк ташувлари” МЧШ бош директори Владимир Петров октябрда 341 минг тонна дон ташиб келишга буюртма бўлганини, шундан фақат 190 минг тонна юк бўйича келишув қилинганини билдирди.

Қозоғистон Ғалла иттифоқи вакили Евгений Карабанов ҚТЙнинг катта ҳажмда ғалла ташиб келтириш буюртмаларини рад этаётгани ҳукуматнинг маҳаллий хомашё нархлари тушиб кетишига қарши чораси бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Бу қисман ҳукумат тарафидан уюштирилгандек туюляпти менга. Бизнинг ғалламиз арзонлаб кетмаслиги учун дон импортини чеклаб туриш керак. Шусиз ҳам фермерлар қуруқ ёз ва ўрим вақтидаги ёмғирлардан анчагина зарар кўришди. Нархлар тушиб кетса, фермерлар хонавайрон бўлади. Ҳозирда нарх тоннасига 120-125 минг танга. Менимча, ҳукумат буни барча учун мақбул деб ҳисоблаяпти. Давлат ҳам фойда кўради, чунки инфляция бўлмайди. Фермерлар эса ҳосилни яхши баҳода пуллаб кўрилган зарарни қисман қоплашлари мумкин. Тўғри, Россия хомашёсида ишлаётган тегирмончиларга қийин бўлади, аммо бу ерда тегирмончиларни ёки фермерларни танлаш керак”, дейди ўз изоҳида Карабанов.

“Келажакдан хавотирдаман”

Павлодар вилоятилик фермер, “Ертис-Агро” агроширкати раҳбари Ерлан Тоқтишақов қарийб 30 йилдан бери қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Унинг фикрича, 2023 йил 30 йиллик фаолиятидаги энг камҳосил йил бўлган.

“Муаммолар йил сайин камаяди деб умид қилсам, акси бўляпти. Хўжалигимиз техника жиҳатидан бадастир: янги машиналаримиз, жиҳозларимиз бор. Лекин, афсуски, аномал об-ҳаво панд берди. Ёзда тупроқ ва ҳаво қуруқ бўлди, айни ўрим-йиғим палласида эса устма-уст ёмғир ёғди. Ҳосилдан барака учди, дон майда, хом ва яшилтоб бўлиб қолди. Ўтган йил билан солиштирганда ҳосилдорлик 5-6 бараварга камайди. Ғалла баҳоси эса атиги 30 фоизга ошди. Бу йил мен кўрган энг оғир йил бўлди”, дейди Ерлан Чапаевич.

Ёзда Павлодар вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 200 га яқин тадбиркор вилоятда фавқулодда вазият (ФВ) режимини жорий этишни сўраб президент Қасим-Жомарт Тоқаевга хат ёзганди. Маҳаллий деҳқонлар ҳосил кам битишини олдиндан билиб, кредит тўлашга пул тополмаймиз, дея арз қилишди.

“Октябрдан бошлаб кредит бўйича тўловларим кечикяпти. Декабрдан банклар бизни судга беради. ФВ режими бўлганида кредитлар муддатини узайтиришга асос бўларди. Биз қарзимиздан кечишларини сўрамаяпмиз, вақт ва ёрдам сўраяпмиз, лоақал субсидий беришсин, деяпмиз. Уруғлик, ўғит сотиб олиш, техникаларга хизмат кўрсатиш ҳақида гапирмайман ҳам, ҳозир энг асосийси – ишчиларга ойлик тўлаш. Қарзларингиз ўша-ўшаю даромадингиз беш-олти баравар қирқилишини тасаввур қилиб кўринг. Мен келажакни ўйласам қўрқувга тушяпман. Қозоғистон бутун Евроосиё минтақасини ғалла билан таъминлаши мумкин. Бизда ер ҳам, зироат илмини биладиган одамлар ҳам бор, бироқ додимизга қулоқ солгувчи йўқ. Акиматлар ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қулоғига пахта тиқиб олган”, шикоят қилади фермер.

“Фермерларга мадад берилмаса, ёмон бўлади”

Қозоғистоннинг бир йиллик озиқ-овқат эҳтиёжини қондиришга кўпи билан икки миллион тонна кифоя қилади.

“Биз ўз эҳтиёжимизни осонгина қондирамиз. Лекин фермерлар қандай жон сақлайди? Ун ишлаб чиқарувчиларнинг ярмидан ортиғи Россия буғдойини қайта ишлайди. Қўстанай вилояти ва шимолий ҳудудларда бу йил аҳвол аянчли. Деҳқонлар ростдан ҳам кўмакка муҳтож. Нима учун тегирмончилар буғдойни Россиядан келтиришишга мажбур бўлишмоқда? Ҳаммаси оддий. Россияда давлат фермерларни ғамхўрлик қилади, замонавий технологиялар жорий этишига, техника, ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари сотиб олишига ёрдамлашади. Бу ҳосилдорлик ошишига олиб келмоқда. Россия санкциялар остида қолганига ва уруш қилаётганига қарамай, атиги бир ой олдин базавий ставкани 8,8 фоиздан 13 фоизга оширди. Бизда эсау аллақачон 16,5 фоизни ташкил этади. Ана шу ставкалар кредит қийматини ва депозитлар қийматини белгилайди”, дейди Қозоғистон Ғалла иттифоқи вакили Евгений Карабанов.

Қозғистон шимолида ўз фаолиятини тўхтатиб, техникаларини сотиб, банкрот деб топиш учун судга ариза бераётган агроширкатлар бор. Қишлоқларда фермерлар асосий иш берувчи ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари тизим яратувчи бўлиб, инфратузилмаларни сақлашни ўз зиммасига олади. Табиийки, улар сонининг камайиши аҳолини бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур қилади.

“Одамлар иш ва умуман, яхши турмуш шароитини излаб шаҳарларга оқиб боради. Остона ва Олмаота тўлиб-тошди, миграцияга дош беролмаяпти. Бинобарин, ҳукумат қишлоқ хўжалиги корхоналари муваффақиятли ишлаб туришидан манфаатдорлигини кўрсатиши лозим, давлат фермерларга ёрдам қўлини чўзмаса, оқибати ёмон бўлади”, дея сўзини тугатади Евгений Карабанов.

2023 йил маҳаллий деҳқонлар учун оғир келганини Қозоғистон ҳукумати ҳам тан олади. Ноябр ойи бошларида бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин Қозоғистон фермерлар ассоциацияси раиси билан учрашиб, қурғоқчиликдан зарар кўрган ғаллакорларга кўмаклашиш чора-тадбирларини муҳокама қилди. Учрашувда субсидия бўйича қарзларни тўлаш ҳамда кредит ва қарзларни қайтариш муддатини узайтириш масалалари кўриб чиқилгани айтилмоқда.

“Ушбу чоралар агросаноат комплекси олдидаги вазифалар бажарилиши учун етарли эмаслигини тушунамиз. Шу боис, ҳозирда имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ҳажмини ошириш устида иш олиб боряпмиз”, деди учрашувдан сўнг Серик Жумангарин.

Мулозимга кўра, ҳукумат Агросаноат комплексини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган концепциясига суғориладиган ер майдонларини кўпайтириш ҳамда имтиёзли кредитлар ёрдамида қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилашни назарда тутувчи тузатишлар киритмоқчи.

Форум

XS
SM
MD
LG