Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Тоқаев Путиннинг Остонага ташрифида "яхшилик аломати"ни кўрди


Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев. Остона, 9 ноябрь, 2023
Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев. Остона, 9 ноябрь, 2023

9 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Уни аэропортда қозоғистонлик ҳамкасби, президент Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олди.

Россия президентининг Остонага сафари Ғарбнинг минтақага қизиқиши кучайган бир паллага тўғри келди.

Путин Остонага 9 ноябрь куни эрта тонгда етиб келган – расмий матбуотда Тоқаев уни аэропортда кутиб олгани акс этган кадрлар эълон қилинди. Куннинг иккинчи ярмида Оқўрда қароргоҳида меҳмонларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Оқ Ўрдадаги тантанали маросимдан сўнг видеоалоқа орқали икки давлат президентлари жорий йилда Қозоғистон шимолидаги Костанай шаҳрида ўтказилаётган 19-минтақалараро ҳамкорлик форумини очиб берди.

Тор доирадаги учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев меҳмонларни қутлар экан, шундай деди: “Бугун эрта тонгда Остонага келганингизда осмонда ёрқин юлдузлар ҳамроҳлигида ярим ой пайдо бўлди – бу камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Ишонаманки, бу яхшилик аломати”.

Учрашувда Россияга қарши санкциялар оқибатлари ва Украинада давом этаётган уруш муҳокама қилинган ёки йўқлиги аниқ эмас. Журналистлар президентлар учрашувининг очиқ қисмини алоҳида хонада ўрнатилган мониторлар орқали кузатиши мумкин эди.

Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари аъзолари нутқи “Хабар 24” давлат телеканали орқали намойиш этилди. Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангариннинг айтишича, Қозоғистоннинг Россия билан савдо айланмасининг учдан биридан кўпроғи чегара вилоятларга тўғри келади.

Форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, у, жумладан, Россия компаниялари шакар ишлаб чиқариш корхоналарини сотиб олгани ва Қозоғистон жанубида иссиқхона мажмуаларини очаётганини таъкидлади.

Расмий, шунингдек, Қозоғистондан Россия шаҳарларига, хусусан, Челябинск ва Новосибирскка парвозларни ошириш бўйича келишиб олинаётганини айтди.

Остонадаги учрашув Франция президенти Эммануэл Макроннинг Қозоғистонга ташрифидан 10 кун ўтмай бўлиб ўтди. Reuters таъкидлаганидек, Макроннинг ташрифи Москванинг норози нигоҳи билан кутиб олинган. Bloomberg нашри Макроннинг гўёки Марказий Осиёни Путиндан узоқлаштириш истаги ҳақида ёзди.

Ноябрь ойи бошида Остонага “Путиннинг дўсти” Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам ташриф буюрган эди.

Россия президентининг ташрифи, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва АҚШ президенти Жо Байденнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган учрашувлари ва шу ой охирида уларнинг Германияга сафари ортидан кузатилмоқда.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

1 ноябрь - Франция президентининг Қозоғистонга ташрифи куни Санкт-Петербургдаги саммит доирасида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбари Алексей Миллер билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Унда газни геологик қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва етказиб бериш назарда тутилган.

Декабрь ойида Европанинг Россия нефтига қўйган эмбаргосидан сўнг Европа нефтни қайта ишлаш заводлари учун Қозоғистон нефти муқобил манбага айланди. Қозоғистон табиий ураннинг тасдиқланган заҳиралари бўйича ҳам жаҳон етакчилари қаторида – расмий маълумотларга кўра, бутун тасдиқланган жаҳон заҳираларининг қарийб 14 фоизи Қозоғистондадир.
Владимир Путин сўнгги ҳафталарда Марказий Осиёга иккинчи бор ташриф буюрмоқда. Октябрь ойида у МДҲ саммитида иштирок этиш учун Қирғизистон пойтахтига борганди.

Бир неча кун олдин Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Путиннинг туғилган куни муносабати билан Москвага бориб, у ерда жанубга Россия газини етказишга старт бериш маросимида қатнашган эди.

Путиннинг ташрифи нефт ва газ билан чекланмаган.

“Казахстанская правда” газетасига берган интервьюсида Путин “Қозоғистонда рус тилини ўрганишга бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани” ҳақида гапириб, қўшни икки давлат қўшма таълим инфратузилмасини кенгайтириш ниятида эканини ҳам қўшимча қилди.

Бу Украинага босқин бошлангандан бери Путиннинг Қозоғистонга биринчи марта ташриф буюриши эмас. Ўтган йили у 2022 йил сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида иштирок этган эди. Россия раҳбарининг Қозоғистонга бу галги ташрифи Халқаро жиноят суди уни ҳибсга олиш учун ордер берганидан кейинги биринчи ташрифдир.

ОАВ Россия раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи кузда режалаштирилгани ҳақида баҳорда хабар берган эди. 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖМ) Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан украиналик болаларни Россияга ноқонуний ўтказишда айблаб, ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Қозоғистон Халқаро жиноят судини ташкил этган халқаро шартнома – Рим статутини имзоламаган, демак суд қарори Қозоғистонга тааллуқли эмас.

OzodNazar: Россиядан газ келяптими? Ўзбекистон қишга қандай киряпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:52 0:00

Қозоғистон ва Россия дунёдаги энг узун қуруқлик чегараларига эга. Республика қитъадаги энг сув танқис ҳудудлардан бири сифатида кўп жиҳатдан қўшни давлатнинг сув сиёсатига боғлиқ.

Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига ҳам қўшилган. Қозоғистон умумий савдо айланмасининг деярли бешдан бир қисми Россия чекига тушган.

2022 йил якунига кўра, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 27 миллиард долларни ташкил этди, шунинг салмоқли қисми (17,9 миллиард доллар) импортга тўғри келади.

Форум

XS
SM
MD
LG