Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Ўзбекистондан Беларусгача. Қозоғистондаги намойишлар - қўшни автократияларга "мужда"


Қозоғистондаги намойишлар дастлаб 2 январь куни ёқилғи нархи кўтарилишига қарши норозиликдан бошланиб, тез орада бутун мамлакатга ёйилди.
Қозоғистондаги намойишлар дастлаб 2 январь куни ёқилғи нархи кўтарилишига қарши норозиликдан бошланиб, тез орада бутун мамлакатга ёйилди.

Қозоғистондаги аксилҳукумат намойишлари ва уларни бостириш учун КХШТ кучларининг киритилиши Ўзбекистондан Беларусь ва Россиягача – постсовет ҳудудидаги автократияларда Марказий Осиёнинг энг бой мамлакати қандай қилиб жар ёқасига келиб қолгани ҳақидаги хавотирли саволларни пайдо қилди.

Дастлабки тинч норозилик 2 январь куни ёқилғи нархи кескин кўтарилиши ортидан бошланиб, тез орада бутун мамлакатга ёйилди ва катталашгани сайин сиёсийлашиб, президент Тоқаев ҳамда унинг салафи – давлатни 30 йил идора қилган ва 2019 йилда истеъфога чиққанидан кейин ҳам катта ҳокимиятни қўлида сақлаб қолган Нурсултон Назарбоев норозиликнинг асосий нишонига айланди.

Қимматчилик, иқтисодиётдаги мавҳум истиқбол, ялпи коррупция ва автократ режимдан норозилик оммавий тартибсизликларга олиб келдики, натижада минглаб номаълум одамлар ҳукумат биноларини, телестудиялар ва аэропортларни босиб олишди.

Шароф Убайдуллаев: "Қозоғистон бизга жиддий сабоқ бўлиши керак"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:38 0:00

Қозоқ ҳукуматининг КХШТдан мадад сўрагани ва “аксилтеррор амалиёти” баҳонасида намойишчилар устига ўз армиясини ташлагани постсовет макондаги кўплаб давлатлар учун муждадир, зеро улар бу каби воқеаларни режимнинг мустаҳкамлигини текширувчи синов – имтиҳон ўлароқ қабул қиладилар.

Бу биринчи галда Россияга тааллуқли: президент Путин 2014 йилда Украинада ва 2020 йилда Беларусда юз берган кремлпараст ҳукуматларга қарши оммавий намойишларни эслаб, иккиланмасдан қозоқ ҳукуматига мислсиз ҳарбий ёрдам беришга рози бўлди.

“Москва Тоқаевнинг кетишига йўл қўяди, деб ўйламайман. Аксинча, Кремль Қозоғистондаги режимни сақлаб қолиш учун ҳар нарсага тайёрлигини кўрсатмоқда”, дейди Габуев.

Қўшниларнинг муносабати

Қозоғистондаги инқироз ташқи кучларнинг аралашуви билан юзага келганига ҳеч қанақа далил йўқ, аммо қозоқ ҳукумати воқеаларни айнан террорчилар тажовузи дея талқин қилдики, бу КХШТ кучлари киритилиши учун етарли асос бўлди.

КХШТ қўшинлари киритилиши эълон қилинишидан сал олдин Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков хорижий мамлакат Қозоғистоннинг ички ишларига аралашмаслиги лозимлиги ҳақида баёнот берган эди.

Тоқаев 2020 йилда ўз халқининг демократик ҳаракатини шафқатсизларча бостирган ва ўшандан бери Россияга сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ўта қарам аҳволда қолаётган Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан ҳам гаплашди.

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаши ҳақида баёнот берди ва қозоғистонликлар “вужудга келган муаммоларни ўзлари мустақил енгиб ўта олади”, дея ишонч билдирди.

Хитой ҳам Қозоғистондаги вазиятдан ташвишдалигини билдирди, зеро Қозоғистон унинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида муҳим ўрин тутади ва ушбу мамлакатга миллиардлаб хитой сармояси жалб қилинган. 6 январда ХХР ИИВ расмий вакили Ван Вэньбин Қозоғистондаги воқеалар мамлакатнинг ички иши эканини ва Пекин вазият тез орада ўнгланишидан умидворлигини айтди.

Хитойдаги давлатга қарашли “Global Times” нашрининг собиқ бош муҳаррири Ху Сидзинь “Твиттер”да Қозоғистондаги тартибсизликларни 2003 йилда Грузияда ва 2005 йилда Украинада кремлпараст ҳукуматларнинг қулашига олиб келган намойишлар билан қиёслаб, улар “рангли инқилоб”га ўхшашлиги ҳақида ёзди. Унинг фикрича, “Россия ва Хитой Ғарбнинг Қозоғистонни давомли тартибсизликлар домига ташлашига йўл қўймайди”.

Янги давр

Қозоғистонда хаос жадал ёйилиши бутун минтақанинг кейинги тараққиётига таъсир этмай қолмайди. Тоқаев аввалига ёқилғи нархи устидан давлат назоратини тиклаб ва норозиликнинг асосий мақсади – Хавфсизлик кенгаши раҳбари Назарбоевни “истеъфога чиқариб”, намойишчиларга ён беришга уринди. Шунингдек, президент ҳукуматни ҳам тарқатиб, юқори лавозимларга янги одамларни қўйди.

Бироқ бу қадамлар Қозоғистон раҳбарияти бир неча ўн йилдан бери давом этаётган сиёсий ва иқтисодий тутумидан норози халқнинг ҳовурини боса олмади.

Назарбоевнинг 30 йиллик бошқарув даврида унинг дўстлари, қариндошлари ва иқтидордаги “Нур Отан” партияси сиёсий саҳна ва медиаоламни буткул забт этди. Мамлакатда ҳокимият илгари ҳам халқ норозилигини чекли ислоҳотлар ўтказиш ва ҳукуматда айрим кадрларни алмаштириш орқали бир қадар юмшатиб турган. Назарбоев 2019 йилда президент лавозимидан кетган бўлса-да, “элбоши” сифатида улкан расмий ва норасмий ҳокимиятни қўлида тутиб қолганди. Назарбоев ўзига ворис қилиб танлаган Тоқаев биринчи навбатда мамлакат пойтахти Астанани салафи исми билан “Нур-Султон” деб номлади.

“Қозоғистон режимни ўзгартирмаган ҳолда раҳбарни алмаштириш мумкинлигини кўрсатди”, дейди Британиядаги Глазго университети профессори Лука Анчески.

Қозоғистон сиёсий саҳнаси ҳар қандай кўзга кўринарли мухолифат етакчиларидан тозаланганки, бу намойишларнинг тўғри йўналишини ва кейинги ислоҳотлар учун бирлашиш имкониятини сўроқ остига қўйди.

“Намойишларнинг аниқ бир етакчиси йўқ, бирлашган мухолифат йўқ, бинобарин режим қайтадан оёққа тура олади”, деб ҳисоблайди АҚШ мудофаа университети ўқитувчиси Эрика Марат.

Қўшни мамлакатлар ушбу жараённи синчковлик билан кузатади.

“КХШТ мамлакатдаги бирон бир ички муаммони ҳал қилиб беролмайди, унинг иқтисодий ёки сиёсий аҳволини яхшиламайди. Балки авторитаризмни кучлантиради, бу эса келгусида норозилик ҳаракати қайтадан бошланишига замин яратади”, дея мулоҳаза қилади Марат.

XS
SM
MD
LG