Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Қозоғистондаги воқеалар Путиннинг Украина борасидаги режаларига таъсир қиладими?


Россия президенти Владимир Путин 10 январь куни Москва яқинидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳида видеоалоқа орқали Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида
Россия президенти Владимир Путин 10 январь куни Москва яқинидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳида видеоалоқа орқали Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида

Россия Қозоғистондаги ҳарбий аралашув орқали қўшни давлатда автократ раҳбарни кетказишга уринаётган халқ қўзғолонини бостиришга ёрдам берди.

Қозоғистонни қамраб олган оммавий норозилик намойишлари ва ундан кейинги тартибсизликлардан бир ҳафта ўтиб, ўйин Кремлнинг қоидалари бўйича кетаётганини кўриш мумкин.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга кўра¸ “хориж давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган “террорчилар тажовузи” ва давлат тўнтаришига уриниш натижасида юзага келган тартибсизликлар”дан сўнг мамлакатда яна осойишталик ўрнатилган.

Унинг айтишича, Қозоғистон президенти илтимосига биноан келган Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) қўшинлари Қозоғистон ҳукуматини муваффақиятли қўллаб-қувватлади.

АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчилари ва Россия ўртасида ҳозирги долзарб масалалар юзасидан бир қатор олий даражадаги музокаралар бошланар экан, таҳлилчилар Кремлнинг Қозоғистондаги тартибсизликларга муносабати Россия билан чегарадош Украина билан зиддиятга қандай таъсир қилиши мумкинлиги борасида турли фикрда.

"Бу Москвани муросага хайрихоҳ қилиши мумкин, негаки Кремль Қозоғистондаги иштироки учун бошқа муаммоларидан бироз бўшашига тўғри келади. Ёки ўз манфаатларига бошқа жабҳада таҳдид солинаётганини ҳис қилса, бу Россияни янада қатъийроқ бўлишга ундаши ҳам мумкин", деди Озодлик билан суҳбатда собиқ француз дипломати, Европа халқаро алоқалар кенгаши директори Мари Дюмулин.

Украина ва Қозоғистон бир-биридан олис бўлса‑да, иккала давлатни умумий совет ўтмиши ва Москва билан мураккаб муносабатлар боғлаб туради. Кремль ўзининг ҳарбий кучи ва энергия манбаларидан ўзининг ўтмишда бой берилган геосиёсий нуфузини тиклашга уринмоқда.

10 январь куни Женевада Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков бошчилигидаги делегация ва АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман бошчилигидаги АҚШ делегацияси ўртасида бошланган музокаралар чоғида Кремль қатор талабларини (НАТОнинг шарққа томон кенгаймаслиги, Украина ва Грузияни аъзо сифатида қабул қилмаслиги ва бошқа.) тақдим этди.

Баъзи таҳлилчилар Россиянинг хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги бу талабларини Москванинг тан олинган таъсир доирасига эришиш истагининг бир қисми сифатида баҳоламоқда. Россиянинг Қозоғистондаги воқеаларга тезкор аралашуви бунга ёрдам бериши мумкин.

"Мазкур омил қайсидир маънода Путиннинг имкониятларини кучайтиради", деди АҚШ миллий разведкасининг Россия бўйича собиқ ходими ва Жоржтаун университети профессори Анжела Стент Озодлик билан суҳбатда. “Бу Путин йиллар давомида илгари сурган, "Россиянинг собиқ Иттифоқ давлатлари билан алоҳида муносабатларини ташқи дунё ҳурмат қилиши керак" деган ғояни тасдиқлайди.”

Украина омили

Россия Украина чегаралари бўйлаб ўз ҳарбийларини тўплаши минтақа давлатлари учун катта хавотир туғдирди. АҚШ разведкаси буни яна бир эҳтимолий босқинга тайёргарлик кўриш деб атаган.

Украина шарқида давом этаётган можаронинг кучайиши билан боғлиқ хавотирлар Женевадаги музокараларда ва шу ҳафта охирида Брюсселда ўтадиган НАТО-Россия кенгаши ҳамда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида муҳокама қилинади.

АҚШ ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари агар Украинага қарши босқин бўлса, бу Россияга "қимматга тушишини" таъкидлаган. Хабар қилинишича, Россияга қарши молиявий, технологик ва ҳарбий санкциялар тўплами қисқа вақт ичида кучга киради.

6 январь куни Қозоғистонга ҳарбий юк учоғида жўнатиш учун тизилган Россия ҳарбий машиналари.
6 январь куни Қозоғистонга ҳарбий юк учоғида жўнатиш учун тизилган Россия ҳарбий машиналари.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг собиқ котиби Олександр Данйлюкнинг айтишича, Путин Ғарб олдига қўйган "ультиматум" – хавфсизлик кафолатлари ва НАТО кенгайишини чеклаш талаблари унинг ўзини "бурчакка тақаб қўйган". Қозоғистонга амалга оширилган интервенция Путинга тарангликни юмшатиш учун имкон яратди.

"Агар чегарадан чиқадиган бўлса, Қозоғистон Россияга ортга қайтишни таклиф қилади. Бу Украинага бироз вақт тин олиш имкониятини беради, лекин бу узоқ чўзилмайди", деди Данилюк 6 январь куни Атлантика кенгаши конференциясида.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича собиқ директори Пол Стронски ҳам худди шу фикрни билдирган.

Қозоғистонга киритилган Россия бошчилигидаги КХШТ кучлари 2500 аскардан иборат. Тоқаев ҳам, Путин ҳам миссия вақтинчалик бўлишини айтган.

“Бу, албатта, Кремль учун тўсиқ бўлиши мумкин, чунки бу Кремлнинг мавжуд режаларига бироз қўшимча юклайди. Лекин бу кичик контингент ва Россиянинг Украина чегараси яқинидаги фаолиятига сезиларли таъсир қилмайди”, – қўшимча қилди Пол Стронски.

Таъсир доиралари

Путин узоқ вақтдан бери Ғарбни Москвани чеклашга уринаётганликда айблаб келади. Қўшма Штатлар ва НАТОдан кафолат олишга интилишини Украина, Грузия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон каби давлатларда Кремлга хайрихоҳ авторитар режимларга қарши норозиликлар ортаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Путин ўзи стратегик деб ҳисоблаган Қозоғистондаги норозилик намойишларини ҳукуматга таҳдидга айланиб кетмасидан бурун бостиришга ёрдам берди. Бу Москвага содиқликни мустаҳкамлайди.

Россия аскарлари 7 январь куни КХШТ миссияси доирасида Қозоғистондаги аэродромга етиб келган.
Россия аскарлари 7 январь куни КХШТ миссияси доирасида Қозоғистондаги аэродромга етиб келган.

Путин 10 январь куни КХШТга аъзо давлатлар Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан видеоконференция ўтказди.

Тоқаевнинг олдинги сўзларини такрорлар экан, Путин Қозоғистондаги 164 кишининг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар хорижий кучлар аралашуви натижаси эканини таъкидлади ва КХШТ минтақага бўлажак тажовузларни бартараф қилиш учун чора кўриш лозимлигини айтди.

"КХШТ томонидан кўрилган чора-тадбирлар биз ҳеч кимга уйимиздаги вазиятни беқарорлаштиришга ва рангли инқилоб сценарийларини амалга оширишга йўл қўймаслигимизни аниқ кўрсатиб берди", деди Путин, 2003 йилда Грузия ва 2005 йилда Украинада кремлпараст етакчиларни мамлакатдан четлатган норозилик тўлқинларига ишора қилиб.

Қозоғистондаги шиддат билан кечган воқеалар Кремлни ва минтақадаги бошқа ўйинчиларни шошириб қўйди. Бироқ Москва вазиятга тезда мослашган кўринади.

“Қозоғистондаги воқеаларга аралашув шуни кўрсатдики, Россия анчагина тезкор ўйинчи ва ҳайрон қолдиришда давом этмоқда. Эҳтимол, бу Москванинг эътиборни бироз ўзгартиришига сабаб бўлгандир, аммо Кремль бир вақтнинг ўзида икки фронтда ҳам ҳаракат қила олади”, дейди Стронски.

XS
SM
MD
LG