Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Ўзбекистон бўйлаб энди врачларга қасам ичтирилмоқда (ВИДЕО)


Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу суратда Сирдарë вилоятидаги касалхоналардан бирида ўтказилган қасамëд маросими акс этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу суратда Сирдарë вилоятидаги касалхоналардан бирида ўтказилган қасамëд маросими акс этган.

Озодликка маълум бўлишича¸ шу кунларда бутун мамлакат миқëсида соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи “халат кийганнинг барчаси” тантанали равишда қасамëдга келтирилмоқда.

Озодликка юборилган қасамëд матнида шифокорлар "президент соғлиқни сақлаш тизимида қилаëтган ислоҳотларни амалга татбиқ қилиш¸ халққа муносиб тиббий хизмат кўрсатиш"га қасамëд қилади.

Сирдарë¸ Фарғона¸ Тошкент ва Бухоро вилоятлари тиббиëт бошқармалари расмийлари ўтган ҳафтадан бошлаб қасамëд тадбирлари ўтказилаëтгани ва қасамёд матнининг Тошкентдан юборилганини билдирди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими шундай жараëн бораëтганини тасдиқлаган ҳолда¸ унинг ташаббусчиси кимлиги¸ тадбир нима мақсадда уюштирилаëтганига оид саволларни очиқ қолдирди.

Сирдарë яна пешқадам

21 ноябрь куни Озодлик мухбирининг Сирдарë вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига куннинг иккинчи ярмида қилган қўнғироғи¸ гўшакни кўтарган мулозимга кўра¸ бутун вилоят касалхоналари бош врачлари тантанали қасамëд қилаëтган пайтга тўғри келди.

Ҳозир ҳамма бошлиқлар шу ерда. Бутун вилоят бўйича главврачлар чақиртирилган¸ қасамëд қилишаяпти. Вилоят телевидениеси ҳам шу ерда. Журналист бўлсангиз¸ сиз ҳам келинг”¸ деди бошқарма ходими.

Бу суҳбатдошга кўра¸ мазкур тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги ва ҳуқуқ тизимлари мутасаддилари иштирок этган.

Оддий врачлар ўз больницаси¸ ë туман райздравида қасамëд қилаяпти. Ички ишлар¸ ҳокимликдан одам бириктирилган”¸ деб қўшимча қилди бу мулозим.

Вилоят ички ишлар тизими расмийси¸ врачларга қасам ичтириш жараëнида бу тизим вакиллари ҳам қатнашаëтганини тасдиқлади ва жараëннинг соғлиқни сақлаш бошқармаси ваколатидан каттароқ даража - вилоят ҳокимлиги назоратида эканини билдирди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқда тепасига катта қилиб “Операцион бўлим” деб ëзилган эшик олдидаги залда қатор бўлиб тизилган оқ халат кийган врач ва ҳамшираларнинг қўлида матн ушлаб тургани акс этган сурат тарқаган ва унга “Сирдарëда врачлар ҳам президент ва ислоҳотларга садоқат ҳақида қасамëд қилди”¸ деган изоҳ ëзилган эди.

(16 ноябрь куни Сирдарë ҳокимлиги нашри¸ фермерларнинг ҳокимлик биноси олдида тантанали қасамëдга келтирилгани ҳақида суратлар билан мақола эълон қилган эди.)

Фарғона ва Тошкент вилоятида ўтган ҳафтадан бери қасам ичиш бормоқда

Фарғона ва Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ҳокимлиги расмийлари¸ “Тошкентдан келган топшириққа мувофиқ¸ врачлар қасамëд қилаëтганини" билдирди.

Фарғоналик мулозим¸ “қасамëдни асосан врачлар ичаëтганини" айтган бўлса¸ Тошкент вилоятидаги расмий¸ буйруқнинг “халат кийганнинг ҳаммасига” тегишли эканини таъкидлади.

Фарғона бошқармаси¸ жараëн тепасида вилоят ҳокимлиги тургани боис¸ жараëнга оид барча тафсилотни ҳокимликдан сўрашни тавсия қилди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги тизимида ишловчи масъул эса¸ “бунақа бемаъниликдан уялиб¸ айрим туманлар Тошкентга “қасамëд ичтирдик”¸ деган ҳисоб бериб қутулаëтганини айтди.

Озодлик боғланган қашқадарëлик врачлардан бири¸ ўзларига маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари олдида яқин кунларда “тантанали қасамëд қилиш” айтилганини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жараëнга ойдинлик киритмади

Вазирликнинг Озодлик боғланган расмийси¸ мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш тизими ходимларига қасамëд қилдирилаëтганидан хабари борлигини эътироф этди.

Аммо жойларда бунақа қасамхўрлик тадбирларининг қандай ўтаëтгани тафсилотларидан бехабарлигини билдирди.

Бу тадбир ташаббусчиси ким¸ деган саволга вазирлик масъули жавоб бера олмаслигини айтди.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳокимият тизимининг шахси очиқланишини истамаган расмийси¸ “врачларни қасамëд қилдириш муаллифини фермерларга қасам ичишни буюрган идорадан” излашни тавсия қилди.

Айни мулозим Озодлик билан аввалги суҳбатда фермерларга қасам ичтириш топшириғининг Вазирлар Маҳкамасидан тушганини билдирган эди.

Врачлар нима деб қасам ичмоқда?

Нусхаси Озодликка юборилган бир саҳифалик матнда¸ шифокорлар “ҚАСАМËД ҚИЛАМАН!” деган гапни 12 марта такрорлашга мажбурланади.

Шифокорлар учун ҳозирланган мажбурий қасамëд матнининг Озодликка юборилган нусхаси.
Шифокорлар учун ҳозирланган мажбурий қасамëд матнининг Озодликка юборилган нусхаси.

Ўзи қасам ичган фарғоналик врачнинг айтишича¸ бу маросим ҳам¸ фермерларники билан айни бир хилда – бир врач матнни баланд овозда ўқиши ортидан¸ бошқаларнинг жўр бўлиб¸ уни такрорлаши шаклида ўтказилган.

"Райздравга кел дейишди¸ бордик. Қўлимизга текст беришди¸ шуни баланд овозда ўқиб бердик¸ бўлди. Бундан олдин 1-курсда Гиппократ қасами ичгандик. Буниси нимага керак бўлганини ҳеч ким тушунтирмади¸ биз ҳам сўрамадик. Биласизку¸ бизда ҳамма ортиқча гап-сўздан қўрқади"¸ деди врач.

Матн давомида тиббиëт ходимлари¸ Ўзбекистон президенти олиб бораëтган ислоҳотларни амалга татбиқ қилишга¸ халққа муносиб тиббий хизмат кўрсатишга¸ беморлар дардига дармон бўлишга¸ коррупция ва таъмагирлик сингари салбий иллатларга йўл қўймасдан пок ва ҳалол ишлашга ҚАСАМËД ҚИЛАДИ.

Ўзбекистонда қасамëд фасли

16-22 ноябрь кунлари Озодлик Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ташаббуси билан мамлакат бўйлаб фермерларни ëппасига қасамëдга келтириш жараëни бўлаëтгани ҳақида хабар берган эди.

Деҳқон-фермерларга қасам ичтириш ижтимоий тармоқларда ҳайрат¸ масхара ва эътирозларга сабаб бўлди. Бу хабар ортидан тармоқларда турли мем ва пародиялар тарқай бошлади.

Бундан бир неча йил аввал¸ кўринишидан меҳнат муҳожирлари томонидан қилинган ҳажвий пародия айни кунларда ижтимоий тармоқларда ўз янги умрини бошлади.

Ўзбекча қасамëдга ўзбекча пародия
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:52 0:00

Врачларнинг ҳам қасамëдга келтирилаëтгани хабари ортидан тармоқларда янги ҳажвий постлар тарқай бошлади.

Ҳажвий матнлардан бири нусхаси.
Ҳажвий матнлардан бири нусхаси.

Озодлик мақоласида қасамëд ташаббусчиси Вазирлар Маҳкамаси экани айтилгани ҳолда¸ ҳозирча ҳукумат бу жараëнга оид бирор изоҳ бермади.

Бу жараëнга ҳозирча муносабат билдирган юқори ваколатли ҳокимият намояндаси Олий Мажлис Сенати аъзоси¸ Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бўлди.

Сенатор аëл ўз партияси расмий сайтида “Қасам билан ҳосил кўпаядими?” сарлавҳали мақола ëзиб¸ унда бундай тадбирларнинг демократик жамиятга хос эмаслигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG