Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Мирзиёев дорига оид кузги қарори оқибатларини бартараф этиш учун янги қарор имзолади


Ўзбекистон президенти 17 июль куни «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Шавкат Мирзиёев бундан қарийб 9 ой муқаддам, 2016 йилнинг 31 октябрида ҳам худди шу соҳага оид қарор қабул қилган ва сўнгги ойларда мамлакат фармацевтика бозорида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари тақчиллиги юзага келган эди.

Қарор "жиддий хато ва камчиликлар"ни тан олишдан бошланди

Президентнинг дори таъминотига оид янги қарори юзага келган вазият таҳлилидан бошланган ва унда “бир қатор жиддий хато ва камчиликлар” санаб ўтилган.

Шавкат Мирзиёевга кўра, энг биринчи камчилик будир:

ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш муддатлари сунъий кечиктирилмоқда, импорт қилишдаги ортиқча тартиб-таомиллар ички бозорда тақчилликни пайдо қилмоқда.

Мирзиёев вазиятни қандай ўнгламоқчи?

Қарорда санаб ўтилган “муаммоларни бартараф этиш, аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий тақчиллик ва нархларнинг ошириб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида” президент 2017 йил 1 августдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш ҳуқуқини истисно тариқасида “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонасига берди.

“Ўзмедэкспорт” тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси тасдиқлайдиган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан амалга оширади.

31 октябрдаги қарорда бундай эди:

“...ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар бир номдаги дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланадиган квоталар доирасида мамлакатимизда тегишли фаолият билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер ўтказиш асосида амалга оширилиши белгилансин”.

31октябрдаги қарорда мана бу меъёр ҳам бор эди:

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига рўйхатга киритилган импорт дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш учун тендер савдолари ўтказиш вазифаси юклансин”.

Янги қарорда аптекачилар учун янгилик бор

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 январга қадар дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш фаолиятини лицензиялаш бўйича янгиланган талаблардан келиб чиққан ҳолда дорихоналарнинг амалдаги лицензиялари қайта расмийлаштирилишини таъминласин”.

Янги қарорда истеъмолчилар учун ҳам янгилик мавжуд

Қарорда “бир ой муддатда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида ижтимоий дорихона тармоқларини ташкил этиш” назарда тутилган.

Қарорга оғишмай амал қилинадиган бўлса, бундан буён дорилар фақат рецепт асосида сотилади.

Янги қарор имзоланиши арафасидаги вазият

Шавкат Мирзиëев 2016 йилнинг 31 октябрида имзолаган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор 2017 йилнинг 7 мартидан кучга кирган ва орадан кўп ўтмай, мамлакатда 227 турдаги импорт дори-дармон воситалари тақчиллиги юзага чиққан, Озодлик бу ҳақда бир неча материал тайёрлаган.

17 июлдаги қарор ортидан Тошкентдаги дорихоналардан бирининг эгаси билан суҳбатлашдик. У ижтимоий аҳамиятга эга дорилар ҳақида гапираркан, бундай деди:

“Ундай дорилар аптекаларнинг 10 фоизидагина бор, дея оламан. Таниш-билиши бор, гапи ўтадиган кучли аптекачиларда бор, холос. Кўпчиликда йўқ”, деди аптекачи.

Унинг айтишича, ўша 10 фоизни ташкил қилувчи дорихоналар ижтимоий дориларни¸ чиндан ҳам¸ давлат белгилаб қўйган нархларда сотаяпти, бироқ уларнинг эгалари ижтимоий дорилардан кўраётган зарарини бошқа дориларни қимматлатиш орқали қоплаяпти.

Янги қарор дори тақчиллигига барҳам берадими?

Куннинг энг асосий саволи бўлган бу саволни “RigandFarmsintez” қўшма корхонаси бош директори, кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддиновга бердик.

31 октябрдан кейин мамлакат фармацевтика бозорида юзага келган вазиятни диққат билан кузатиб келаётгани, бу соҳадаги таклифларини мамлакат президентидан тортиб, вазирлик ва идораларгача етказишга урингани тўғрисида айтган профессор кечаги қарорни шарҳлар экан, саволимизга бундай жавоб берди:

“Дорилар пайдо бўлади. Лекин етарли бўлмайди. Эҳтиёжга яраша дорининг максимум 50 фоизини сотиб олишга бюджет имконияти бўлса керак. Ахир, Ўзбекистоннинг фармацевтика бозори - 1 миллиард долларлик улкан бозор”, деди профессор Нуриддинов.

Профессор Нуриддинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG