Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Қарши мактабининг 15 яшар аълочи ўқувчиси ўзини осиб ўлдирди


Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 22-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Мактаб ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, ўқувчи қиз 30 апрель куни саҳарда ўз уйи омборхонаси тўсинига осиқ ҳолда топилган. Суиқасд бўйича Қарши шаҳар прокуратураси жиноий иш очган.

Қарши шаҳрининг Хонтепа маҳалласида жойлашган 22-умумтаълим мактаби ўқувчисининг (ўқувчининг исм-шарифи Озодликка маълум, ахлоқ нуқтаи назаридан ошкор қилинмайди – таҳр.) 30 апрель куни эрталаб ўз уйида жонига қасд қилгани ҳақида шу мактаб ўқитувчиларидан бири Озодликка хабар берди.

Исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, 15 яшар ўқувчи қиз бир кун олдин мактабда ўтказилган тадбирда фаол қатнашган.

“Бу қиз мактабимизнинг аълочи ўқувчиларидан бири эди. Ҳамма тадбирларда фаол иштирок этиб келган. Ўша 29 апрель куни мактабда ўтказилган тадбирда ҳам янги кўйлак кийиб қатнашган. Тадбирдан чиқиб уйига кетган. Уйида бирор гап-сўз бўлганми ёки йўқ, бунисини билмаймиз. Лекин, эрталаб соат 4 ларда уйидаги омборхонага кириб, ўзини осган ”, деди Озодлик билан суҳбатда ўзини ўлдирган қизнинг ўқитувчиларидан бири.

Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими бу хабарни тасдиқлади.

“Биз мактаб директори, синф раҳбари билан гаплашдик. Улар ўқувчи қизнинг ўзига тинч оиладан бўлганлигини, отаси тадбиркор, онаси ўқитувчи эканлигини, ўқувчи қиз билан ўқитувчилар ўртасида ҳеч қандай конфликт бўлмаганини айтишди. Қизнинг ота-онаси ҳам ҳеч бир сабаб кўрсата олмаяпти. Айни пайтда бу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 103 – “Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” моддаси бўйича жиноят иши очилган бўлиб, уни Қарши шаҳар прокуратураси тергов қилмоқда”, деди мулозим.

Қарши шаҳар прокуратурасидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади - бу иш билан шуғулланаëтган терговчи мазкур иш бўйича телефон орқали маълумот берилмаслигини билдирди.

Ҳозирча суиқасд сабаблари¸ қолаверса¸ жиноий ишда қайси мотивлар кўриб чиқилаëтгани¸ "ўз-ўзини ўлдириш даражасига етказиш"да кимнингдир айбланаëтган-айбланмаëтганига оид тафсилотлар Озодликка маълум эмас.

Ўсмирлик давридаги стресс ва суиқасд

Ўзбекистонлик таниқли психолог Маҳмуджон Йўлдошев, ўсмир ёшларни ўз жонига қасд қилишга ундовчи сабаб ва мотивлар сирасида стрессни тилга олади:

- Ёшлар ўртасидаги суицид бевосита уларнинг руҳий ҳолатлари билан боғлиқ. Айниқса, бу 13-15 яшар ёшларда кўп учрайди. Бундай ҳолатда ёшларга оила аъзолари, мактаб жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши ва уларга руҳий ёрдам бериши керак. Бу, энг аввало мактаблардаги психологларнинг иши бўлиши керак. Психологлар ўқувчилар билан яқиндан ишлаши, уларнинг ҳолатидан доим хабардор бўлиши лозим. Афсуски, бугун бизнинг мактаблардаги психологларнинг аксарияти ўз иши қолиб, мактаб маъмуриятининг югурдагига айланиб қолган, бу психологларнинг аксарияти унинг иши нимадан иборат эканлигини ҳам билмайди, деди Маҳмуджон Йўлдошев қаршилик ўқувчи қиз фожиаси эҳтимолий сабабини шарҳлай туриб.

Психолог Маҳмуджон Йўлдошев билан ёшлар суициди ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:07 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон ўсмирлари орасидаги суиқасдга оид Озодликка етиб келаëтган аксар хабарларда уларнинг кўп ҳолларда ўқитувчилар томонидан уялтирилган ва таҳқирлангандан сўнг жонига қасд қилгани айтилади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг биринчи курс ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. Озодлик манбаларига кўра, отаси Россияда мардикорликда бўлган қиз ўқишдан келибоқ ошхонага кириб ўзини осиб ўлдирган.

2016 йилнинг июнь ойида Тошкентнинг Юнусобод туманида коллеж ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. Озодлик манбаларига кўра, 17 ёшли бола мактабда ўқитувчиси ва группадошлари томонидан давомли таҳқирланавергач¸ ўзини осган.

Ўтган йилнинг апрель ойида Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. 14 яшар қиз, Озодлик манбаларига кўра, мактабда ўқитувчиси томонидан таҳқирлангандан сўнг ўзини осган.

XS
SM
MD
LG