Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:22

Оҳангарон "олий мартабали меҳмон" кутмоқда. Битмаган уйлар фасади ясатилмоқда


Шаҳардаги бўяб-бежашлар тепасида шахсан Бош вазирнинг тургани¸ Оҳангарондан Мирзиëев Путин билан ўтади¸ деган тахминлар тарқалишига асос бўлган.
Шаҳардаги бўяб-бежашлар тепасида шахсан Бош вазирнинг тургани¸ Оҳангарондан Мирзиëев Путин билан ўтади¸ деган тахминлар тарқалишига асос бўлган.

Озодликка Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида яшовчи фаоллардан келган маълумотга кўра¸ 16-17 октябрь кунлари шаҳарнинг марказий кўчасида фавқулодда таъмирлаш ва безатиш ишлари амалга оширилди.

Хусусан¸ Озодликка юборилган видеодан намунавий уйларни эгаларига топширилган қилиб кўрсатиш учун қизғин иш бораëтгани кўрилади.

Лойиҳаси жорий йилнинг 29 августида президентга тақдим этилган бу уйларнинг ҳозирча фақат ташқи қисми битган.

Шахсан Бош вазир Абдулла Арипов тепасида тургани айтилган бу жараëн¸ шаҳарликлар томонидан президент Шавкат Мирзиëев келишига ҳозирлик сифатида талқин этилмоқда.

Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги расмийлари¸ жадал бораëтган ҳозирлик ишларини инкор этмаган ҳолда¸ бу ерга айнан кимнинг¸ қачон келиши кутилаëтганини ошкор қила олмасликларини билдирдилар.

“Потëмкинские деревни” тепасида Бош вазир турипти

17 октябрь куни Озодлик олган маълумотга кўра¸ Оҳангарон шаҳри марказидан ўтувчи Амир Темур (аввалги номи Холмуҳаммедов) кўчасида бир неча кундан бери қурилиш¸ пардозлаш ва дарахт ўтқазиш ишлари бормоқда.

Бу жараëнни 17 октябрь куни шахсан ўзи кўздан кечирган оҳангаронлик собиқ мулозимга кўра¸ бораëтган ишларга шахсан Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўзи бош-қош бўлаëтганидан¸ шаҳарликлар буларни камида президент Мирзиëевнинг Оҳангаронга келишига ҳозирлик сифатида талқин этмоқда.

Кеча ҳам¸ бугун ҳам Ариповнинг ўзи келиб¸ кўрсатма бериб кетди. Мени ҳайратга солаëтгани¸ бош вазирнинг кўзбўямачиликнинг тепасида тургани. Холмуҳаммедов кўчасида 24 та беш қаватли уй қурилди. Биринчи қавати дўконларга ажратилган. Бу уйларнинг фақат ташқи томони битган¸ ичи ҳали шундоққина бетонлигича турипти. Президентга шуни фойдаланишга топширилди¸ дўконлар ишлаб¸ одамлар яшаяпти¸ қилиб кўрсатиш учун¸ Тошкентдан бўëқ ва пардоз ускуналаридан тортиб¸ витрина безаклари¸ манекен ва чемоданларгача олиб келиб¸ қўйиб чиқишди. Ўзим гувоҳ бўлдим шунга”¸ дейди ҳокимиятнинг эҳтимолий таъқибидан чўчиб исми очиқланмаслигини сўраган оҳангаронлик суҳбатдош.

Оҳангаронлик тадбиркорлардан бири томонидан Озодликка юборилган видеолавҳаларда айнан шаҳар марказидаги Амир Темур кўчасида бораëтган таъмир ва безак ишлари акс этган.

Оҳангарон Мирзиëев келишига ҳозирлик кўрмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Видеодан янги қурилган беш қаватлик уйларнинг биринчи қавати деразалари бинонинг ички қисмдан оқ рангли жалюзи билан тўсилиб¸ ойналар олдига кийим кийгизилган манекенлар¸ турли истеъмол моллари териб чиқилгани кўрилади.

Айни шу бинонинг орқа томони ва ичкарисидан олинган кадрлардан эса¸ бино ичкарисининг умуман фойдаланишга тайëр эмаслиги¸ ҳали цементи қуримаган пол ва устунларни кўриш мумкин.

Халқнинг шундоққина кўз ўнгида қилинаëтган бу лўттибозликнинг кимга кераги бор? Президентни ëш боладек қилиб алдашдан ким обрў топмоқчи? Ўзини алдашга қўйиб берадиган президентнинг халқ олдидаги обрўси тушиб бораяптику шундоқ ҳам. Битмаган бу уйларга сарфланаëтган краскаларни кўриб ичи ачийди одамнинг – бўшаган қутилар пирамида бўлиб кетган. Бир-икки ой ўтиб буларнинг ҳаммаси кўчиб тушади. Ясама дўконларга Тошкентдан келтирилган товарлар президент келиб кетганидан кейин дарров олиб кетилиши¸ уйларнинг асл аҳволи очилиши аниқку”¸ дейди оҳангаронлик тадбиркор Озодлик билан ўзаро суҳбатда.

Оҳангарон кимни кутмоқда?

Озодлик гаплашган оҳангаронликлар бораëтган мисли кўрилмаган иш кўлами ва унга шахсан Бош вазир Абдулла Ариповнинг бош-қош бўлаëтгани турли тахминларга асос бўлганини билдирдилар.

Бизга расман ҳеч ким ҳеч қачон айтмайди буни. Лекин халқ орасида 18 куни Мирзиëев келаркан¸ деган гап юрипти. Оҳангарон туманининг тоғли дам олиш ҳудудида серблар президентга янги резиденция қураяпти. Шу ерга ўтади¸ деган тахмин бор. Лекин у ерга вертолëтда борса керагов! Путин билан бирга келармиш¸ деган миш-миш ҳам тарқаган. Оҳангарондаги цемент заводини россияликлар олган. Лекин Путиннинг цемент заводига келишига ишониш қийин”¸ дейди Озодлик гаплашган оҳангаронлик собиқ раҳбарлардан бири.

17 октябрь куни Амир Темур кўчасидаги таъмир ишларида бевосита қатнашаëтган оҳангаронлик прораб¸ ўзларига бу ердан “Путин ўтади” деган оғзаки изоҳ берилганини билдирди¸ аммо Путиннинг Оҳангарондан қаерга¸ нима учун ўтишига оид маълумоти йўқлигини қўшиб ўтди.

Озодлик Оҳангарон марказий кўчасида туну кун бораëтган таъмир¸ ободонлаштириш ва безаш ишларининг сабаби – кутилаëтган меҳмоннинг кимлигини аниқлаш мақсадида Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан боғланди.

Шаҳар ҳокимлиги раҳбарларидан бири “президентнинг қачон ва нимага келиши ҳақида матбуотга хабар бера олмаслигини” айтди.

Ҳокимликнинг яна бир мутасаддиси эса¸ саволга жавоб бериш ўрнига Оҳангаронга олий мартабали меҳмон келиши хабарининг матбуотга қаердан чиққани билан қизиқди ва саволга жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

18 октябрь кечқурун президент Владимир Путин бошчилигидаги қарийб 1000 кишилик расмий делегациянинг Тошкентга келиши кутилмоқда. Мисли кўрилмаган тарзда ҳозирлик кўрилаëтган бу сафар давомида Россия делегацияси вакилларининг турли тадбирларда қатнашиши кутилмоқда.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Путин сафари кун тартибига оид тўлиқ маълумот йўқ. Расман эълон қилинган маълумотда Путиннинг Мирзиëев билан биргаликда Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида қуриладиган АЭС қурилиш лойиҳасини бошлаб бериш учун мазкур ҳудудга бориши айтилди.

XS
SM
MD
LG