Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:54

Прокурор “Оҳангароншифер”ни сунъий банкрот қилганларга қўзғатган жиноят ишини яна ўзи бекор қилди


“Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятининг ўнлаб ишчиси 2019 йил 19 июль куни завод дарвозасини пайвандлаб қўйиб, норозилик билдирган эди.
“Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятининг ўнлаб ишчиси 2019 йил 19 июль куни завод дарвозасини пайвандлаб қўйиб, норозилик билдирган эди.

Тошкент вилояти прокурори Салом Самадов "Оҳангароншифер" акциядорлик жамиятини сунъий банкротликка олиб келган мансабдор шахсларга нисбатан жорий йилнинг 24 июнь куни очган жиноят ишини орадан уч кун ўтиб, бекор қилгани ўртага чиқди.

Прокурор ўз қарорини банкротликка келиш сабаблари юзасидан мансабдор шахслардан тушунтириш хатлари олинмагани билан изоҳлаган.

Аммо жамият касаба уюшмаси раиси Озод Хушназаровнинг иддао қилишича, “юқоридан бўлган босим” сабабли прокурор ўз қарорини ўзгартирган бўлиши мумкин.

Прокурор қарорида 500 дан ортиқ ишчиси бўлган "Оҳангароншифер" АЖнинг сунъий равишда банкротлик ёқасига келтирилгани айтилган.

Вилоят прокуратураси мулозими Озодлик саволларига жавоб бермади.

"Оҳангароншифер" акциядорлик жамияти касаба уюшмаси раиси Озод Хушназаровнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, икки йилдан буён заводни сунъий банкрот қилишга ҳаракат қилинмоқда:

“Жуда ҳам хунук ишлар бўляпти. Бир йилдан буён ишчиларимиз сарсон, аросатда қолгандай. Беш юзта одам қаерга боради, уларнинг оиласи нима бўлади, ҳеч ким ўйламаяпти. Ҳаммаси ўзининг нафси учун заводни ўзлаштириб, 50тача одамни қолдирмоқчи. Заводнинг тепасида жуда кучли амалдори бор дейишган эди, энди шу гапга ишониб қолдик. Мана, вилоят прокурори заводни сунъий банкрот қилганларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилган эди, орадан уч кун ўтиб, қарорини бекор қилди”.

Тошкент вилояти прокурорининг жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарори
Тошкент вилояти прокурорининг жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарори

Тошкент вилояти прокурори Салом Самадов 24 июнь куни чиқарган қарорида айтилишича, “Оҳангароншифер” АЖ ишончли бошқарувини олиб борган “Mega Golden House” МЧЖ мансабдор шахслари, акциядорлик жамияти ва “Durable Slate Industry” МЧЖ мансабдор шахслари билан тил бириктириб, “Оҳангароншифер” АЖни қасддан банкротликка олиб келиш мақсадида 15 миллиард сўмлик қарздорликни юзага келтирган. Улар иқтисодий судга мурожаат қилиб, жамиятни банкрот деб топилишига эришишган ва жамият манфаатларига 3 миллиард 742 миллион сўмлик зарар етказишгани аниқланган.

Вилоят прокурори шу асосда юқорида тилган олинган ташкилотларнинг мансабдор раҳбарларига Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 181 прим 1 моддаси 1 қисмида(банкротликни яшириш) назарда тутилган модда бўйича жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилган.

Аммо орадан уч кун ўтиб, 27 июнь куни вилоят прокурори жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш ҳақида янги қарор чиқарди.

Тошкент вилояти прокурорининг жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорини бекор қилган қарори.
Тошкент вилояти прокурорининг жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорини бекор қилган қарори.

Прокурор бу қарорини банкротликка келиш сабаблари юзасидан жавобгарликка тортилган мансабдор шахслардан тушунтириш хатлари олинмагани билан изоҳлаган.

Жамият касаба уюшмаси раиси Озод Хушназаровнинг иддаосича, прокурор ўз қарорини арзимаган баҳона билан ўзгартиришига унга “юқоридан бўлган кўрсатма” сабаб бўлган:

“Прокурор жиноят иши қарорини бекор қилинганини жавобгар шахслардан тушунтириш хати олинмагани билан изоҳлабди. Бу жуда кулгули эмасми? Тушунтириш хатлари жиноят иши қўзғатишдан олдин олинмайдими? Майли, олмабди ҳам дейлик, кейин олса ҳам бўладику ёки улар қочиб кетадими? 2018 йилнинг 24 августида “Mega Golden Hous” МЧЖ заводни ишончли бошқарувга олган эди. Мақсад корхонани ривожантириш эди. аммо аксинча бўлди, улар корхонани катта қарздор қилиб қўйдида 2020 йил 16 мартда Оҳангарон иқтисодий судига банкрот деб эътироф этиш ҳақида ариза киритди”.

Раиснинг айтишича, иқтисодий суд президент қарорига зид равишда банкротлик ишини кўриб чиққан:

“Президент Мирзиёевнинг 2020 йил 3 апрелда 5978 рақамли фармони бор эди. Бу фармонда карантин пайтида судларда банкротлик ишлари кўрилмасин, дейилган эди. Аммо суд кўрди ва банкротлик тўғрисида қарор қабул қилди. 2020 йил 5 августда жамият мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатди, мана бир йил бўляпти ҳеч қандай натижа йўқ. Тахминимиз шундаки, заводни банкрот қилиб олмоқчи бўлган кўзга кўринмас кучлар роса ҳаракат қиляпти. Уларни беш юз ишчи қаерга кетади, уларнинг оиласи нима бўлиши қизиқтирмайди. Вилоят прокурори ҳам кичик одам эмас, у жиноят иши қўзғатишдан олдин обдон текширтирган, кейин шу қарорга келган. Фикримизча, юқоридан бўлган босимга вилоят прокурори ҳам чидаб беролмаган”.

Озод Хушназаров фикрича, машҳур заводни қасддан банкрот қилиш ортида кимлар тургани номаълум, кунлик пул обороти 1 миллиард сўмдан зиёд бўлган корхонани 4 миллиард сўм маблағ учун банкрот деб эълон қилишган.

Озодлик Тошкент вилояти прокуратураси билан боғланиб, вилоят прокурорининг ўз қарорини нега бунча тез ўзгартирганига муносабат олмоқчи бўлди.

Ўзини таништирмаган прокуратура мулозими телефон орқали маълумот берилмаслиги, агар прокурор Салом Самадовга саволлар бўлса, ҳар жума куни унинг қабулига келиб, сўраш мумкинлигини айтди.

XS
SM
MD
LG