Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

Президент ташрифидан олдин Ангренда ҳар 100 метрга 1 милиция ходими қўйиб чиқилди


Шавкат Мирзиёев Ангренда(Сурат ЎзА агентлигидан олинди)
Шавкат Мирзиёев Ангренда(Сурат ЎзА агентлигидан олинди)

Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Ангрен, Олмалиқ шаҳарларидаги Озодлик мобил мухбирларининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи арафасида бу шаҳарларда бюджет ташкилоти ишчи-хизматчилари кўчаларни супуриб-сидиришга, ёзнинг жазирамасида орадан икки кун ўтиб қуриб қолиши муқаррар гулларни ўтқазишга, эски ва қурилиши битмаган уй-жойларнинг кўча томонини тўсишга мажбурланган.

Президент 21 июль куни Тошкент вилоятига сафарини Ангрен шаҳридан бошлади. Ангренлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, милиция ходимлари президент шаҳардан кетгунга қадар одамларни маҳалладан чиқармаган:

“Хусусан Ангрен шаҳри кўчаларининг ҳар юз метрига биттадан милиция ходими қўйилди. Бу ҳолат Ангрен шаҳридан Тошкент шаҳригача давом этганига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Маълумот учун, Ангрен билан Тошкент шаҳарлари оралиғи 100 километрни ташкил килади. Маҳаллалар бошида турган милиция ходимлари одамларга имкон қадар кўчага чиқмасликни маслаҳат бермоқда", деди ангренлик тадбиркор.

Олмалиқ шаҳридаги давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган ходимнинг айтишича, уларнинг тинчи уч кундан буён бузилган:

“Президент келади экан деб, ҳамма ёқда тўполон. Мана уч кундан буён Олмалиқ шаҳрида ишчиларни туни билан ишлатишмоқда. Уч кун ичида қурилган стадионни гапирмаса ҳам бўлади. Бундай чала-чулпа ишларни наҳотки президент пайқамаса? Йўл ёқасидаги қақшаб ётган ерга гули очилиб турган кўчатлар экиляпти. Бу гул ниҳоллари икки кундан кейин қуриб қолишини ҳамма билади. Халқнинг миллионлаб пулини кўкка совурадиган бундай лаганбардор ҳокимларни ишдан олиб ташлаш керак”, дейди давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган ходим.

Бошқа бир ангренлик мобил мухбирнинг ёзишича, президент келиб кетганидан сўнг бюджет ташкилоти ишчи ва ходимлари енгил нафас ола бошлади:

"Мирзиёев ташрифи арафасида бир неча кун, жуда катта кенг кўламли ҳашар ўтказилди. Ҳатто кўпчилик президентимиз тезроқ келиб кетсалар яхши бўларди, шу ҳашардан қутилардик, дейишди. Чунки, бюджет ташкилотлари барчаси, ҳатто меҳнат таьтилидаги ўқитувчию медперсонал барчаси шаҳар тозалаш ишларига мажбуран жалб қилинди. Бу ҳашарнинг сўнгги кунида, яьни президентимизнинг келишларига бир кун қолганда шаҳар Акушерлик мажмуасининг ҳашарга юборилган ҳамширасини машина уриб юборди. Хайриятки жони омон қолди", деб ёзади Озодлик мобил мухбири

Тошкент вилоятининг маркази Тўйтепа шаҳрини президентга чиройли кўрсатиш учун, унинг ташрифидан олдин барча туманлардан ҳашарчилар жалб қилинганига ўртачирчиқлик тадбиркор Наримон Хўжаев ўзи гувоҳ бўлганини айтади:

- Бу ёғи Бўка, Ангрен, у ёғи Янгийўлдан автобусларда одамларни олиб келишган. Тошкентнинг Бектемир постидан Тўйтепагача, Тўйтепадан Олмалиққача бўлган йўлларни супириб тозалашди. Йўл четига бир қарич-бир қарич гуллар экиб чиқишди. Бир ҳафтадан сўнг бу гуллар қуриб битиши аниқ, чунки оқин сувнинг ўзи йўқ. Қурилиши битмаган ва эски уйларнинг кўча томонига бўз, пластик ва тунукадан парда қилишган. Энди, ўйлаб кўринг, бир одамнинг кўзи учун минглаб одам сарсон, ишдан қолган, шунча автобус, техника овора. Қанча ёнилғи, қанча вақт сарф бўлган. Бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, мен гаплашган одамларнинг фикри ҳам худда шунақа”, дейди Наримон Хўжаев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоят ва туманларга ташрифи арафасида кўча ва биноларни зўрма-зўраки безаш, ободонлаштириш ишларига бюджетдан маош олиб ишлайдиган ходимларнинг мажбуран жалб этилиши кўп кузатилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 5 июнида Фарғонада президент келишига бетон тувакларга райҳон экилиб, пули аҳолидан ундирилган эди.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг вилоятларга сафари давомида¸ у борадиган жойлар¸ ўтадиган йўл бўйлари хўжакўрсинга бўяб-бежашлар ва “Потëмкин қишлоқлари”га менгзаладиган бундай ҳатти-ҳаракатлар чиқими ҳам¸ одатда маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юклатилар эди.

Ҳафталик видеоселекторларидан бирида президент Шавкат Мирзиëев¸ ҳақиқий вазиятни ниҳоятда яхши билишини таъкидлаб¸ ҳокимият вакилларини ҳар-хил кўзбўямачиликларни тўхтатишга чақирганига қарамай¸ Мирзиëев Бош вазирлиги даврида урф бўлган усуллардан фойдаланиш давом этаëтганини ўзбекистонликлар бот-бот айтмоқда.

XS
SM
MD
LG