Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Мирзиёев, кутилмаганда, пойтахтдаги оилавий поликлиникага кирди (видео)


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни Яшнобод туманига сафари пайтида, кутилмаганда, 32-оилавий поликлиникага кирди. Расмий хабарда айтилишича, президент тумандаги кўп қаватли уйлар томига ўрнатилган қуёш батареяларини бориб кўрган, "Тошкент қоғози" ва "Артел" заводларига ҳам кирган.

Кутилмаган ташриф

Расмий хабарда айтилишича, президент Яшнобод туманига сафари пайтида туман марказий шифохонасига кириши керак эди ва уни ўша шифохонада кутишаётган эди. Аммо, у кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага йўл солган.

Ўзбекистон телеканали "Ахборот" дастурида намойиш қилинган лавҳада поликлника ходимларининг, кутилмаганда, бостириб келиб қолган президентни кўриб, тараддудга тушиб қолгани акс этган. Кейинги кадрларда таъмирталаб, аҳволи ночор поликлиниканинг ички хоналари ва коридорлари акс этган.

Бу поликлиниканинг Яшанобод туманидаги 6та маҳаллада истиқомат қилувчи 27 минг 285 кишига хизмат кўрсатиши айтилди. Аҳвол билан шахсан танишган президент тиббий муассаса моддий таъминотини яхшилаш, тезкор таъмирлаш ҳамда Тез тиббий ёрдам хизматига машина ажратишни ваъда қилди.

"Ахборот" дастурида бу президентнинг режани бузиб, кутилмаганда бошқа масканга қилган илк ташрифи эмаслиги алоҳида урғуланди. Бундан ташқари, унинг оилавий поликлиникага келган ва унинг ёнида йиғилган туман аҳолиси билан ўтказган мулоқотлари ҳам намойиш қилинди.

Қуёш батареялари

Яшанобод туманига сафари давомида президент Ойбек кўчасида жойлашган кўпқаватли уйларнинг томига ўрнатилган қуёш батареяларини бориб кўрди ва энергия олишнинг бу усулини ривожлантириб, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини оширишини таъкидлади.

ЎзА хабарида айтилишича, "Ойбек кўчасидаги 40- ва 42-уйларда ишга туширилган қозонхоналар гелио сув иситгичлари билан жиҳозланган. Қозонхонада замонавий технология асосида қуёш нуридан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, сув хонадонларга тақсимланади. Қозонхонада соатига 416 киловатт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 460 миллион сўм бўлиб, харажатлар “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳисобидан қопланган. Уй юқорисидаги техник қаватда қозонхона, томда қуёш коллекторлари ўрнатилган".

Президентга кўргазма

Шунингдек, Мирзиёевнинг тумандаги 12 гектар майдонни эгаллаган "Тошкент қоғози" масъулияти чекланган жамиятига борди.

У ерда "завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга имтиёзли асосда бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади" ҳамда шу ерда ташкил қилинган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимотида қатнашди.

Расмий хабарда айтилишича, "тижорат банклари кўмагида туманда дори ва тиббиёт воситалари, махсус кийимлар, ёғ ва ем маҳсулотлари, травертин ва мармар плиталар, сим ўрамлари ишлаб чиқариш, кўнгилочар масканлар, замонавий бозор ва экспомарказ ташкил этиш режалаштирилган".

Сўнгра, Мирзиёев "Артел" заводига ҳам борди ва заводда ишлаб чиқарилаётган уй-рўзғор буюмлари ва маиший жиҳозлари кўргазмаси билан танишди.

XS
SM
MD
LG