Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Президент сайлови: Мирзиёевнинг эски-янги ваъдалари


9 июль куни ўтадиган навбатдан ташқари сайловда, амалда, учинчи муддатга сайланиши кутилаётган президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди ваъдаларига эътибор берсангиз, у сайловчиларига “агар мени сайласангиз” деб хитоб қилаётгани йўқ.

Аммо ваъдаларни президент бераётгани уларнинг сўзсиз амалга ошишини англатмайди. Бу ваъдалардан айримлари, иккинчи, учинчи ёки ундан кўпроқ марта янграмоқда.

Шавкат Мирзиёев Бош вазир пайти президент Ислом Каримов билан Мустақиллик байрами тантаналарида. 2007 йил. 31 август.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир пайти президент Ислом Каримов билан Мустақиллик байрами тантаналарида. 2007 йил. 31 август.

Ўзининг устози ва ўтмишдоши Ислом Каримовдан фарқли Шавкат Мирзиёев сайловдан сайловга номзоди илгари сурилаётган партияни ўзгартиргани йўқ. Ўтмишда коммунистик партия аъзоси бўлган 65 яшар Мирзиёев тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси номини олган Либерал демократик партияга содиқ чиқиб қолди.

Аммо президентлигига қадар ўн уч йил Ислом Каримовнинг бош вазири бўлган Мирзиёев ўтмишда тадбиркор ёки фермерларга алоҳида муҳаббати ёки ғамхўрлиги билан ажралиб турган эмас.

Пахта режасини бажара олмагани учун мол-мулки мусодара қилинган фермерлар орасида “Мирзиёевнинг ойболтаси” ибораси машҳур бўлган эди.

Аммо булар эски Мирзиёев ҳақида. Янгиси - 2016 йилда ҳокимиятга келган Мирзиёев сайловчилар қаршисида кутилмаганда ислоҳотчи сифатида гавдаланди. Унинг Ўзбекистонни дунёга очиш ва инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш ҳақидаги ваъдалари ташқи дунёда илиқ кутиб олинган бўлса, газ ва электр таъминоти ҳақидаги ваъдалари ичкаридаги сайловчининг кўнглида умид чироғини ёқаётганди…

Аммо ўтган 6,5 йилда ўзбек сайловчисининг уйида чироқ узлуксиз ёнмади. Аҳолининг газ ва электр муаммоси ҳал қилинмади. Қайтага, пойтахт Тошкентда ҳам чироқ ўчишлари одатий ҳолга айланди. Тармоқларда “Каримов даврида ҳеч қурса, Тошкентда свет ўчмасди”, деган ёзғиришлар пайдо бўлди.

Учинчи бор номзоди президентликка қўйилиши арафасида Мирзиёев яна электр таьминотини яхшилашга ваъда бериб, масъулларга ёзда электр тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифасини юклади. Бу гапдан икки ҳафта ўтиб, мамлакат пойтахтининг бутун бошли туманлари чироқсиз қолди. Сўнгги ҳафталарда Тошкентда электр таъминотида сурункали узилишлар кузатилмоқда.

“Ўзавто монополияси” Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги сайловолди ваъдалари сирасидан яна ўрин олди.

Президент бу гал “автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади” деб ваъда берди.

Зотан, Ўзавто монополиясини тугатиш - Мирзиёев ҳукумати йиллардан буён бажармаётган катта ваъдалардан биридир.

Навбатдаги муддатида Шавкат Мирзиёев 4 та автомобил корхонасини очиб, ростдан ҳам монополияни тугатадими ва ниҳоят, Ўзбекистонда йилига 350 минг ўрнига 1 миллионта машина чиқариладими ёки йўқми - мавҳум, яъни бу Мирзиёевнинг ваъдаси, холос.

Шундай катта ваъдалардан яна бири - камбағалликни тугатиш.

Президентнинг айтишича, шу кунда Ўзбекистонда 9 ярим миллион аҳоли, яъни 36 млн 200 мингдан ортиқ аҳолининг қарийб 26 фоизи камбағал ёки камбағал бўлиш арафасида.

Мирзиёев, бунча аҳолини камбағалликдан чиқариш учун бундан буён ҳар йили 1 миллиард доллардан маблағ ажратилади, деяпти.

Аммо, йилига миллиардлаб доллар маблағ ажратилаётган камбағалликдан

Камбағал аҳоли газ муаммосини таппи орқали ечишга уринмоқда
Камбағал аҳоли газ муаммосини таппи орқали ечишга уринмоқда

чиқариш сиёсати иш беряптими? Бераётган бўлса, нега камбағаллар сони камайиш ўрнига, президентнинг ўзи тан олгани каби, ортиб боряпти - бу саволларга президент ҳам, унинг мулозимлари ҳам аниқ жавоб бермайди.

Раҳбарлар, ҳатто биргина асосий меъёр - бозорда бугунги нархларга мувофиқ белгиланган минимал истеъмол харажатлари миқдорини очиқ айта олмайди.

"Охирги марта 2022 йилда минимал истеъмол харажатлари белгилангандан буён йиғилган инфляция 17%дан ошди, озиқ овқат инфляцияси 23%га етди. Камбағаллик минимуми учун белгиланган 498 минг сўм ўзгартирилмай қолмоқда… Камбағаллик минимуми ошса, шунга яраша ижтимоий тўловларни индексация қилиш керак-да а, шундайми? Ўзингизга пул топиляптику, нега камбағалга топилмайди?”, дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Мирзиёев кейинги 7 йиллик президентлик муддатида яна блогер ва журналистларга таянмоқчи.

Уларни ўзи бошлаган ислоҳотларнинг “нурли давомчилари, менинг энг ишончли кучим” деб атади.

Аммо, адолатни гапиришга уринган, айниқса президентнинг ўзи ва ижрочиларини танқид қилаётган блогерлар, айнан Мирзиёев бошқарувидаги ҳукуматнинг босимидан шикоят қилмоқда.

Яъни, яна ваъда бошқа, амалиёт эса тамомила бошқалигини айтмоқдалар.

Шу кунда аксар халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Мирзиёев президентликка келган пайтида берган диний эркинликлардан бугун нима қолди, деган саволни ўртага ташламоқда.

Жумладан The Diplomat нашри: “Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон”ида диний эркинлик эски Каримов давридагидек тазйиқ остида қолмоқда”, деб ёзди.

Аммо Мирзиёев диний эркинликлар яна чекланмоқда, деган танқидларга жавобан, Ўзбекистон масжидларида азон овози қайта янграй бошлаганини мисол келтирди.

Аммо, айни пайтда ўғли нашида эшитгани учун қамалган ўғлининг тақдирига йиғлаётган оналар Мирзиёевдан кўпроқ нарса умид қилмоқда.

Шавкат Мирзиёев бу галги сайловолди дастурида ҳам фуқаровий жамият эркинлиги ва қонун устуворлигини таъминлашни ваъда қилмоқда.

Ваҳоланки, бу сайлов арафасида ҳам, аввалгиларида бўлгани каби, диндор қатлам ва сиёсий фаол ватандошлар устидан фавқулодда кучайган назорат, таъқиб ва ҳибсга олишлар кузатилмоқда.

"9 июль куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтади ва унда Мирзиёев ғалаба қозонади. Сайловдан сўнг унинг режими йўқотадиган ҳеч нарса қолмайди, режим танқидчилари – журналистлар, фаоллар ва диний жамиятга нисбатан репрессия янада қаттиқлашиши мумкин", деб ёзди The Diplomat.

Мирзиёевнинг яна бир катта ваъдаси - ўқитувчининг ойлигини 1000 долларга етказиш ҳақидаги ваъдасидир. Сўнгги чиқишларидан бирида у ўқитувчининг маошини "1000 долларга етказмагунча тўхтамайман", деган. Албатта, охирги сайловолди дастурида у 1000 доллар демади, "ўқитувчилар маоши икки баробар оширилади", деди ва таълим соҳасида ўзгаришлар қилишга ваъда берди.

Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан:

  • Кейинги 7 йилда ҳар битта боғчада компьютер синфи бўлади.
  • Барча мактабда бошланғич синф ўқувчиларининг ҳар бирига планшетлар берилади.
  • Президент мактабларига ўхшаган “Истеъдод, интилиш, истиқбол” номли мактаб интернатлар очилади.
  • Информатика фанини ўқитиш 1-синфдан бошланади.
  • Барча мактабларга хориждан чет тили ўқитувчилари олиб келинади.
  • Чекка ҳудудларда бепул мактаб автобуслари қатнай бошлайди.
  • Мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди

Мирзиёев ўзининг сайловолди ташвиқот кампаниясида таълимни ривожлантиришни урғулаётган бир пайтда, тармоқларда ташландиқ бир мактаб акс этган видео трендга чиқди. Ушбу мактаб Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани, Элбаён шаҳарчасида жойлашгани айтилмоқда.

Мирзиёевнинг президентлик сайловолди дастурларида такрорланадиган яна бир ваъдаси - Ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш билан боғлиқ.

Мирзиёев бу ваъдани 2016 йил илк бор президентлик курсисига ўтириши арафаси ҳам берган яъни унинг илк сайловолди дастурида ҳам айни ваъда бор эди.

"Бизнинг олдимизда 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича ўта муҳим вазифалар турибди", деган эди Шавкат Мирзиёев 2016 йилдаги сайловолди нутқида.

Президентга кўра, шу кунда ялпи ички маҳсулот ҳажми 80 миллиард доллар, аҳоли жон бошига даромад эса 2 минг долларга етган.

Айни пайтда иқтисодчи Жамшид Муслимов Мирзиёевнинг Ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки бараварга ошириш ваъдалари ижросини савол остига олади.

Иқтисодчи Жамшид Муслимов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:01 0:00

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови жорий йилнинг 9 июлига белгиланган. Таҳлилчилар натижаси олдиндан маълум сайловда катта фарқ билан Мирзиёев ғалаба қозонишига шубҳа қилишаётгани йўқ.

Ўзининг ташвиқот кампаниясини ўтган йили қонли можаролар марказида қолган Қорақалпоғистондан бошлаган Мирзиёев ўзбек ва қорақалпоқ халқи учун ишлашдан чарчамаслигини айтди.

Мирзиёев мамлакат бўйича аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм пеняни кечиб юборишга, маҳаллалар учун йўлга қўйилган “Очиқ бюджет” лойиҳаси маблағларини 3 карра оширишга ваъда берди.

"Мирзиёевнинг ваъдалари менга ўтган асрнинг 50-йилларида

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов
Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов

совет раҳбари Никита Хрушчев берган ваъдаларни эслатади. Хрушчев 20 йилдан кейин коммунизм қуришни ваъда қилган эди. Амалда 20 йилдан кейин нима бўлгани маълум – Совет Иттифоқида турғунлик даври бошланди…Ҳозирги ваъдалар Совет Иттифоқи давридаги режалаштиришни ёдга солади. Биз шунча миллиард тонна цемент, пўлат ёки дейлик фалон миллион тонна пахта етиштирамиз, қабилидаги. Масалан, Мирзиёев 1 миллион дона автомобил ишлаб чиқарамиз, деяпти. Аммо бу унинг бозор иқтисодиётини ёки хусусий бизнесни ривожлантирамиз, деган баёнотига зид келади. Бозор иқтисодиёти шароитида қанча маҳсулот ишлаб чиқаришини бизнеснинг ўзи бозор шароитларидан, талаб ва таклифдан келиб чиқиб ҳал қилади. Тепадан бизнесга режа қўйиш буйруқбозликка асосланган эски иқтисодий тартибни ёдга солади. Ўз вақтида Ислом Каримов ҳам худди шундай йўл тутган, иқтисодиётни қўл билан бошқаришга уринганди", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Мирзиёев 6,5 йил аввал ичимлик суви масаласини ҳам ҳал қилишга ваъда берган эди. Бироқ тармоқлардаги постлар ва Озодликка келаётган хабарларда ичимлик суви муаммоси ҳануз долзарблигича қолаётганини кўриш мумкин. Сув масаласи энг муаммоли ҳудудлардан бўлган Хоразмга борган Мирзиёев сув бўйича эски ваъдасини такрорлади.

Мирзиёев 2030 йилга қадар Хоразмнинг 9 та шаҳар ва туманидаги 1 миллион аҳолининг сув таъминотини яхшилашга ваъда бериб, бунга 100 миллион доллар йўналтирилишини айтди.

Мирзиёев ҳозирча ваъдалари амалга ошиши учун тилга олаётган катта суммадаги рақамлар манбаини очиқлаганича йўқ. Жумладан, у 500 та боғча қуришга 2 триллион сарфламоқчи. Фақат пул қаердан? Бу савол жавоби ҳозирча йўқ.

Диққатингизни яна сув масаласидаги Мирзиёев ваъдаларига қаратсам. У 6,5 йил аввал қишлоқ хўжалигидаги сув муаммолари “замонавий интенсив агротехнологиялар” ёрдамида ҳал қилинишини айтган эди. Бироқ фермерлар бу муаммо ўз ечимини топмагани сабаб азият чекиб келишмоқда. Мирзиёев янги сайловолди ваъдаларида бу муаммони ҳозирча тилга олмади.

Аммо, 30 май кунги чиқишида Мирзиёев Ўзбекистонни сувсиз қолишига сабаб бўлиши айтилаётган Толибон қураётган Қўштепа канали масаласини илк бор тилга олди.

Канал қурилиши оқибатида Ўзбекистонга келадиган сув ҳажми 15 фоизга камайиши ва бу қурғоқчиликни янада оғирлаштириши кутилаётганини айтди:

Экспертларга кўра, Амударё сувининг учдан бирини олиб қўядиган Толибон канали Ўзбекистонда янги экологик фожиага сабаб бўлиши мумкин.

Мирзиёевнинг янги дастурига назар ташласангиз, катта-кичик ижтимоий ва иқтисодий масалаларгина тилга олинганини кўрасиз, бироқ мамлакат сиёсий тизимини қай тариқа ривожлантириши, демократик йўналишда қандай тараққий этишига умуман тўхталмаган.

"Афтидан, Мирзиёев мазкур йўналишда бирон тузукроқ таклиф билан чиқа олмаслигини тушуниб, сиёсий ислоҳотларга доир бандларни ўз дастурига мутлақо киритмаган ва сайлов тизимига оид банднигина қолдириб, уни ҳам мантиққа зид эканига қарамай, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар сирасига қўшиб юборган. Мазкур бандда, жумладан, ҳокимлар бундан кейин маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдор бўлиши ҳақида сўз боради. Умуман олганда бу ёмон эмас. Лекин муаммо шундаки, кенгашларнинг ўзи эркин сайлов йўли билан тузиладиган демократик орган ҳисобланмайди. Лоақал маҳаллий сайловларда бир оз рақобат яратиш учун мухолифатнинг сайловда қатнашишига рухсат бериш ҳақида таклифлар бўлган эди, бироқ кўряпмизки, бу хусусда ҳеч гап йўқ. Бинобарин, маҳаллий кенгашлар, гарчи расман ҳокимдан ҳисоб сўраш ваколатига эга бўлса-да, ижро ҳокимияти ва ҳокимлар назоратида қолади", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Журналист Улуғбек Ашур Мирзиёевнинг олдинги ваъдаларини таҳлил қиларкан, бу ваъдаларнинг ваъдалигича қолиб кетганини айтади.

Журналист Улуғбек Ашур билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00

Мирзиёев сайловолди учрашувларида 6,5 йил аввал берган ваъдалари нимага бажарилмай қолиб кетаётганига бирор марта тўхталмади.

"6,5 йил пойдевор яратдик, кейинги 7 йилда Янги Ўзбекистон биносини тиклаймиз", деди Мирзиёев жорий йилнинг 30 май кунги нутқида.

Форум

XS
SM
MD
LG