Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Ҳокимлар президент борадиган жойларни ўқитувчиларга тозалатяпти


Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалашда
Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалашда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бориши эҳтимоли бўлган жойлардаги ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари мажбуран жалб қилиняпти.

Бухоро вилоятининг Олот туманида ўқитувчилар зовур қазишга мажбурланаётган бўлса, Андижон шаҳрида ўқитувчи билан тиббиёт ҳамширалари кўчаларни тозаламоқда.

Уч кун олдин Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўқитувчиларни дарсдан ташқари ишларга жалб қилинишига қарши эмаслигини айтган эди.

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги қишлоқ мактабларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, улар уч ҳафтадан буён дала ишларига мажбуран чиқарилмоқда:

“Биз, ўқитувчиларни 20 кундан буён, қаттиқ совуқ бўлишига қарамай, мажбурий равишда захкаш(зовур)ларни қазиб, тозалашда ишлатишяпти. Президент келишига тайёргарлик эмиш. Халқ таълими бўлими мудири дарслар қолиб кетаётгани ҳақидаги эътирозга, “дарсинг билан ишим йўқ, ҳар куни 20 та ўқитувчини олиб чиқасан”, деб, директорларни сиқувга оляпти. Наҳотки ўқитувчининг ҳурмати шу бўлса, нега биз захкаш тозалашимиз керак, нега бировларнинг ишини қулдек бажаришимиз керак”, дейди ўқитувчилардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир олотлик ўқитувчи ҳам уларнинг мактабидан камида 10 киши ҳар куни зовур тозалашга чиқарилаётганини айтди:

“Бугун ўқитувчининг иш қуроли қаламу дафтар эмас, балки, кетмон, бел ва ўроқ бўлиб қолди. Ҳар куни совуқда кўкариб, зовур тозалаяпмиз. Ҳозир ҳам, энамизни кўриб келдик. Ахир, бу нима деган гап? Президентимиз у ёқда ўқитувчи билан шифокорга тегма деб турган бўлсаю, булар эса текин қулларидан ажрашгиси келмаса. Бундан ташқари президент металлоломни ҳам ўқитувчига бекор қилган эди. Лекин бизда ҳар бир соат учун ўқитувчи металлоломга 10 минг сўмдан пул бериши керак. Масалан, мени 15 соат дарсим бўлса 150 минг сўм беришим керак. Булар ўқитувчини эшак қилиб миниб олгану, яна таълим сифати паст, болалар бесавод бўлиб қоляпти, деб нолишади”, дейди ўқитувчи.

Олот тумани халқ таълими бўлими мудири Қодир Хўжаев Озодлик билан суҳбатда, ўқитувчиларнинг ободончилик ишларига жалб қилинаётганини қисман тасдиқлади:

“Ўзларининг мактаби атрофини тозалаяпти, ободонлаштириш қиляпти. Зовур тозалагани йўқ, мактаб атрофида ариғи борми, ери борми, ўшани тозалаш учун ҳашар ташкил қиляпти”, деди Қодир Хўжаев.

“Совқотсак ўт ёқиб исиняпмиз”

Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи улар кўча тозалашга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка айтди:

“Бизни 5-микрорайондаги кўп қаватли уйларнинг олдини тозалашга буюришди. Ҳаво совуқ, қўлларимиз қотиб қоляпти, кўчада ўтин ёқиб исиняпмиз. Бу домлар олдида ноқонуний қурилишлар бор эди, ўшаларни бузиб ташлашган. Энди уни тозалаш ўқитувчилар ва тиббиёт ҳамширалари зиммасига юклатилган. Ҳар куни ҳар бир мактабдан 8-10 киши шу ишларга сафарбар этилади. Президент келишига тозалаб қўйишимиз керак экан. Шогирдларинг уйини олдида супурги ва лопатка кўтариб юрсанг одамга жуда ноқулай бўларкан”, дейди андижонлик ўқитувчилардан бири.

Андижон тумани халқ таълими бўлимидан ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига мажбурланаётганига муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Президент Мирзиёевнинг Андижонга март ойида бориши режаланган. Бироқ президентнинг Бухорога қачон бориши Озодликка ҳозирча номаълум.

“Вазир айтганидан сўнг ҳокимларга Худо берди!”

Исми сир қолишини сўраган андижонлик бошқа бир ўқитувчининг айтишича, Ўзбекистон халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг “ўқитувчи фақат дарсга кириб, таълим бериши керак эмас, уйма-уй юриб тарғиботчи бўлсин” қабилидаги гапларидан сўнг, унинг кўнгли ишдан тамоман совиган:

“Вазиримиз шундай деб турганидан кейин, ҳокимлардан нима кутиш мумкин. Вазир агар мард бўлганида, “ўқитувчининг иши фақат таълим бериш, дарсдан бўш вақтда ҳеч ким уни ишлатишга ҳаққи йўқ”, деган бўлар эди. У бу гапни айтмади ва унинг ўқитувчилар вазири бўлишга маънавий ҳаққи йўқ, энди”, дейди андижонлик ўқитувчи.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов 5 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида:

“Ўқитувчи зиёли, тарғиботчидир. У фақат дарсга кириб, таълим бериши керак эмас. Педагог ўз маҳалласининг фаоли бўлиши жоиз. Маҳалла аҳли ва фаоллари ўртасида жамиятдаги ислоҳотларни тарғиб қилсин. Керак бўлса, уйма-уй юриб, тушунтириши лозим. Шундай фидойи ўқитувчиларимиз борлиги учун жамиятда ривожланиш кузатиляпти. Бу каби ишлар мажбурий эмас, лекин ўқитувчиларимиз ўзининг шижоати билан ихтиёрий амалга оширишса, биз фақат хурсанд бўламиз”, - деган эди.

Вазирнинг ўқитувчиларни дарсдан ташқари ишларга жалб қилинишини олқишлаши ижтимоий тармоқларда катта норзиликка сабаб бўлган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларга уй-жой ажратиб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича махсус лойиҳа ишлаб чиқмоқда.

ЎзА хабарига кўра, лойиҳада устоз-мураббийларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини қонуний ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилаяпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб ободонлаштириш ва дала ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўтган йили пахта мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилояти ҳокимлари ҳам пахта мавсумида ўқитувчиларни теримга чиқармаслик ҳақида ваъда берган бўлса-да, лекин тез орада бу ваъдаларини бузган ва ўқитувчилар пахта тергани жўнатилган эди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг йил давомида ободончилик ишларига ҳам жалб қилинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG