Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:19

Жиззахда яна бир аëл туғуруқдан ўлди. Уч етим олдида ким жавоб беради?


Озодлик Жиззах вилоятида туғуруқдан кейин назоратсиз қолган аёл ўлими учун на бир ташкилот ва на бир шахс жавобгарликка тортилмаганини аниқлади. 31 яшар Гулчеҳра Холмуродова ​21 майдан 22 майга ўтар кечаси Жиззах шаҳридаги Перинатал марказда кўзи ëриган. Икки кун ўтиб ўтиб уйига - Зарбдор туманидаги қишлоғига жўнатилган. Уч фарзанднинг онаси 8 июнь куни бачадонда бошланган кучли инфекция оқибатида ҳаëтдан кўз юмган. Январь ойи бошида прокуратура ходимлари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида етарли назорат ўрнатилмаганини қайд этган эди.​

Ўлимга элтган туғуруқ

21 май куни кечқурун тўлғоғи тутган Гулчеҳра Холмуродова Жиззах вилоятидаги энг янги тиббий жиҳозлар билан таъминланган Перинатал марказига олиб келинган.

Ярим соат-ўтиб ўтмай 4900 грамлик ўғил чақалоқ туққан Гулчеҳранинг аҳволи ҳам¸ туғруқдан кейинги тиббий хулосага кўра¸ соғлом бўлган.

Ками беш кун¸ йўқса¸ бир ҳафта туғуруқхонада врачлар назоратида қолиши кутилган Худойқуловага 24 май куни¸ икки сутка ўтиб-ўтмай уйига жавоб берилган.

Аммо туғуруқдан кейинги тиббий назорат ва муолажалардан маҳрум этилган ëш аëл бир неча кундан сўнг кучли иситма билан касалхонага қайтишга мажбур бўлган.

Бачадонида кучли яллиғланиш бошланган Гулчеҳра бир неча муваффақиятсиз жарроҳлик аралашувидан сўнг¸ 8 июнь куни касалхонада жон берган.

Ўлим сабаби ҳақида берилган тиббий хулоса мазмунидан¸ Гулчеҳра Худойқулованинг операциядан сўнг бошланган томирларда қон тиқилиши оқибатида ўпкага ҳаво етмасликдан жон бергани англашилади.

Аммо яқинлари Гулчеҳранинг ўлими учун уни қонунда кўрсатилган тиббий ëрдамсиз қолдирган соғлиқни сақлаш тизими¸ биринчи галда эса¸ икки кундан сўнг уйига жўнатиб юборган Перинатал марказ врачларини айбламоқда.

- 21 дан 22 майга ўтар кечаси соат 2 да фарзандлик бўлаяпти-да¸ 24-куни эрталаб эри хабар олишга борса¸боланг ҳам¸ ўзинг ҳам соғлом¸ деб жавоб бериб юбораяпти. Уч кундан кейин уйида мазаси бўлмай¸ иситма чиқиб¸ Зарбдор туманидаги геникологияга борса¸ маткангда қон қотиб қолган¸ қаерда туққан бўлсанг¸ шу жойга бор деяпти¸ синглим яна Жиззахга қайтиб келаяпти. Туғруқхона буни геникологияга ëтқазаяпти¸ анализ қилса¸ ичида қон қотиб қолган¸ олиб тозалаяпти. Туққандан кейин тозаламаган улар¸ инфекция шундан бошланган¸ - дейди Гулчеҳранинг акаси Суюнбек Бегимқулов.

"Биздан кетганда соппа-соғ эди..."

Жиззах шаҳридаги Перинатал маркази раҳбари изоҳига кўра¸ Гулчеҳра Худойқулова Зарбдор тумани туғруқхонасида туғиши лозим ҳолда¸ тўлғоқ бошланиши билан ўзича шаҳар марказига келган.

"Марказимизда 165 та ўринга 220 дан ошиқ аëл бўлиши¸ жиддий перегруз билан ишлаëтганимизга қарамай¸ биз бу аëлни орқага қайтармадик. Йўлда туғиб қийналмасин деб¸ уни олдик ва ярим соатдан кейин соппа-соғлом бола туғди. Она ва бола соғлом бўлса¸ уларга икки кунда жавоб беришга ҳаққимиз бор. Шунга Худойқуловани уйига жўнатдик. Районлардаги туғруқхоналар 50 фоизга ишлатган бир пайтда¸ биз 200 фоиз ишлаяпмиз. Врачлар¸ койка етишмайди. Шаҳар туғруқхонаси¸ бир-иккита райондаги туғруқхонаремонтга ëпилганидан бизда шунақа перегруз¸" деди Жиззах Перинатал маркази мутасаддиси.

Бу мутасаддининг таъкидлашича¸ Худойқулова 1 июнь куни марказга қайтиб келиши билан¸ унга барча зарурий муолажалар қилинган¸ инфекцияни тўхтатиш учун антибиотик берилган¸ бачадон тозаланган¸ бироқ натижа бермаган.

Бундай вазиятда бачадон инфекция ўчоғига айлангани учун врачлар 8 июнь куни Худойқулованинг бачадонини бутунлай олиб ташлашга қарор қилди ва операция нормал ўтди. Уни сунъий нафас олишга қўйишди¸ лекин бир неча соатдан кейин ўпка артерияси тромбоэмболияси сабабидан вафот этди. Бунақа пайтда юрак уриши ва нафас олиш бирданига тўхтайди ва ўлим бехосдан бўлади. Деярли ҳеч нарса қилиб бўлмайди”¸ деди Жиззах Перинатал маркази мутасаддиси.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси: Ҳамма масъул¸ лекин ҳеч ким айбдор эмас!

Тиббий ҳужжатларда соппа-соғ туғди¸ деб қайд этилган Гулчеҳра Худойқулова аҳволининг мураккаб жарроҳликни талаб қилувчи оғир ҳолга тушиши учун масъул ким¸ деган саволга Жиззах вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мутасаддиси аëл ўлими учун айбдор сифатида бирор шахсни тилга ола олмаслигини билдирди.

Бу аëлнинг ҳаëтини сақлаб қолиш учун ҳамма қўлидан келганини қилди. Лекин айни пайтда¸ ўлим учун ҳомиладорликни олган Зарбдор туман кўп тармоқлик марказий поликлиникасидан тортиб¸ ҳамма масъул. Биз ўз ичимизда бу воқеани конфеденциал тартибда муҳокама қилдик. Ҳозир Тошкентдагиэкспертлар ўрганаяпти¸ жавобини бизга жўнатишади. Битта ўлим ҳам жуда кўп ва жуда фожиали. Учта боланинг онасиз қолгани учун ҳаммамиз ичимиздан эзилиб ўтирибмиз. Лекин беайб парвардигор. Ўлим учун мана шу одам айбдор¸ дея олмайман”¸ - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ бундай фожиалар такрорланмаслиги учун умуман аëллар¸ хусусан, ҳомиладор аëллар ҳам тўғри хулоса чиқариши лозим¸ деган баëнотни қилди.

Ҳар бир она ëки боланинг ўлими катта фожиа. Учта бола етим қолди. Биз ҳам йиғладик бу воқеадан. Лекин одамларимиз ҳам вазиятни тўғри тушуниши керак. Жиззахдаги Перинатал марказга 28-32 ҳафталик ҳомиладорлик пайтида тиббий назоратга муҳтож аëллар ëтқизилиши керак. Бу марказда ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталари ва туғруқ пайтида юзага чиқадиган мураккаблик учун зарур барча тиббий ускуна бор. Лекин айниқса¸ Зомин ва Зарбдордаги ҳомиладорлар нормал туғруқ учун ўзича келаяпти. Уларни қайтаришга қўрқиб¸ олишаяпти¸ дейди Шунга перегруз. Кейин¸ аëлларимиз шунча тушунтиришларга қарамай¸ ўз саломатликлари соғлом ҳомиладорликка йўл берадими йўқми¸ буниси билан иши йўқ¸ 3-4-болани организм туғруқдан кейин тикланиб олиши учун лозим уч йилни кутмай¸ туғишга шошишади. Нечта бола кўриш уларнинг иши¸ лекин бундан масъулиятли қарорни беришдан олдин¸ ўз саломатликалрини тиклаб олишса¸ врач маслаҳатига қулоқ солишса¸ бунақа фожиалар бўлмайди”¸ дейди Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиси.

Прокуратура жар солгани йўқ!

Марҳуманинг турмуш ўртоғи Алиқул Холмуродов ҳам унинг акаси Суюнбек Бегимқулов ҳам Гулчеҳрани тупроққа берганидан бери ҳозиргача ҳар хил маъракалар билан ўралашиб қолганлари боис бирор расмий идора¸ хусусан прокуратурага шикоятчи бўлмаганини айтади.

7 январь куни Ўзбекистон прокуратура тизими ходимлари билан учрашувда президент Шавкат Мирзиëев бу тизимга оналар ва болалар ўлими сабабларини ўрганиб¸ бу ҳақда жамоатчиликка жар солиш масъулиятини алоҳида эслатган эди.

-Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам етарли назорат ўрнатилмаган. Оқибатда оналар ўлими Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида, гўдаклар ўлими эса Тошкент ва Сирдарё вилоятларида кўпайгани кузатилмоқда. Нима учун бир гўдакнинг ўлимидан кейин ўша вилоят прокурори жар солмайди? Нимага бунинг тагига етиб борилмайди? Кимнинг айби билан ҳаётдан кўз юмди булар? Нима учун шифокор ўз вақтида қарамаган? Шунинг учун ҳаммасини яхшилаб ўйлаб ёзинглар, ҳаммаси учун жавоб берадиган вақт келди¸ - деган эди прокуратура ходимларига президент Мирзиëев.

19 июнь куни Жиззах вилоят ëки шаҳар прокуратурасининг Гулчеҳра Худойқулова ўлими юзасидан ҳозиргача тергов бошлаган-бошламаганини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Аммо, яқинларига кўра¸ Худойқулова ўлимини ўрганиш¸ хусусан¸ бу ўлим юзасидан жар солиш¸ ҳозирча Жиззах вилоят прокуратураси учун аҳамиятли ҳодисалар сирасига киритилмаган.

XS
SM
MD
LG