Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:34

Тошкентдаги тахта бозорида тадбиркорлардан пахта терими учун пул йиғиляпти


Зангиота туманидаги тахта бозори
Зангиота туманидаги тахта бозори

Тошкент вилоят, Зангиота туманидаги “Чиғатой Оқтепа” МЧЖга қарашли тахта бозори тадбиркорларининг иддао қилишича, бозор маъмурияти ҳар бир тадбиркордан пахта мавсуми учун бир ярим миллион сўмдан пул йиғиш ҳақида бозор назоратчисига топшириқ берган.

Тадбиркорларнинг айтишича, Каримов даврида бошланган пахта терими учун тадбиркорлардан пул йиғиш тадбири Мирзиёев президент бўлганидан сўнг ҳам давом этмоқда.

Бозор маъмурияти бозор ҳисобидан пахтага одам чиқариш топшириғи ҳокимлик томонидан берилганини тан олар экан, лекин пул йиғиш ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.

Тошкент вилоят, Зангиота туманидаги “Чиғатой Оқтепа” тахта бозорида ишловчи бир неча тадбиркордан Озодликка келган шикоятда шундай ёзилган:

“Биз Зангиота туманидаги “Чиғатой Оқтепа” тахта бозоридан ёзмоқдамиз. Бизга ҳар бир жой учун бозор маъмурияти 1 500 000 сўмдан пул йиғиб оляпти. Бу тадбирга масъул қилинган бозор назоратчиси Жамил аканинг айтишича, йиғилган пулга пахта терими учун бизнинг ўрнимизга мардикор ёлланар экан. Президентимиз мажбурий меҳнат бизда бўлмайди, деб айтган эди. Лекин, президентнинг гаплари буларга етиб келмабди”.

Озодлик боғланган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозор маъмурияти пул бермаганларга товар олиб киришга рухсат берилмаслиги билан таҳдид қилиняпти:

“Ўтган сешанба куни мажлис қилиниб, Жамил ака деган назоратчимиз шу ҳақда гапирди. Бермаган одам ўзидан кўрсин, бозорга мол олиб киргани қўймайман, деди. Бозорда қарийб 250 тача жой бор. Бир ярим миллион сўм ҳам деярли 190 доллар бўлади. Бозор бўйича ҳисобласак, қарийб 50 минг доллар бўлади экан. Бу пулга қанча мардикор сотиб олади, қанча пахта теради, буниси бизга қоронғу. Президентимиз бу йил кластер қиламиз, ҳеч кимдан пул ҳам йиғилмайди, мажбурий меҳнат ҳам бўлмайди, деб айтган эди. Лекин, ҳеч нарса ўзгармаяпти. Каримов даврида ҳам пул йиғиб берган бўлсак, худди шу ҳолат бугун ҳам давом этяпти”.

“Чиғатой Оқтепа” тахта бозорининг назоратчиси Жамил Юнусов Озодлик билан суҳбатда, тадбиркорларнинг пахта теримига ўзи чиқиши ёки ўрнига одам ёллаб бериши мажбурий қилиб қўйилганини тан олди:

- Бизларга шу пахта тўғрисида гап бўлган эди, чунки бизнинг туман пахтага боради-да. Тадбиркорлар бориши керак пахтага. Пахта фақат муаллимлар билан дўхтирларга йўқ, ташкилот ва тадбиркорларга бор. Тадбиркор пахтага боргани билан у ерда ишламайди, фақат “водка”сини уриб ётади. Шунинг учун ўрнингга одам топиб бер, деяпмиз. Ҳар йили пахта мавсумида ҳамма бозорлар одам беради. Бизга ҳам 160та одам ёзиб қўйишган. Бизлар тадбиркорларга ўзларинг одам олиб келасанлар, деяпмиз. Биз фақат ташкилотчилик қиляпмиз, пул йиққанимиз йўқ, деди тахта бозори назоратчиси Жамил Юнусов.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат мутлақо қўлланилмаслиги шарт эканини 29 майда ўтган видеоселектор йиғилишида гапирган эди:

“Кимга керак пахта? Корхонага керак. Қайси корхона? Қайта ишлайдиган. Ўзини одамлари, ўзи бориб, пул тўласин, ўзи йиғсин. Абдулла Неъматович, сизга бир ой муддат. Ўтган йили қанча қийналдик. Бутун дунё ҳозир болалар меҳнати деб, ўзимизни ўзимиз аҳмоқ қилиб юрганмиз. Қаерга бормасак, болалар меҳнати. Ундан 2-3 миллиард фойдами, ёки ундан кўра обрўни, сиёсатимизни жойига қўйиш керакми. Шунинг учун бир ой муҳлат, ўтган йилги тажрибани қўллаш лозим. Ҳеч қандай, биронта болалар меҳнати, мажбурий меҳнат керак эмас. Мана қанча тўқимачилик комбинатларимиз бор, ўзлари бориб, ўзини пахтасини ўзи териб олаверсин”, - деган эди​ президент.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими кампанияси даврида ташкилот ва корхоналар, савдо муассасалари, бозорлар ишчи-ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатилади.

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштириладиган пахта йиғим - теримида камида 336 минг одам мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG