Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Ўзбекистон пахта далаларидаги қуллик. “Cotton100%” фильми муаллифи билан суҳбат


Cotton 100% асли ўзбекистонлик режиссёр Михаил Бородиннинг ҳужжатли кинодаги биринчи иши.
Cotton 100% асли ўзбекистонлик режиссёр Михаил Бородиннинг ҳужжатли кинодаги биринчи иши.

Михаил Бородин – ўзбекистонлик ҳужжатли кино ижодкори. “Cotton100%” унинг биринчи тўлиқ метражли ҳужжатли фильми бўлди. Фильмда Ўзбекистон пахта далаларидаги қуллик ҳамда икки кучли аёл ҳақида ҳикоя қилинади: аёллардан бири теримчиларнинг ҳуқуқлари учун курашади, иккинчиси эса қишлоқ ҳаёти қийинчиликлари билан олишади.

Картина “Артдокфест”нинг асосий танлов дастурига киритилган.

“Настояшчее время” телеканали билан суҳбатда режиссёр ўз ижодидаги қуллик мавзуси ҳақида сўзлаб берди, шунингдек ўз қаҳрамонларини таништирди.

– “Cotton100%” фильми ҳақида гапириб берсангиз.

– Фильмни идрок этишда унинг номи жуда муҳим: у барча тилларда бир хил ўқилади, барча мамлакатларда ёрлиқларга бир хилда ёзилади. “Cotton100%” деганда позитивни – экологик, қулай ва танани яйратувчи нарсани тасаввур қиламиз.

Бизнинг фильм ана шу ёрлиқ остида баъзан нималар яширинган бўлиши мумкинлиги ҳақида. Унда биз ҳанузгача пахта йиғим-теримида одамлар давлат миқёсида эксплуатация қилинадиган, яъни пахта қуллиги қонунлаштирилган бугунги Ўзбекистон тўғрисида ҳикоя қиламиз. Воқеалар марказида – ҳам пахта теришнинг алмисоқдан қолган усулига, ҳам мажбурий меҳнатга қарши ўзича кураш олиб бораётган икки қаҳрамон аёл туради.

Нега айнан улар қаҳрамон қилиб олинди?

– Улар мутлақо бошқа-бошқа одамлар. Муҳаббат – фермер, у пахта экади. Ўзбекистонда ерга эгалик қилиш мумкин эмас, агар сиз ерни давлатдан ижарага олсангиз, унда муайян миқдорда пахта етиштириб беришга мажбурсиз. Шу билан бирга, Муҳаббат далалардаги меҳнат шароитини мониторинг қилади. Аксар теримчилар далага ўз хоҳиши билан чиқишмайди, уларни ишдан бўшатиш таҳдиди остида пахта теришга юборадилар.

Иккинчи қаҳрамонимиз – Елена Урлаева, кўп йиллардан бери давлатнинг одамларни пахта теришга мажбур қиладиган ноқонуний усулларини фош қилиб келаётган жасур ҳуқуқ фаоли. Иккала қаҳрамонимизнинг мавзуга қаттиқ киришиб кетганлиги сюжетни ҳаракатга келтиради, аммо биз, албатта, уларнинг хусусий ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларга ҳам ўрин берамиз.

– Фильмни томоша қилган одамда гўё бутун мамлакатни аёллар тутиб тургандек тасаввур ҳосил бўлади. Бу қанчалик ҳақиқат?

– Ўзбекистон ростдан ҳам аёлларга суяниб қолган, кўп эркаклар чет элда ишлаб юришибди, оила ташвиши эса аёлларнинг зиммасида. Фильмда ҳам шунга ўхшаш: Муҳаббатнинг турмуш ўртоғи инсультдан кейин яримжон бўлиб қолган, шу боис барча иш қаҳрамонимизнинг гарданига тушган. Ой-куни яқинлашган келинига яхши қарашлари учун туғруқхонага бориб докторлар билан гаплашадиган ҳам у, пахта нормасини деб амалдорлар билан талашиб-тортишадиган ҳам у. Муҳаббатнинг уйида уч оила истиқомат қилади, Муҳаббат барчани бошқаради, уларнинг келажаги учун қайғуради.

Cotton 100%. Фильмдан кадр. Михаил Бородин.
Cotton 100%. Фильмдан кадр. Михаил Бородин.

Еленага келсак, у жамоат фаоли. Активизм ҳам асосан аёлларга суянади, уларда эмпатия ва масъулият кўпроқдек туюлади. Бу фронтнинг олд чизиғида аёллар кўпчиликни ташкил қилади.

– Қаҳрамонларни қандай топдингиз, улар билан бирга ишлаш қандай бўлди?

– Қаҳрамонларимизни икки ойдан ортиқ изладик, ишнинг бошланғич нуқтасини топиш учун бутун мамлакатни кезиб чиқдик. Еленани аввалдан таниймиз. Менинг ҳамкорим ва оператор Тимур Карпов Ўзбекистонда яшайди ва ушбу мавзуда бир неча йилдан буён иш олиб боради. Елена иккиси қадрдон бўлиб қолишган, Тимур унинг мониторингларини суратга олиш учун вилоятларга тез-тез чиқиб турарди. Умуман, Еленани тасвирга олиш осон – у ғайратли аёл, макон ва камера билан ишлаш кўникмаси бор.

Муҳаббатга келсак, уни топишимизга Тимурнинг онаси – оператор Умида Аҳмедова ёрдамлашди. Икковлари олдин ҳам бирга ишлашган. Муҳаббат жуда сипо аёл, унинг ёнига йўлаш осон эмас. Биз пахта теримининг айни авж палласида унинг уйида икки ҳафта турдик. Айни ўша даврда унинг оиласида чақалоқ дунёга келгани, маросимлар ўтказилгани фильмнинг бўёқдорлигини оширди. Ҳужжатли фильм усталари бунақа воқеаларни тақдир инояти деб билишади.

Миллий маросим ва одатларни фильмга киритиш нега керак бўлди?

– Улар асосий воқеаларни бўрттиради. Бу ҳикоянинг мағзи атрофидаги чиройли ҳошия ёки гардиш каби. Омадимиз бор экан, қаҳрамонимизнинг уйидаги шунақа маросимларда қатнашиб, суратга ҳам олдик. Боз устига, ўша кунлар теримга чиқишга қистаб уникига мулозимлар келиб қолишса бўладими! Ҳолбуки, Муҳаббат кечагина бир теримни тугатган, янги теримни бошлаш учун пахта очилиб улгурмаганди ҳали. Биз ўша куни мутлақо бошқа саҳнани олишни мўлжаллаб тургандик, оила аъзоларидан бир неча киши туғилган кунга бозор-ўчар қилишга кетишганди, саҳарлаб жўнаб кетишган экан, уларни кўрмай ҳам қолибмиз. Кайфиятимиз тушиб, энди нима қилсак экан, дея ўйланиб турганимизда машинада амалдорлар келиб қолишди ва биз ишга тушдик. Худди шу саҳна фильмни жамлашга ёрдам берди.

Михаил Бородин.
Михаил Бородин.

– Ўзбекистон учун пахта бу иқтисодиётнинг негизидир. Лекин у сиз ва фильм учун нега бунчалик муҳим?

– Мен бешинчи синфдан бошлаб далада пахта тердим, пахтани деб кузда икки-уч ой ёлчитиб дарс ўтмасдик. Бир-икки соат ўқирдигу этакларимизни кўтариб, далага жўнардик. Аммо у пайтлар буни ёмон деб ўйламасдик. Мактаб ўқувчиларининг ўқишдан қолиб, ёппасига пахтага чиқиши нақадар даҳшатлигини кейинроқ англадик. Ҳозирда болалар меҳнатидан расман фойдаланилмайди, лекин болалар ота-оналарига ёрдамлашиш учун барибир те-тез далага чиқишяпти барибир.

Умримнинг Ўзбекистонда кечган катта қисмида шуни тушундимки, мамлакатда, айниқса пойтахтдан ташқарида бутун ҳаёт далалар атрофида айланар экан. Ҳа, кўпчиликнинг тирикчилиги шунга боғлиқ. Пахтани узоқ сақлаш мумкин, бинобарин, сотишда муаммо бўлмайди, унга ҳатто санкциялар ҳам халал беролмайди. Муаммо шундаки, пахта етиштириш учун ниҳоятда зарур нарса – сув танқислашиб кетди. Ва бунақа кўламда пахта етиштириш мамлакат учун фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтирмоқда. Ўзбекистон камбағал мамлакат, камбағаллар билан бойлар ўртасида тафовут жуда катта, шу боис йўқсил одамларнинг далага чиқиб кетмон чопишдан, пахта теришдан бошқа чораси қолмаган.

– Пахта қуллиги барҳам топиши учун нима ўзгариши керак?

– Биз бу саволга жавоб изламадик. Статус-квони, яъни мавжуд аҳволни борича кўрсатишга, ўзи билан ёнма-ён яшаётган, эксплуатация қилинаётган бечоралар тақдирига бефарқ бўлмаган жонкуяр инсонларни кўрсатишга уриндик. Мамлакатни қандай ўзгартириш мумкинлигини билмайман. Ақлимга келган биринчи гап шуки, қўлда теришни бас қилиб, машиналардан фойдаланишга ўтиш керак. Лекин энг муҳими, менимча, мамлакатни хомашёга қарамликдан қутқариш йўлларини ўйлаб топиш лозим.

– Бу бир анъанаки, кўпдан бери ундан кеча олишмаяпти, тўғрими?

– Ҳа, биз ушбу мавзуни ёритишга қўл урган биринчи одам эмасмиз. Каримов бошқаруви йилларида мажбурий меҳнат ва пахтакорларнинг аҳволи назардан четда қолганди, бироқ фильмимизни қўллаб-қувватлаган халқаро ташкилотлар узоқ вақтдан бери теримчиларнинг меҳнат шароитини яхшилашга ҳаракат қилиб келишмоқда. Биз олган фильм, агар уни кескинроқ ифодалайдиган бўлсак, капитализмга қарши мулоҳазалардир.

– Фильмни суратга олишдан мақсадингиз нима эди?

– Мен бу фильмни ўз мамлакатимни яқиндан таниш учун олдим.

– Бунга муваффақ бўлдингизми?

– Ҳа! Россияда анча яшаганимдан сўнг бу ерга қайтишга ва Ўзбекистонга янги кўз билан қарашга эҳтиёж сездим. Бу уч ойлик сафар ва Муҳаббатнинг хонадонида ўтказган кунларим ниятим рўёбга чиқишига ёрдам берди.

Бу сизнинг дебютингизми?

– Ҳужжатли кинода – ҳа. Яқинда тўлиқ ҳажмдаги илк бадиий асаримни ҳам тугатдим, шу ҳафта уни Берлиналедаги “Панорама” дастурида намойиш этишади. Карьерам давомида бир нечта қисқа метражли фильмлар ҳам ишлаганман.

– Нега ўзингизни ҳужжатли кинода синаб кўришни хоҳлаб қолдингиз, нега айнан Ўзбекистонда?

– Ичимда бир ҳис бор эди – гўё ниманидир охиригача ўрганмагандек эдим. Мен билан бирга яшаган инсонларни, ҳатто ўзимни ҳам тугал танимайдигандек эдим. Россияга кўчиб кетганимда ўзимни ватанига қайтаётган рус каби ҳис этгандим. Аммо, Москвада яшай бошлаганимдан сўнг мутлақо рус эмаслигимни фаҳмладим. Бинобарин, менинг қайтишим шахсий масала эди, туғилиб ўсган еримга қовушиш, камера нигоҳи билан ўзимга назар солиш муҳим эди мен учун.

Cotton 100%. Фильмдан кадр. Михаил Бородин.
Cotton 100%. Фильмдан кадр. Михаил Бородин.

– Ижодингизда қуллик мавзуси қандай пайдо бўлди?

– У қандай келиб қолганини билмайман. “Cotton100%” фильмини яратиш жараёнида тизимли зўравонлик ва мажбурлаш мавзуси шаффофлашиб, менга яқин бўлиб қолди. Одамлар қандай қилиб бунақа аҳволга тушишини англагандек бўлдим. Ушбу мавзу муносабати билан эътиборимни тортган биринчи нарса – бу “Гольяново қуллари” воқеасидир. 2012 йили бир гуруҳ фаоллар Москванинг Гольяново туманидаги озиқ-овқат дўконларидан бирида ташқарига чиқмасдан қул қилиб ишлатилган талай одамни озод қилишган эди.

Ўша материалларни ўрганар эканман, одамлар ўз ихтиёрига хилоф равишда не кўйлар тушиши мумкинлигини кашф этдим. Бу туганмас қуллик гирдоби мени ҳам ўз домига тортди. Гольяново қуллигидан халос қилинган аёлларни топиб, гаплашдим. Фаоллар билан учрашдим. Биргаликда қулликка етказиб бериладиган охири кўринмас одамлар оқими ҳақида материаллар тўпладик. Қаранг, ҳар куни 10 минг кишини озод қилсангиз, 10 йилда ер юзида қуллик тугар экан, тасаввур қиляпсизми!

Дарвоқе, қуллик фақат меҳат билан чекланмайди, ғайриихтиёрий никоҳ, жинсий қуллик ва яна бир қанча турлари бор унинг. Мен учун пахта билан бошланган бу мавзу “Продукты-24” фильмида давом этди.

XS
SM
MD
LG