Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Президент теримга, фермерлар пахтага қанча ҳақ тўланишини билмайди


Озодлик суҳбатлашган фермерлар Мирзиёев жорий қилган кластер тизими ўзларига ҳеч нарса бермаётганидан шикоят қилди
Озодлик суҳбатлашган фермерлар Мирзиёев жорий қилган кластер тизими ўзларига ҳеч нарса бермаётганидан шикоят қилди

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими авжида, айни пайтда Озодлик гаплашган андижонлик, наманганлик, жиззахлик ва қашқадарёлик фермерлар бу йилги пахта ҳосили учун қанча ҳақ тўланишини ҳануз билмаётганликларини айтишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни сурхондарёлик сайловчилар билан учрашув чоғида терилган бир кило пахта учун теримчига неча пул тўланаётганидан бехабар эканлигини айтган эди.

Ҳосилни мажбурий меҳнатсиз териб олаётганини тасдиқлаган фермерлар бу йилги ғалладан “минусда чиқишгани”, пахтадан ҳам фойда кўрмаслик эҳтимоли катта эканини айтишмоқда.

Озодлик суҳбатлашган барча фермерлар кластер билан ҳамкорлик уларга ҳеч нарса бермаётганидан шикоят қилди.

Озодлик Наманганнинг Мингбулоқ, Андижоннинг Бўстон (Бўз), Жиззахнинг Дўстлик, Қашқадарёнинг Косон туманларида ишлаётган фермерлар ҳамда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида ишловчи 10 га яқин фермер ишини ўрганган фаол билан гаплашди.

Озодлик саволларига 14 октябрь куни жавоб берган фермерларнинг барчаси маҳаллий ҳокимларнинг эҳтимолий босимидан қўрқиб, исмлари айтилмаслигини сўради.

Озодлик аввалига фермерларнинг ҳикояларига қулоқ тутди:

Мингбулоқлик фермер:

- 46 гектар ерга пахта экканман. Вилоят ҳокимлиги гектаридан 35 центнердан пахта топширасан, деб талаб қиляпти. Еримнинг балл бонитети 60. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, имкониятим 24-25 центнер. Лекин шу кунгача 30 центнердан ҳосил кўтардим. 33 центнерга етказсам керак. Чунки кластер берган дорига қўшимча ёнимдан сарфлаб дори солдим. Пахтамни аҳоли терди. Фермерлар теримчиларни ўзлари гаплашиб олиб келяпти. Бизга асосан Фарғона туманида яшайдиганлар келади. Килосига 1200 сўмдан бериб тердирдим.

Фермерни қийнаётган масалалар:

- Биринчи масала-иқтисодий самарадорлик эмас, балки пахтанинг ҳажмини талаб қилиш ҳануз сақланиб қоляпти. Фермер қанча даромад қилиши юқоридагиларни мутлақо қизиқтирмаяпти.

Фермер қанча даромад қилиши юқоридагиларни мутлақо қизиқтирмаяпти.

Ҳозиргача пахта нархи аниқ эмас. Пахтани топшириб қўйдик, лекин неча пул олишимизни шу кунгача билмаймиз. Бир кило пахтамиз таннархи 6500 сўмга тўхтаяпти. Бунинг ичида териш учун тўлаганимиз 1200 сўм ҳам бор. Ўтган йили 5500 сўмга тўғри келган таннарх. Кластер бизга 4800 сўмдан тўлаган. Ҳар гектар ердан неча пулдан даромад қилишни мўлажаллаб турибсиз, деган саволингизга ўрин йўқ. Даромад қилмайман. Тепадагилар фақат кластерга ён босяпти. Фермерни ҳеч ким ўйламаяпти.

Бўзлик фермер аёл:

- Ерим 30 гектар. Бу йил пахтадан деярли озодман. Бу йил асосан сабзавот етиштирдим. Лекин 3 гектар ерда пахтам бор. Ҳосил яхши. Ҳали терганим йўқ. Энди тераман. Чунки бошқа ишларим бор эди. Кластер билан келиша олмаймиз. Шунинг учун ўйланиб турибман. Тўғри, тунов кунги ёмғирларда пахтам оқиб кетди. Лекин биринчи терим пахтамни яхши топшириб олсам керак. Пахтани ўз оилам, қариндош-уруғим биланоқ териб оламиз. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам чиқади биринчи терим десак. 1200 сўмдан тўланяпти ҳозир бир кило пахта тергани учун. Туманимиз бўйича ҳам биринчи терим тугагани йўқ. Гектаридан 30 центнер олишни кўзлаб турибман. Пахтамнинг таннархини билмайман. Пахтани неча пулдан олишини билмаймиз ҳалигача.

Пахтакор фермерларни энг қийнаётган муаммо – кластер. Чунки кластерга бойлар ўтириб олган.

Фермерни қийнаётган масалалар:

- Пахтакор фермерларни энг қийнаётган муаммо – кластер. Чунки кластерга бойлар ўтириб олган. Улар шундай эканки, бу ҳақда мен президентга ҳам ёзмоқчиман, уларга президентнинг қарори ўтмайди. Масалан, ўтган йили пахтанинг харид нархини 4500 сўмдан белгилади. Кейин нарх-наво ўсиб кетгани учун 330 сўм атрофида қўшимча тўлаш ҳақида қарор чиқарди. Кластер буни инобатга олмади. Хоҳлаган жойингга бор, қўшимча тўламайман, деб туриб олди. Тўламади қўшимчани.

Фарғона вилояти билан чегарадош ҳудудда ишлайман. Мен Фарғонадан трактор олиб ўтиб, еримни ҳайдатаман. 30 литрдан ёғ қуйиб бераман. 125-130 минг сўмдан бир гектар ерни ҳайдатаман. Ўзимизнинг кластер эса, битта тракторга бешта текинхўрни бириктириб қўйган. 350 минг сўмдан ҳайдайди 5 литрдан соляркаси билан 1 гектар ерни.

Президент кластер фермерга ёрдам беради, деган эди. Амалда тескариси бўляпти. Дорилар масаласи. Масалан карбамид. Магазинларда ҳам сотиляпти. 1 тоннаси 2 млн 100 минг сўмдан. Кластердан олсангиз, 2 млн 800 минг сўмдан бошланади. Аммофос магазинда 4500 бўлса, кластерда 6500.

Азимбой Отаниёзов, Инсон ҳуқуқлари “Оқбошқур” жамоат бирлашмаси раҳбари,

Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида 10 га яқин фермер билан суҳбатлар ўтказган:

- Бу йил Қорақалпоғистонда пахта ҳар йилгидан кам бўлди. Сабаби сув тақсимоти умуман издан чиққан. Сувнинг катта қисми шолига кетиб қолди. Ҳеч ким билан шартнома тузмаган олигархлар, кимлигини ҳеч ким билмайди, минглаб гектар шоли экди.

Бир мартагина суғорилган далалар бор. Шу сабабли пахта бу йил ниҳоятда кам.

Айни пайтда сув идоралари билан шартнома тузган фермерлар шартномадаги сувни ололмади. Ҳатто бир томчи ҳам олмаганлари бор. Бир мартагина суғорилган далалар бор. Шу сабабли пахта бу йил ниҳоятда кам. Теримчи ҳам кам. Ҳар йилгидай мажбурлаб чиқарилганда пахта далада умуман қолмас эди. Шунинг учун ҳозирча далада пахта бор.

Фермерлар кластер билан шартнома имзолаган. Лекин пахтасини неча пулдан сотишини билмайди. Бундай шартномани нега имзолайсиз, деб сўрасам, имзолмаслик имконсиз, дейишди. Фермерларга оғзаки айтилибди 7000 сўм атрофида бўлади деб. Лекин аниқ гап йўқ. Бултур қарийб 4900 сўмдан тўланган.

Косонлик фермер:

- 15 гектар ерга пахта экканман. Икки марта тердирдим. Пахтамни деярли териб бўлдим. Шартнома бўйича гектаридан 32 центнердан, ҳаммаси бўлиб 48 тонна пахта топширишим керак эди. Лекин мен 35 тонна топширдим.

Сув таъминотида адолатсизлик катта. Ҳокимга, прокурорга, умуман катталарга тегишли ерларга сув биринчи навбатда берилади.

Сув тақчил бўлгани учун пахтани бу йил бир мартагина суғордим. Шунинг учун ҳоким шартномадаги мажбуриятимни 13 тоннага пасайтириб берди. Биринчи теримда олинган 18 тоннани 5700 сўмдан топширдим. Лекин нарх аниқланса, яна ҳисоб-китоб қилсак керак.

Фермерни қийнаётган масалалар:

- Ҳокимликнинг фермерларни ҳомийликка мажбурлашидан чарчадик. Унга пул ўтказ, бунга ёрдам қил... Шахсан мендан ўтган йили Сардоба тошқинидан жабрланганларга деб 2 тонна буғдой олишган. Бундан ташқари ҳатто туманнинг электрдан қарзиниям бизнинг пул ҳисобига ёпишади.

Сув таъминотида адолатсизлик катта. Ҳокимга, прокурорга, умуман катталарга тегишли ерларга сув биринчи навбатда берилади. Уларнинг ери сувга тўйганидан кейин ортиб қолса, бизга беришади.

Дўстликлик фермер:

- 36 гектар пахтам бор. Биринчи терим деярли тугади. Гектаридан 24-25 центнердан ҳосил олдим ҳозирча. Яна 5 центнердан чиқади. Кластер билан имзоланган шартномада 36 центнердан топширишим ёзилган. Бунча пахтани беролмайман. Чунки ёзда кўсак қурти тушди. Табиий офатдай гап бу. Кўсак қуртидан суғурта қилдирган эмасман.

Пахтани асосан аҳоли терди. Водийдан, Самарқанддан, Навоийдан одам олиб келиб тердирдик. Терим учун килосига 1400 сўмдан тўладик. Жиззах билан Сирдарё учун шундай нарх белгиланган. 20 фоизчаси машиналарда терилди. Машина МТПники.

Ҳокимлик 80 кило терган одамга 1 килодан мой берасан, деди. Буям бизга зарар бўлди.

Бу йил бир кило пахтанинг таннархи неча пул бўлишини ҳисоб-китоб қилмадик. Лекин зарар билан чиқишимиз эҳтимоли кўпроқ. Чунки ҳаражат кўп бўлди, кўп дори ишлатилди, кўсак қуртига қарши курашгаям пул кетди, бундан ташқари ҳокимлик 80 кило терган одамга 1 килодан мой берасан, деди. Буям бизга зарар бўлди. Ёғ сотиб олишнинг ўзига ҳар бир фермер 5-6 миллиондан пул сарфлади. Пахтани неча пулдан сотишимиз ҳалигача номаълум.

Фермерни қийнаётган масалалар:

- Деҳқон зарарига ишлаганидан кейин ишдан кўнгли совиб кетаркан. Ғалладан ҳам минусга чиқувдик. Пахтаям шундай бўладиган бўлиб турибди.

Кластер тизимидан фермерга фойда бўлмаяпти. Кластер бўлганига мана бу йил - учинчи йил. Ҳалиям тушунганимиз йўқ нима учун бундай қилинганини. Айни пайтда бизнинг кластер таъминотни яхши қилиб беряпти. Соляркани берди, иш ҳақини берди, дорини олиб келиб берди, ғалла экиш учун уруғниям берди. Таъминот яхши, лекин охирида ҳисоб-китоб қилсак, бизга ҳеч нарса қолмаяпти.

Аввал воз кечилиб, кейин тайинланган нарх

Президентнинг 2019 йил 23 октябрдаги қарори билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилиши белгилаб қўйилган эди.

Лекин шунга қарамай, 2020 йилнинг 23 октябрида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштирилган тўртинчи тип иккинчи нав биринчи синф 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 4522,5 минг сўм қилиб белгиланган эди.

Фермерлар шу кунда бу йилги нархлар эълон қилинишини кутмоқда.

Фермерлар бу йилги ҳосилни неча пулдан сотишни билмай турган бир пайтда президентнинг ўзи терилган пахта учун неча пул тўланишини билмаслиги маълум бўлди.

8 сентябрда сурхондарёлик сайловчилар билан учрашув чоғида президент бундай деди:

Ҳозир мен президент бўлиб, пахта теришда килосига неча пул берилаётганини билмайман.

“Бир вақтлар яхши пахта терганга битта гилам бериларди, раис бир марта ош қилиб берарди. Ҳозир мен президент бўлиб, пахта теришда килосига неча пул берилаётганини билмайман. Керак бўлса 3 минг сўмдан бериб тердирсин. Чунки пахтани манфаат етиштиряпти. Теримчида ҳам манфаат бўлмаса, термасин! Уни ҳеч ким мажбурламайди”.

Вазирлар Маҳкамасининг 30 августдаги қарорига асосан, жорий йил пахта терими мавсумида пахта терувчиларга бериладиган ҳақ миқдори белгиланган.

Қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килосига биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.

XS
SM
MD
LG