Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

OzodTarmoq: Андижон фожиаси ҳақида ўша пайтда ўсмир бўлганлар ўз фикрини билдирди


Андижон. 2005 йил, 13 май.
Андижон. 2005 йил, 13 май.

Бундан 15 йил олдин Андижонда содир бўлган тўқнашув ҳақида нима биласиз? Бу саволни Озодлик мухбири ўз facebook саҳифасига 13 май куни илиб қўйди. Бу саволга кун давомида жавоб берганларнинг аксари 2005 йилнинг 13 майида 15 ëки 16 ëшда бўлган. Суҳбатдошлар йиллар давомида қўрқинчли туш каби туюлган бу воқеа борасида энди гапиришга журъат топганини айтишди.

Темур Қутбиддинов 33 ëшда. Блогерлик қилади ҳамда коллежда дарс беради. У 2005 йилнинг 13 майида Андижондаги Бобур майдонига тўпланганлар орасида бўлган.

14 майга ўтар кечаси у қўзғолон иштирокчиларига қўшилиб Қирғизистон чегарасидаги Қорағунон қишлоғигача боради.

Темур ўз ҳикояси давомида ҳукумат аскарлари ўққа тутган пайтда буғдойзорлар оралаб қочиб, Андижонга қайтганини айтади. Темур ўз ҳикоясини биринчи марта айтиб бермоқда. Темурнинг иддаосига кўра, 13 майдаги "қўзғолон ҳукумат томонидан уюштирилган ва бошқариб турилган". Темур ўз кўрган-кечирганларини Озодлик микрофонига гапирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:15 0:00
Бевосита линк


Тошкентлик тиббиëт ходими, Шер Ҳожи тахаллуси билан блог ëзадиган муштарий назарида нафақат ëшлар, балки катталар ҳам Андижон фожиасини эсламасликка интилади:

“Тарих унуттирилмоқда. Тарих атайин ўчирилмоқда. Тарих айнан сиёсий манфаат қўлида қуролга айланмоқда. Энг ачинарлиси ўзбек халқи у ерда бўлган асл воқеани англаб етмади ва тушунмади. 20 ёшли авлод, яъни менинг тенқурларим ҳаттоки шунақа кун бўлганини ҳам билмайди. Билганлари эса андижонликларни "нонкўрликда" айблайди. Мана шу энг ачинарли фожиамиздир аслида”.

Сурхондарëлик блогер Бек Шоюсупов эса исëнчиларнинг қурол ëрдамида бостирилганини тўғри деб билади: “Балки энг туғри йул шу бўлгандир. Бошқа такрорланмаслиги учун шу йул тутилгандир. Ва шундан кейин бошқа такрорланмадику?!” деб ëзади блогер.

Сирдарëлик тарих ўқитувчиси Ихтиëр Эсонов эса, унга қарши чиқиб “гўдакларни, аёллар, кексаларни отиш агар тўғри бўлса демак сиз хақсиз” дейди:

“Гюгонинг бир гапи бор - ҳар қандай революция, қўзғолонларда маьлум бир молиявий доираларни қизиқишлари ётади. Бунда ҳукуматни​ қора қўли бўлишиям мумкин. Чунки қўзғолонни бостириш давлат аталмиш организмни қон чиқариб ўз организмини тозалаб кучайтириб олишдай гап. Бунда армия полиция ва бошқа ҳукумат​ кучлари жипслашади. Бундай воқеалар ё атайин уюштирилади ёки бўлишини билсаларда индамай қўйиб беришади кейин бостириш учун.”

Андижонлик блогер Шавкат Усмонов эса оқни қорадан ажратадиган вақт ҳали келмаганини ëзади:

“Албатта, кун келиб бу хунрезликни содир қилган, ожиз, умид билан пошшосидан адолат кутиб кўчага чиққан минглаб ожиз халқини отиб ўлдириб қахрамон бўлган амалдор хоинлар хаммаси учун жавоб беришади.”

Тимур Темуржанов исмли блогер ҳам мунозарага қўшилиб “Бу уюштирилган дейдиганлар боринглар Мирзиёевдан сўранглар. У киши ўша ерда бўлган” деб ëзди.

Хоразмлик блогер Иномжон Балтаев “мустақил комиссия тузиб,батафсил ўрганиш керак Андижон воқеаларини” дея таъкидлади.

Баҳсга қўшилган катта авлод вакили¸ мухандис ва тармоқ фаоли Мирза Анвар Ҳамидов "Андижон фожиасида асосий айб ҳукуматда!" дея айблов қўяди.

"Қўлида шунча имкон, шунча куч, шунча манба бўлишига қарамай, юзлаб (балки минглаб) одамларнинг ўлишига сабабчи бўлди! Ўз халқини ҳар қандай фожиадан сақлаб қолиш ҳукуматнинг энг биринчи вазифаси!Вазифасини бажара олмадими, ўз ихтиёри билан ëки мажбуран вазифасидан бўшатилиши керак!"

АҚШда яшовчи сиëсатшунос Рафаэль Сатторов Озодлик билан суҳбатда Андижон воқеалари пайтида 15 ëшда бўлгани ва 15 йилдан бери қатор саволларга жавоб топа олмаганини айтади:

“Андижон воқеаларида катталар қатори ўспиринлар ҳам иштирок этган эди. Улар менинг тенгдошларим. Уларнинг кейинги 15 йилдаги ҳаëти қандай кечди? Бу фожиа улар тақдирида қандай роль ўйнади? Шу савол ўрганилмай қолмоқда" деди суҳбатдош.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:33 0:00
Бевосита линк


XS
SM
MD
LG