Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Андижон фожеаси: 14 майда нима бўлган эди?


Андижон 2005 йил, 14 май. Озодлик мухбири олган сурат.
Андижон 2005 йил, 14 май. Озодлик мухбири олган сурат.

Андижон фожеасининг эртаси, 14 май куни шаҳардаги Бобур майдонида яна минглаб одамлар йиғилиб одамларни автомат ва БТРлардан ўққа тутганларни жавобгарликка тортишни талаб қилган, бир кун олдин ўққа учганлар жасадларини Бобур ҳайкали остига йиғган эди. Озодлик мухбири 14 май куни Андижонда кўрганларини ҳикоя қилади.

Андижоннинг тинчи бузилди

Андижон фожеаси ҳақидаги хабарни биз 13 май куни эрталаб соат тўққизларда Тошкентнинг Қори Ниёзий кўчасида жойлашган Озодлик офисига ишга борганда эшитдик.

Бу ҳақда ўша куни эрта тонгда Озодликнинг Намангандаги мухбири Носир Зокир Прагага хабар берган эди. Воқеаларни ёритиш учун Носир ака Андижонга кетган, дейишди. Лекин тушга яқин "Носир Зокирни Андижонга киритишмабди, у ортга қайтибди" деган хабар келди.

Носир акага кўра, Андижонга элтадиган барча йўллар ёпилган, бегона одамлардан ҳеч ким вилоят ҳудудига киртилмаётган эди.

Шундан сўнг Прагага телефон қилиб, Андижонга киришга яна бир бор уриниб кўришга рухсат сўрадим. "Майли" дейишди, маслаҳат қилиб, тожик хизмати мухбири Мирасрор Фарғонийнинг Нексия автомобилида тушдан кейин таваккал йўлга чиқдик. Бизга қозоғистонлик Расул деган журналист ҳамроҳ бўлди.

Андижонга элтар йўллар ёпилган

Андижон вилоятига чегарадош Наманганнинг Норин туманига қоронғи тушганда кириб бордик. Наманган-Андижон чегарасидаги пост тўсиб қўйилган, бирорта ҳам машина у томон ўтказилмасди.

Машинадан тушиб, пост бошлиғининг олдига бордик ва биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган журналистлар эканлигимизни, бизни тўхтатиб қолишга уларнинг ҳақи йўқлигини тушунтира бошладик.

Лекин эллик ёшлардаги капитан бизнинг гапимизни умуман эътиборга олмас, икки оёғини бир этикка тиқиб олган эди. Тахминан ярим соатлардаги уринишимиз натижа бермади. Кейин мен Ташқи ишлар вазирлигининг ўша пайтдаги матбуот котиби Илҳом Зокировга қўнғироқ қилиб, бизни постда асоссиз ушлаб туришгани ҳақида шикоят қилдим.

Илҳом Зокиров: "Телефонни ўша зобитга беринг", деди. Илҳом ака, билмадим, телефонда унга нималардир деганидан сўнг, зобитнинг ҳовури анча босилди. У фақат бир гапни айтди:

“Сизларнинг хавфсизлигингиз учун мен жавоб бермайман, кетаверинглар!”

Биз йўлни давом эттирганимизда аллақачон атроф қоп-қоронғу бўлиб қолган эди. Тахминан ярим соатлар юрганимиздан сўнг Андижон шаҳри чегарасига етдик. Лекин, билмадим, биз қайси жойдан чиқдик, бир кўприкнинг усти БТРлар билан тўсилган, атрофда қуролланган аскарлар автоматларини нариги томонга қаратиб туришарди.

Мирасрор ака мошинасини тўғри уларнинг олдига ҳайдаб бориб тўхтатди. Шу пайт бир зобит югуриб келиб, бизга бақира бошлади: “Кимсизлар, нега бу ерга келдиларинг, кетинглар бу ердан”, деб. Биз ҳужжатларимизни кўрсатиб, Андижонга кирмоқчи эканлигимизни айтдик. Шунда зобит тутоқиб кетди:

“Эс-ҳушларинг жойидами? Ҳозир бу ерга қуролланган оломон келяпти, кетларинг бу ердан!”

Биз шаҳарга кириш учун бошқа йўл ахтариб кетдик. Мирасрор ака мошинасини қандайдир маҳаллаларнинг ичкариси билан ҳайдаб, шаҳар четига чиқиб қолди. Бироқ бу жойда ҳам битта БТР ва ўн чоғли аскар турар эди.

Лекин бу аскарлар ҳужжатларимизни кўрганидан сўнг ўтказиб юборишди. Улар шаҳар марказида отишма бўлаётгани боис, у ерга бормаслигимизни маслаҳат берди. Менимча, биз шаҳарнинг тўртинчи микрорайонига кириб боргандик ва ўша ердаги меҳмонхоналардан бирига жойлашдик.

Аскарлар постлари аро майдон сари

Эрта тонгда, яъни 14 май куни тонг отиши билан марказга қараб пиёда йўлга чиқдик. Марказга элтадиган кўчалар бўм-бўш, ҳар 400-500 метрда БТРлар билан аскарлар туришарди.

Ҳужжатимизни кўргандан сўнг бу аскарлардан бирор нафари бизга монелик қилмади ва биз тахминан соат олтиларда фожеа рўй берган машъум жой - Бобур майдонига кириб бордик.

Сукунат чўккан майдон

Ўша тунда шивалаб ёққан ёмғир тонгга яқин тўхтаган, ҳаво намчил эди. Майдонга етиб боргунимизча йўлнинг ҳар жойида аскарларнинг ё дарахтлар ортида, ёки бетон тўсиқлар атрофида ниманидир кутаётгандай писиб ётганини кўрдик.

Андижон 14 май, 2005 йил
Андижон 14 май, 2005 йил

Майдон марказида эса тирик одам зоти кўринмас, атрофда БТРлар турар, аскарлар ва фуқаролик кийимидаги шахслар айланиб юрарди. Майдоннинг четида устига латта ёпиб қўйилган жасадга кўзимиз тушди. Бориб расмга олдик, ундан нарироқда яна жасадлар ётар, лекин бу жасадларнинг қўллари боғланган ҳолда эди. Яна майдоннинг ҳар четида эркакларнинг жасадлари кўринди. Шу пайт майдон яқинидаги домлардан уч-тўрт одам чиқиб келди. Улардан кеча нима бўлганини сўрадик. Бу одамлар бундай даҳшатни биринчи бор кўрган шекилли, қўрқувдан қалтирар, бизга эса шубҳаланиб қарарди. Микрофонларимизни чиқаргандан сўнг эса индамай уйларига кириб кетди.

Жуда ҳам совуқ ва хавотирли сукунат бор эди майдонда. Хоналари ёнган ҳокимият биноси, ёнғиндан томи ўпирилиб тушган кинотеатр ҳам бу манзарага янада таҳлика соларди.

Бир пайт биздан тахминан 50 метрча нарида турган БТР қарсиллатиб ўқ ота бошлади. Бу ўқлар ҳокимият биноси томон отилар, унга қўшилиб бошқа автоматлар ҳам тариллай бошлади.

Майдон четида турган биз ва маҳаллий одамлардан уч-тўрт киши билан ўзимизни домнинг ҳовлисига урдик. Бу пайт отишма яна ҳам шиддатли тус олган, бу отишма ваҳима учунми ёки аниқ бир душманга қараб бўляптими, буни билишнинг имкони йўқ эди.

Кўчадан аскарларнинг бақир-чақири, "от", "қоч" каби сўзлар эшитилиб турарди. Ўша домда яшайдиган бир отахон: "Болаларим, бу ерда турманглар, уйга киринглар" деб деразадан чақирди.

Биз уч журналист отахоннинг уйига кирдик ва отишманинг тинишини кутиб турдик. Отахоннинг айтишича, кеча майдонда қирғин бўлган, роса кўп қон тўкилган, кечаси билан ёққан ёмғир эса қонларни ювиб кетган.

Тахминан бир соатлардан сўнг отишма ҳам тинди. Биз секин уйдан кўчага чиқдик. Атрофда БТРдан отилган ўқларнинг гилзалари сочилиб ётарди. Лекин майдон бўм-бўш эди. Бир-икки қадам қўйишимиз билан ўша жойдаги ерости йўли зинасиданми, аниқ эсимда йўқ, бир аскар шиддат билан чиқди-да автоматини бизга ўқталди: “Тўхта, отаман!”

Биз турган жойимизда қотдик ва аскарга бўйнимдаги аккредитация қоғозини кўрсатиб, "биз журналистлармиз", дедим. Аскар эса янада овозини баландлатиб, "қайт орқангга, кир чиққан уйингга" деб яна бақирди. Ноилож, яна ортга, отахоннинг уйига қайтдик.

Атрофда нималар бўляпти, ким кимни отяпти, ким қаерга қочяпти - ҳеч нарсани билишнинг имкони йўқ эди. Тахминан яна бирор соатлар кутиб қолдик.

Бир пайт узоқдан оломоннинг дод-фарёди, йиғи-сиғиси эшитила бошлади. Деразадан Бобур майдонига уч томондан оломон оқиб келаётганини кўрдик.

Андижон 14 май, 2015 йил
Андижон 14 май, 2015 йил

“Биз ҳаққимизни талаб қилиб чиққан эдик”

Аскарлар бошқа ўқ отмади, ҳаммаси аста-секин 100-200 метр масофага чекинди. БТРлар ҳам кетди. Оломон эса денгизга қуйилаётган дарёдай оқиб келиб, майдонни тўлдира бошлади. Кимдир йиғлаган, кимдир бақирган, кимдир эса оҳу-фарёд солган.

Ташқарига чиқишимиз билан, оломон бизни дарров ўраб олиб, кимлигимизни сўради. "Озодлик радиосидан" дейишимни биламан, қўлимдан судраб Бобур ҳайкали томон олиб кетишди.

“Мана буларни кўринг, бу болани кўринг, бу аёлни кўринг. Буларни нимага отишади, булар ҳам террористми?” деб менга жасадларни кўрсата бошлади бир отахон.

Гарчи Тожикистондаги фуқаролик урушини кўрган ва қондан бирмунча қўрқмайдиган бўлиб қолган бўлсам-да, у вазиятда мени ҳам қаттиқ ваҳима босди.

Эркаклар, аёллар, ёш йигитлар микрофонимга тўхтовсиз гапирар, менинг эса уларга тасалли берадиган сўзим йўқ эди.

Мана бу овозларни 14 май куни Бобур майдонига йиғилганлардан ёзиб олган эдим:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:40 0:00
Бевосита линк

Одамлар бири қўйиб бири гапираётганда, оломон ичидан кимдир “Озодлик - душман радио, унга гапирманглар" деб қичқирди. Лекин оломон ўша қичқирган одамни ўзини топиб жазолади ва ҳайдаб юборди.

Бу маҳал майдонга одамлар оқими тўхтамас, йигитлар чойшабларда чак-чак қони томиб турган жасадларни олиб келишиб, ҳайкал тагига қатор қилиб теришар эди.

Одамлар бу жасадлар аскарларнинг кўзидан четда, қайси бир дарахтнинг тагида ёки ариқнинг ичида қолганини, жасадларнинг аксарияти эса тунда юк мошиналарига ортилиб олиб кетилганини айтишар эди.

Майдондаги митинг тушдан кейин ҳам давом этди. Менинг тахминий ҳисобимча, ўттиздан ортиқ жасад олиб келинган эди. Жасадларни таниган эгалари уларни олиб кетишди, эгасиз ўнга яқин жасад қолди. Одамлар бу жасадларга шу ерда жаноза намози ўқиб, майдонга кўмишлари ҳақида гапира бошлашди.

Биз ҳам секин майдондан чиқиб кетдик. Йўлда ҳар 400-500 метрда милиция ва фуқаролик кийимидаги миллий хавфсизлик ходимлари бизни тўхтатиб текширар, мини-дискларимиздаги ёзувларимизни беришимизни, суратларни ўчиришимизни талаб қилишар эди.

Лекин биз битта ҳам суратни ўчирмадик ва ёзувларимизни бермадик. Шунда улар зудлик билан Андижондан чиқиб кетишимизни, акс ҳолда, бу тунда бизнинг соғ қолишимизга ҳеч ким кафолат беролмаслигини айтишди.

Меҳмонхонага қайтдик. Кўрганларимиз худди тушга ўхшарди. Тинч замонда бунча қурбонни кўриб, ҳаммамиз шок ҳолига тушган эдик. Ортиқча бир гап йўқ, аламдан юрак титрайди, холос. Қолиб, эрта тонгдан ишни давом эттирмоқчи бўлдик. Лекин журналист Галима Бухарбоева бизга қўнғироқ илиб, барча хорижий журналистлар Андижондан чиқиб кетганини айтди. Галимага кўра, уларни ҳам уч-тўрт соат ички ишлар бўлимида ушлаб туриб, шу гапларни айтишибди ва барча хорижий журналистлар шаҳардан чиқиб кетибди.

Биз ҳам Фарғонага қайтдик. Мирасрор аканинг уйида қолдик. Кечқурун Андижонда отишма пайтида бизга бошпана берган отахонга қўнғироқ қилдим. Отахоннинг айтишича, ўша куни кечгача Бобур майдонига йиғилган ўликларни таниган эгалари олиб кетишган, эгасизларини ўша ерда жаноза ўқиб кўмишган ва одамлар уй-уйларига тарқаган. (Бир кундан сўнг расмийлар бу жасадларни қаздириб олиб, қабристонга кўмишган)

Андижоннинг 14 майи шундай поёнига етган эди.

Андижон 14 майда ҳам тўлғонди, бўзлади ва йиғлади.

Андижон 14 майда бир кун олдин отилган жигарларининг хунини сўради. "Президент дардимизни эшитади" деб келган одамлар автоматлар ва БТРлар ўқига учганининг сабабини билмоқчи бўлди.

Андижон 14 май куни ҳам адолат истади, ҳақ истади, бирорта ҳам расмий қатнашмаган митингда дардини бир-бирига айтиб йиғлади.

Андижоннинг у дарди ва йиғиси бўғзида қолди.

Ўн йилдан буён бу дард бўғиздан нарига чиқолмаяпти.

Ўн йилдирки, андижонлик оддий саволга жавобни ололмаяпти: “Майли, акромий деганлари террорчи бўлса, бўла қолсин, лекин нега оддий одамлар, аёллар, болалар ўққа учди?”

Ана шу саволнинг жавоби ўн йилдан буён очиқ қолмоқда.

Мен эса шу воқеанинг бир гувоҳи сифатида кўрганларимни ёздим, холос ва менинг ҳам жавобини тополмаган саволларим жуда кўп.

XS
SM
MD
LG