Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:39

ТикТокдаги видео учун ўқувчини калтаклаган мактаб директори жазоланди


Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқитувчилари томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.
Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқитувчилари томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.

8 июнь куни Шаҳрисабз тумани маъмурий ишлар суди тумандаги 38-мактаб директори ва унинг ўринбосарини 11-синф ўқувчиси Элёр Абдурауповни калтаклагани учун жазолади.

Мактаб раҳбарлари ўқувчига енгил тан жароҳати етказганлик ва уни ҳақорат қилганликда айбдор деб топилиб, ҳар бири 245 000 сўмдан жаримага тортилди.

11-синф ўқувчиси Элёр Абдураупов 18 май куни мактаб директори ва унинг ўринбосари томонидан калтакланганини айтиб, Озодликка шикоят қилганди.

Элёрнинг мактаб директори ҳақида тайёрлаган ҳазил видеоси TikTok тармоғига чиқиб кетгани можарога сабаб бўлган.

9 июнь куни 38-мактабдан олинган маълумотга кўра, ўқувчини калтаклаганликда айбланган мактаб директори ва унинг ўринбосари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

"Боламни калтаклаганлар жазоланди"

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 38-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Элёр Абдурауповни калтаклаган мактаб раҳбарлари жазолангани ҳақида Элёрнинг онаси Зулайҳо Расулова Озодликка маълум қилди:

“Кеча участка нозири мени ва ўғлимни судга олиб борди. Мактаб директори Акмал Раҳмонов ва унинг ўринбосарига судда биринчи бўлиб сўз берилди. Иккаласи ҳам “мен урмаганман” деб туриб олди. Кейин суд ўғлимдан воқеа тафсилотларини сўради. Ўғлим ҳаммасини гапириб берди. Суд гувоҳларнинг ёзиб берганларини ҳам ўрганди. Кейин директор ва унинг ўринбосарига бир окладдан штраф берди”.

Шаҳрисабз тумани маъмурий ишлар суди 38-мактаб директори Акмал Раҳмонов ва унинг ўринбосарини Маъмурий кодекснинг 52-моддаси яъни “Енгил тан жароҳати етказиш” ва 41-моддаси яъни “Ҳақорат қилиш” бўйича айбдор деб топган. Уларнинг иккаласи ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида жаримага тортилган. Бугунги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўмни ташкил қилади.

18 май куни 11-синф ўқувчиси Элёр Абдураупов Озодликка мурожаат қилиб, мактаб директори ва унинг ўринбосари томонидан калтакланганидан шикоят қилганди.

Элёрга кўра, унинг мактаб директори ҳақида тайёрлаган ҳазил видеоси TikTok тармоғига чиқиб кетгани можарога сабаб бўлган.

Абдураупов қилган иши учун кечирим сўраганига қарамай уни калтаклашгани, оқибатда бир ҳафта давомида шифохонада даволаниб чиққанини айтган эди.

Элёрга кўра, уни калтаклаш воқеаси жорий йилнинг 1 май куни 38-мактаб директорининг хонасида содир бўлган.

“Мен ўзим кечирим сўрадим, ота- онам бориб, кечирим сўради. Директор кечирим сўраганимизга ҳам қарамай, сўкиб ташлади. “Кечирмайман, сизлар билан қасдлашдим”, деди. 1 май куни директор хонасида мени аввал замдиректор урди. Юзимга урди, кейин полга йиқилиб тушдим. Мен замдиректорга қаршилик қилмоқчи бўлгандим, директорнинг ўзи бўйнимдан кўтариб, ичимга икки марта урди, кейин юзимга урди. Юзимга қаттиқ тегмади. Лекин ичим оғриди. Хонада бир нечта ўқитувчилар ҳам бор эди”-, деганди Элёр 18 май куни Озодлик билан суҳбатда.

Шаҳрисабз туман марказий касалхонасидан олинган маълумотга кўра, Элёр Абдурауповга “Қорин соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” ташҳиси қўйилган.

38-мактаб директори Акмал Раҳмонов 18 май куни Озодлик билан суҳбатда ўз ўқувчисини калтаклаганини инкор қилганди. 9 июнь куни Озодлик Раҳмонов билан боғланиш имконига эга бўлмади.

Мактаб ўқитувчиларидан олинган маълумотга кўра, директор Акмал Раҳмонов ва унинг ўринбосари ўқувчини калтаклаганликда айбдор деб топилганига қарамай, мактабда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

“Менимча уларни ишдан олишмоқчи эмас. Иккаласи ҳам ишлаяпти. Лекин бу воқеа мактабимиз учун шармандали ҳолат бўлди”,-деди исмини очиқламасликни сўраган ўқитувчилардан бири.

Калтак кўтарган таълим тизими

Ўзбекистон мактаб ва коллеж талабалари ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчиларнинг ўқитувчи-муаллимлар томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.

Аввалроқ Озодлик Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 141-мактабнинг 9-синфида ўқитувчи ўз ўқувчиларини ураётгани акс этган видеони эълон қилганидан сўнг ўқитувчи ишдан ҳайдалган эди.

Чироқчидаги 134-сон мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев ўқувчисига "2" баҳо қўйгани учун унинг акалари томонидан калтаклангани ортидан шифохонага ëтқизилган.

XS
SM
MD
LG