Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:25

Блогер: “Маҳалла ва ҳокимликлар бизга интервью берган одамларга босим ўтказмоқда”


"Эзгулик" жамияти фаоли, блогер Одил Элмурод танқидий чиқишлари билан танилган.
"Эзгулик" жамияти фаоли, блогер Одил Элмурод танқидий чиқишлари билан танилган.

Қашқадарёлик блогер, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Одил Элмуроднинг OzodMikrofonга арз қилишича, вилоятда блогерларнинг ишини қора қилиб кўрсатиш кампанияси бошланган.

Блогер: “Маҳалла ва ҳокимликлар блогерга интервью берган одамларга босим ўтказмоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:58 0:00
Бевосита линк

Блогернинг сўзларига кўра, уларга муаммолар ҳақида интервью берган одамларга маҳалла фуқаролар йиғини раислари орқали “Ўзбекистонни шарманда қилгани учун” турли хил босимлар ўтказилмоқда.

“Мен ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳам блогер сифатида халқнинг орасида кўп юраман. Ижтимоий аҳволи оғир, боқувчисини йўқотган ёки касаллиги туфайли ҳимоя ва ёрдамга муҳтож оилалар билан суҳбалашиб, видеога олиб уларни Интернетга чиқараман. Бу воқеалар ошкор бўлганидан сўнг маҳалла фаоллари ва раислари бориб, ўша оилаларга ёрдам бериш ўрнига “бизларни Яккабоққа, Ўзбекистонга, бутун дунёга шарманда қилдинг деб, босим ўтказмоқда”.

Одил Элмурод у билан суҳбатлашган оилаларга бўлаётган босимлар ҳақида конкрет мисоллар келтиради:

“Мана, яқинда Шулиқирғиз беш нафар боласи бор оиланинг ижтимоий аҳволи оғир эканлигини ёритган эдик, у киши бизга мурожаат қилиб, маҳалладан одамлар келиб тазйиқ ўтказиб кетишганини айтди. Кейин Уват деган қишлоқдан болалари билан КамАЗга тош ортиб кун кўраётган оила ҳақида ёзган эдим, маҳалла ва ҳокимликдан боришиб, агар Одил Элмуродга қарши интервью бермасангиз болаларингизга тош орттирганингиз учун жавобгарликка тортамиз деб қўрқитиб, болаларнинг отасидан интервью олишган.

Бундай ҳолатлар жуда кўп бўляпти. Ҳозир биз бу муаммоларни ёритиш ҳақида иккиланиб қоляпмиз. Бир томондан президентимиз муаммоларни қўрқмасдан ёзинглар, ортларингда мен турибман деди, бошқа томондан эса маҳаллий расмийлар танқидий хабарларга тобора тоқатсиз бўлиб, блогерларнинг овозини ўчириш учун турли тадбирларни қўллашмоқда. Мен олган хабарларга кўра, блогерларни обрўсизлантириш, уларга қарши ҳаракат тепасида Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Долли Авлаев турибди. Мен бу мулозимнинг истеъфога кетишини талаб қиламан!”

Озодлик блогер Одил Элмуроднинг иддаоларига муносабат олиш учун Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Долли Авлаевнинг мобил телефонига бир неча марта қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.

****************************************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG