Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:28

Ипотека-Банкнинг нотўғри тажрибаси мингдан ортиқ ходимнинг ишдан кетишига сабаб бўлди


Озодликка Ўзбекистон Ипотека-Банк АТИБда ишлаётган бир гуруҳ ходимлар номидан келган мактубда, банкда бўлаётган ўзгаришлар натижасида 1000дан ортиқ иш ўрни қисқартирилиб, норозиликларга сабаб бўлаётгани ҳақида ёзилган.

Матн таҳрирсиз, имлоси ва стилистикаси сақланган ҳолда берилмоқда.

Банк ўз иш жараёнига стратегияси ишлаб чиқилмаган, моддий базаси яратилмаган, ходимларнинг манфаатлари ҳисобга олинмаган янгилик киритмоқчи бўлди. Бу эса банкда хаосни келтириб чиқарди. Мингдан ортиқ одам ўз иш ўрнидан ажраб қолиш арафасида. Биз, бир гуруҳ банк ходими бу жараённи анализ қилиб, Озодликка етказишга қарор қилдик. деб мактубда.

Трансформация нима ўзи?

2017 йил 7 сентябр куни Бош вазир А. Арипов томонидан ХМК ва Ипотека банк ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш режаси тасдиқланган бўлиб, институционал трансформация қилиш, банк акцияларини сотиш ва ҳоказо вазифалар белгиланган. Шулардан 2017 йилнинг 20 сентябрида келишувга асосан институционал трансформация учун 425 000 АҚШ доллари эвазига, кейинчалик 2018 йил 12 сентябрдаги келишувга кўра 1 000 000 АҚШ доллари миқдорида кўрсатилган консультацион хизматлар учун ҳақ тўлашни кўзда тутувчи шартнома тузилган. Унга кўра барча хизматлар 2019 йилнинг 31 декабрига қадар кўрсатилиши ва танлаб олинган пилот филиалда тажриба сифатида синаш, муваффақиятли чиқса 2020 йилнинг бошидан қолган филиалларда жорий этиш белгиланган. Лекин...

Халқаро Молия Корпорацияси(ХМК) бизга нима берди?

Бугунги кунда филиалларга мазкур ҳужжатларнинг 30% ҳам расмий равишда жўнатилмаган


Бирма бир кўриб чиқайлик. 2018 йил 12 сентябрдаги келишувнинг Дополнение I бўлимида жами 14 ҳил йўналишда ХМК кўмак бериши ишлаб чиқилишида қатнашиши ва хужжатлар банк коллегиал органида тасдиқдан ўтказиб филиалларга ижро учун туширилиши лозим эди. Бугунги кунда филиалларга мазкур ҳужжатларнинг 30% ҳам расмий равишда жўнатилмаган, балки ҳали ишлаб чиқилмаганлари ҳам бордур. Лекин шунга қарамай Пилот филиал охирига етмай трансформация жараёнларини ўзбошимчалик билан бошлаб юборилди.

Асосланмаган штатлар қисқартиришлари амалга оширилди

Филиаллар топшириқларни бажара олмай цейтнот ҳолатига тушиб қолди


Ходимларнинг руҳлантириш ўрнига баттар руҳан чўктиришга қаратилган ишлар олиб борилди. Дастурий таъминотни жорий қилмай, иш юкламаларини камайтирмай, иш самарадорлигини оширмай қилинган бу пала-партиш сиёсат натижасида, филиаллар топшириқларни бажара олмай цейтнот ҳолатига тушиб қолди. Буни фалажланиш деб атаса ҳам бўлади. Бунга ҳали яна қайтамиз...

Бош банкнинг янги структураси, блоклар ўртасидаги жанг

Бу жараёнларга панжа ортидан қаралиши натижасида анархия юзага келди


Барча жонзотларда кузатилгани каби инсониятда ҳам яшаш учун кураш қонуни амал қилади. Бош банк структураси қайта тузилиши ва функциялар қайта тақсимланиши, янги вазифаларни қўшилиши оғриқсиз ўтадиган жараён эмас албатта. Шу жараённи тартибли ўтказиш банк Бошқарувининг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу жараёнларга панжа ортидан қаралиши натижасида анархия юзага келди. Филиалларнинг масалаларини ҳал этишдан кўра ўзаро уруш, ҳодим ва мансаб талашиш каби иллатлар болалади. Натижада филиалларда Бош банк билан алоқадор масалалар бўйича мижозларнинг эҳтиёжини тўлиқ қондира олмаслик ҳолатлари кўпайди. Бош банк ва филиал ўртасида ўзаро ҳурмат, ишбилармонлик муҳитига дарз кетди.

Филиал ким ва қайси бошқарма билан ишлай олмай хуноби ошди. Телефонларга ёзилган хатларга реакция қилинмади. Бизнес блоки(Флагман) раҳбариятга ёлчимайди. Ойлиги 2000$ лик ходимлар бошқармаси бошлиғи нима билан шуғулланаяпти билмадик. Раис қаерга қараяпти? Ўзи банкни бошқараяптими йўқми? Эшитишни биладими?

Бутун банк ва филиаллар фалаж бўлиб қолди

Янги сервер келса ҳаммаси яхши бўлади, программа тез ишлайди деган хом хаёл экан


Амалга ошмаётган ва орқага кетишга сабаб бўлаётган фактлар Трансформация жараёни пухта ишлаб чиқилмагани бутун бош банк ва филиалларни фалаж қилиб қўйди Янги сервер келса ҳаммаси яхши бўлади, программа тез ишлайди деган хом хаёл экан. 1,3 млн. долларга келган сервер ҳеч нарсани тезлаштирмади. Гап бошқа ёқда демак. Узкард терминали, банкоматини олиб бера оладиган мард йўқ. Дефицит ҳисобига(ўртача ҳар бир филиалга 150-200 та терминал) янги мижоз жалб қилиб бўлмаяпти. Яна 3 ой кутиш керакка ўҳшайди. Хизмат кўрсатиш сифати йўқолганлиги оқибатида йиллар давомида хизмат кўрсатилган мижозларнинг эътирози ўринли ва кетиб қолишига асосий сабабдир.

Кредитлаш 25 сентябрдан деярли барчаси ёпиб қўйилган. Микроқарз тўҳтатилган. Ўйланмай жуда кўп нотўғри қарорлар қабул қилиняпти. Кредитни марказлаштириш сиёсати олиб борилиб, кредитлаш фақат Бош банк орқали амалга оширилмоқда, бу ПҚ-3620 қарорга мутлақо зид. Ҳодимлар ўртасида муҳит аянчли аҳволда, бир команда бўлиб ишлаш йўқ, фақат раис олиб келган одамлар ва эски ипотека банк ҳодимлари 2 та фронтга ажралиб олишган. Раис вазиятни фақат томошабин сифатида кузатиш билан овора.

Пилот ҳақида бир оғиз сўз

Қўйчивон кўпайдию қўйлар ҳаром ўлди


Пилот сифатида Тошкент шаҳарнинг Юнусобод филиали танланди. Умрида филиалда ишлаб кўрмаган, паст баландини тушунмайдиган бош банк ҳодимларидан иборат гуруҳ филиалда ўзи ҳоҳлаган оғзаки топшириқларни берар, эртаси куни бошқаси келиб буни нега бундай бажараяпсан деб урушиб ўзини йўлига солар, кунлар шу зайлда ўтиб борар эди. Чунки аниқ тасдиқланган расмий ҳужжат йўқ эди. Бу банк Бошқарувининг катта ҳатолари сифатида тарихдан жой олса керак. Бора бора ҳар ҳил топшириқлардан филиал ҳодимлари маънан, руҳан чарчаб айтилган топшириқларни бажармай қўйишди. Қўйчивон кўпайдию қўйлар ҳаром ўлди. Бизга маълумки, бирон лойиҳани амалга оширишда ҳатоликка йўл қўйилса қайси босқичида аниқланишига қараб ҳаражатлар кўламига баҳо берилади. Агар лойиҳалаштириш босқичида аниқланса 1% ҳаражатга тушилади. Агар лойиҳани синаш жараёнида(разработка) аниқланса 10% ҳаражатга тушилади. Агар жорий қилиш(внедрение) жараёнида аниқланса 100% ҳаражатга тушилиши иқтисодий адабиётлардан маълум.

Демак, Юнусобод филиалида тўғирланмаган камчилик қолган барча 38 та филиалга жорий этила бошланди. Буни “мева”сини кўряпмиз. РМО гуруҳи раҳбари Фаррух куюниб айтганда кўпчилик эътибор бермаган бунга. Бу бошқарувнинг навбатдаги ҳатоси. Пойдевор бу дастурий таъминот. Шу асосга қурилмас экан бу тизим ишламайди. Иш самарадорлигига эришилмай қилинган қисқартиришлар бугун бизга керак деб олиб қолган ходимларимиз зиммасига тушган. Уни ҳеч ким бу ишлардан озод қилган эмас. Ўқитиш муаммоси. Бу энг муҳим жараён. Агар тасдиқланган хужжатлар ҳаётий бўлса.

Танкаларига ишонадиган валломатлар банкни орқага тортаяпти

Раҳбар Ипотекабанкни тизимини секинлатиб эмас ишни бутунлай тўхтатиб қўйди


Аммо Хукумат томонидан имзоланган Ҳалқаро Молия Корпорацияси бн имзоланган ва берилган вазифаларга тизимни йўлга қўймасдан 1000дан ортиқ ходимларни сокрашчения қилиб банк тизимини узгартираман деб мижозларни сарсонгарчиликка ва ноқулай хизмат кўрсатишга олиб келиш дегани эмас. Ёки бу Халқаро Молия Корпорацияси томонидан берилган топшириқмикан? 3 йил давомида ўзи нима қилди ХМК? Биринчи одамларни кўчада қолдириб, Ўзбекистонда ишсизларни сонини оширишмикан, банк тизимини ўзгартираман деб Хаос яратиб бор тизимни хам ичидан парчалашмикан уларни нияти. Балким Бизнинг раҳбарларимиз халиям ўзини кўрсатиш мақсадида сочини олиб кел деса боши билан олиб келишяптимикан. Пастни кўрган, оддий ходимни дардини эшитади. Аммо Ипотека банк раҳбарлари бунақа эмас. Осмондан тушган, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, орқасидаги Президент аппаратидан танкаларига ишонадиган валломатлар банкни орқага тортаяпти. Ўзини ўринбосарларини бошқа ўринбосари орқали гапини эшитадиган раҳбар Ипотекабанкни тизимини секинлатиб эмас ишни бутунлай тўхтатиб қўйди. Иш тизими юрмаяпти, барча йўналишлар бўйича муаммолар етарлик ва хал қиладиган одамни ўзи йўқ.

Ходимларни сокрашчения қилганлик оқибатида, қолган ходимлар иш хажми кўпайганлиги туфайли соат 18дан кейин хам қолиб ишлашга мажбур, оптимизация жараёни филиалларда бошланганлиги учун ходимлар етишмовчилиги ва уларни янги тизимда ишлашни ўргатиш бўйича қўшимча тўловсиз мажбурий холда шанба ва якшанба кунлари семинарлар, ўқув тренинглар қилган холга жалб қилинмоқда.

Эплай олмасангиз жойни бўшатинг


Савол: Бош банк ҳодимларини ва филиалларни четдан келиб, пул тўлаб кимдур ўқитдими, филиалларданчи, ўқув материаллари презентациялари бўлдими? Ўзи ўқимаган одам қандай филиалда ўқитади? Қачон ўқитади? Соат 17 дан кейин чарчаган мия қабул қиладими? Ёки сокрашенияга тушган ходимнинг юкламасиниям қилишга улгура олмаётган муаммоси етарли эмасми ходимга? Хуллас ҳаражатсиз ҳаракат нольга тенг. Бош банк томонидан кети тугамайдиган ҳисоботлар Раис менга иқтисодий таҳлилчи, отчет қиладиган статист керак эмас. Битта кнопка билан керакли отчетни чиқариб оламан деганлар. Штатни қисқартирдингизми мард бўлиб, БИТТА кнопканг билан чиқариб олаверинг ҳисоботларингизни, филиалларни қийнамай. Эплай олмасангиз жойни бўшатинг!

Бир гуруҳ банк ходимлари

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG