Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:48

OzodDayjest: Тошкентда йирик давлат буюртмалари хусусий компанияларга тендерсиз берилди


Ўзбекистонда суғурта ривожига тўсиқ бўлаётган уч асосий сабаб айтилди. Спикер ўринбосари коммунал тўловларни аҳоли даромадига қараб табақалаштиришни таклиф этди. Тошкент ҳокимлиги тузаётган шартномалардан манфаатлар тўқнашувининг “ҳиди” келяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Миллий тикланиш” партияси раиси: “Даромади 1 млн сўм бўлган оила газ ва чироқдан 10 млн сўмлик қарзни қандай тўлайди?”

Аҳолининг коммунал хизматлардан қарздорлиги кескин ортиб бораётгани бизни ташвишга солмоқда, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси ўринбосари Алишер Қодиров парламент мажлисида (www.kun.uz, 18 ноябрь).

“Миллий тикланиш” партияси раисига кўра, биргина газдан 11 тлрн cўмга яқин қарздорлик тўпланмоқда.

“Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир иш билан банд аҳолининг 70 фоизи 2 миллиондан кам иш ҳақи оляпти. Биз сайлов жараёнларида ҳам аҳолининг даромадига қараб коммунал тўловларни табақалаштириш масаласини кўтарган эдик. Фақат шу орқали аҳоли қарздорлиги кўпайиб кетишининг олдини олиш мумкин. Бугунги кунда ойлик даромади 1 млн сўм бўлган оилага қандай қилиб газ ва светдан 10 млн сўмлик қарздорликни юклаб қўйиш ва унинг олдига МИБни юбориш мумкин? Бу масаланинг ечими эмас”, - деган Алишер Қодиров.

Тошкент ҳокимлиги тузаётган шартномалардан манфаатлар тўқнашувининг “ҳиди” келяпти

Ўзбекистон пойтахтида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар буюртмачиси, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси йирик қурилиш объектларини тажрибасиз хусусий қурилиш компанияларига тендерсиз топшираётгани маълум бўлди, деб ёзади Телеграмдаги Davletov.uz канали.

Масалан, “Power Construction Planet” МЧЖ (аввалги номи Discovery Invest) компанияси (компаниянинг 66,9 фоиз улуши муқаддам Akfa Engineering Management компаниясида директор ўринбосари ва директор лавозимларида ишлаган Исмоил Исроиловга тегишли) билан Архитектура институтининг учта биносини қуриш учун 167 млрд сўмлик, Давлат солиқ қўмитаси биносини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 35,6 млрд сўмлик, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлими биносини қуриш ва жиҳозлаш учун 17,9 млрд сўмлик, Рақамли Тошкент ситуацион марказини қуриш учун 100,2 млрд сўмлик, Зангиота туманида ихтисослаштирилган 2160 ўринли карантин зонасини қуриш учун 39,2 млрд сўмлик шартномалар тузилган.


“Айрим шартномаларда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳам кўринади, буёғи энди мутасадди идораларнинг иши. Аксарият компаниялар сўнгги 2-3 йилда ташкил топган. Шундай бўлса-да, йирик-йирик объектлар уларга ишониб, тендерсиз топширилган. Маблағлар асосан республика бюджети, шаҳарнинг режадан ошган қисмидан жалб қилиниши белгиланган”, - дейилади мақолада.

Парламент депутати аҳолида суғурта ширкатларига ишонч қолмагани сабабини очиқлади

Дунёда аҳоли жон бошига суғурта мукофотлари 847 еврони ташкил этса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 5 еврога тенг. Бу эса мазкур хизматнинг паст даражасини англатади, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов (“Маҳалла” газетаси, 19 ноябрь).

Қайд этилишича, Ўзбекистонда суғурта тўловларининг камлигига уч асосий сабаб мавжуд. Биринчидан, компаниялар ўртасида рақобат муҳити йўқ.

Иккинчидан, тарифлар ҳамон баланд. Учинчидан эса, кўрилган зарарни қоплаб бермаслик ҳолати ҳамон юқорилигича қолмоқда.

“Зарарни қопламасликнинг сабаби – ҳар бир суғурта ташкилоти шартномани ўзига мослаштириб тузиб олади ва мижозларнинг манфаатлари иккинчи даражали бўлиб қолган”, - деб ёзади депутат.

Бундан ташқари, ҳаётни суғурта қилиш ва аҳолининг кенг қатламларини қамраб олувчи йўналишларнинг ривожланмагани, аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончи жуда пастлиги, менежментнинг сустлиги ҳам суғурта бозори ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Экспертларнинг баҳолашича, бугунги кунда Ўзбекистонда эҳтимолий суғурта объектларининг 1 фоиздан ками суғурта қилинади, холос. Ривожланган давлатларда эса бу кўрсаткич 90-95 фоизни ташкил қилади. Суғурталовчилар таклиф қилаётган хизматлар тури 50 хил атрофида ва бу хорижникидан бир неча баробар кам.

“Саноати ривожланган давлатларда суғуртанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8-10 фоизни ташкил қилади. Россияда бу кўрсаткич 3 фоиз бўлса, Ўзбекистонда 0,4 фоиздан ҳам ошмайди”,- деб ёзади Ж.Абдурасулов.

Депутат суғурта фаолиятни тартибга солувчи қонунчилик базаси ҳам ислоҳга муҳтожлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG