Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

OzodDayjest: Келгуси йилдан Россиядаги ўзбек мигрантларига янада қийин бўлади


Россиядан уйига қайтаётган ўзбек мигрантлари.
Россиядан уйига қайтаётган ўзбек мигрантлари.

Бош вазир ўринбосари шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш ноқулай эканини танқид қилди. Ярим йил ковид беморлари орасида яшаб касал бўлмаган шифокор мактабга чиқа бошлаган неварасидан вирус юқтириб олди. Жорий ҳафта матбуот мана шулар ҳақида ёзди.

Бош вазир ўринбосари: “Каттаконлар машинада юраверса, оддий одамлар фойдаланадиган йўл қай аҳволдалигини билмайди”

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш жуда ноқулай эканини танқид қилди (www.gazeta.uz, 12 ноябрь).

Бу ҳақда у вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари учун ташкил этилган ўқув семинари очилишида гапирган.

“Ёшларимиз, бошқа катта ёшли аҳолимиз ҳам жисмоний машғулот билан шуғуллангиси келади. Лекин жой йўқ. Мен ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, бир нечта вилоят раҳбарлари билан кўчаларда юриб кўрдик. Узоқ бир қишлоқни айтмаяпман, йирик шаҳарларимиздаги ҳолат ҳам юриб бўлмайдиган даражада. На югурса бўлади, на велосипедда юрса. Белгиланган йўл белгилари йўқ. Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ё ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади”, - деган А.Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосари Самарқанд вилояти ҳокими шаҳар ва туман раҳбарлари бир ҳафта кўчаларни пиёда айланиши ҳақида қарор чиқарганини олқишлаган.

“Нимага вилоят ҳокими шунақа қарор қилди? Негаки, каттакон раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамларимиз, фуқаролар пиёда юраётган йўлаклар ёки велойўлаклар қанақа ҳолатда эканини билмайди-да. Улар кўчалардан машинани ванғиллатиб ҳамма ёқни чанг бостириб ўтиб кетади. Нима дегани бу?” - деган бош вазир ўринбосари.

Россиядаги ўзбек мигрантларини нохуш янгилик кутмоқда

2021 йилдан Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантларга янада қийин бўлади деб ёзади Телеграмдаги Platforma.uz канали.

Аввалроқ Москва шаҳри мэри Сергей Собянин Россия пойтахтида меҳнат мигрантлари сони 40 фоизга камаяди деган эди.

Бош вазир Михаил Мишустин имзолаган янги ҳужжатга кўра эса, 2021 йилда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россияда вақтинча яшаш учун бор-йўғи 39325 та рухсатнома бериш квотаси белгиланди. Бу эса ўтган йилларга қараганда бир неча баробар кам кўрсаткич.

“Демак, рухсатномалар сони келгуси йили шу йилдагига нисбатан қарийб ярмига, 2018 йилга солиштирганда эса деярли 3 баробар қисқарар экан. Албатта, бу қарорга келинишига рус диёрида меҳнат мигрантлари учун жой торлик қилаётгани сабаб бўлгани йўқ. Ҳамма гап ишчи кучига талаб ва даромаднинг пасайишида. Яъни мамлакат иқтисоди шундан юқорисини кўтармайди. Лекин масала рухсатномалар сонидагина эмас. Агар келгуси йилда ноқонуний йўл билан Россияга борсангиз ҳам, бу ерда осонгина иш топишингиз ва қилган меҳнатингизга аввалгидай маош тўлашлари даргумон”, -
деб ёзади Platforma.uz канали.

Қайд этилишича, эндиликда Ўзбекистон ҳукумати қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тезкор чораларни кўриши мақсадга мувофиқдир.

Ярим йил ковид беморлари орасида яшаб касал бўлмаган шифокор мактабга чиқа бошлаган неварасидан вирус юқтириб олди

Ўзбекистон вирусология илмий текшириш институти бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ярим йил COVID-19 беморлари орасида яшаб касал бўлмасдан, мактабга чиқа бошлаган неварасидан коронавирус юқтириб олди. (www.kun.uz, 8 ноябрь).

“Уйдан чиқиб кетаётганимда неварам 7 ойлик эди. Қайтсам, у бир ёшдан ошган, анча катта бўлиб қолган. Тошкентда бўлсангиз ҳам уйга боролмайсиз, уларни бағрингизга босолмайсиз. Шу пайтгача ҳеч қачон бунақа ҳолатга тушмаганмиз. Лекин биз жамоа билан астойдил чин юракдан ишладик… Бу айниқса ёз пайтида қийин бўлди. Чилла вақтида комбинезон, ниқоб, респираторда, қўлимизда 2 тадан қўлқоп билан қийин бўлди. Лекин шуни айтишим мумкинки, мен карантинда ишлаган шу 6 ой давомида бўлганимда менга вирус юқмади. Сентябрь ойига келиб, неварам мактабга бора бошлаганда ўша ердан юқтириб олди, келиб менга ҳам юқтирди” , - дейди М.Асилова.

Шифокор ковидга чалинган оғир касалларни, вафот этганларни кўриб, руҳан жуда эзилган, у ердан чиққандан кейин руҳан тикланиши осон кечмаган.

М.Асиловага кўра, Тошкентда беморлар сони анча камая бошлагани сабаб 1 ноябрдан Вирусология илмий текшириш институти ўз фаолиятига қайтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни қайд этилган.

XS
SM
MD
LG