Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:49

OzodDayjest: Россияда ўзбекистонлик мигрантлар нонини яримта қиладиган рақобатчилар пайдо бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда айрим урф-одатлар коррупцияга йўл очмоқда. Эшак гўшти сотаётганларга жазони кучайтириш таклиф этилди. : Ўзбекистонлик мигрантлар ва россияликлар иш ўрни учун рақобатга киришмоқда. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Эксперт: Ўзбекистонда айрим урф-одатлар коррупцияга сабаб бўлмоқда

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашда кескин чоралар керак, шу билан бирга бунга сабаб бўлаётган тизимли муаммолар ҳам бартараф этилиши лозим, дейди фалсафа адъюнкт-профессори Қодир Қулиев (www.kun.uz, 20 март).

БМТ ҳузуридаги Халқаро коррупцияга қарши курашиш академиясининг битирувчиси Қ.Қулиев Ўзбекистонда олиб борилаётган аксилкоррупция чораларини 10 балли шкалада 5 дан юқори деб баҳолаган.

“Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ҳиссиёти яхши томонга ўзгаряпти, бунга сиёсий ирода бор. Лекин тизимда ўзгаришлар учун албатта вақт керак”, дейди эксперт.

Қ.Қулиев ўзбек зеҳниятидаги айрим одатлар коррупцияга сабаб бўлаётганига ҳам эътибор қаратган.

“Албатта, бола туғилганидан бошлаб унга ишонч, алдамаслик ва катталарга ҳурмат каби тушунчалар сингдирилиши керак. Афсуски, ҳозирги кунда меҳмондўстлик, таниш-билиш ва каттага ҳурмат каби одатларимиз суиистеъмол қилиняпти, коррупция учун ниқоб бўляпти. Масалан, давлат ташкилотларида бошлиғингиз ёши катта бўлса, унга ҳақиқатни айта олмайсиз, гапирсангиз сизни каттага беҳурматлик қилишда айблайди”, дейди у.

Халқаро эксперт ҳаддан зиёд ваколатлар ҳам коррупцияга йўл очади деб ҳисоблайди.

“Ҳозир биздаги коррупцион ҳолат фойда-зарар таҳлили билан боғлиқ. Масалан, бирор мансабдор коррупция содир қилишдан аввал унинг ортидан нималар келишини ўйлаб солиштириб кўради. Қўлга тушсам нима бўлади, тушмасам қанча фойда кўраман дейди. Лекин ҳеч ким бу ишидан айбдорлик ҳиссини туймайди. Мансабдорларда айбдорлик ҳисси нолга тенг. Қачонки мансабдор монопол кучга эга бўлса, унинг ваколатлари жуда катта бўлса ва бунинг етарлича назорати бўлмаса, албатта коррупция топилади”, дейди Қ.Қулиев.

Эшак гўшти сотаётганларга жиноий жазо жорий қилиш таклиф этилди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида эшак сўйиш ҳолатлари кўпаймоқда, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев (“Маҳалла” газетаси, 19 март).

Хўш, нега одамлар бу қонунбузарлик ортидан келиб чиқадиган жавобгарликдан қўрқмаяпти? Маълум бўлишича, бу борада қонунчиликда бўшлиқ мавжуд. Яъни эшак гўшти сотиш ва сўйиш билан шуғулланган шахсларга айнан шу қилмиши учун қонунчиликда аниқ жазо чораси йўқ.

Шу сабаб ваколатли идоралар уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат) асосан 810 минг сўмдн 2,7 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллаш билан чекланмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, эшак гўшти ўртача 40 минг сўм атрофида сотилган. Бу эса белгиланган жаримани эшак гўшти савдосидан олинган даромаднинг арзимаган қисми билан тўлаш имкониятини яратади. Шунга кўра, газета мазур хатти-ҳаракат учун жиноий жавобгарлик жорий этиш ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишни таклиф этган.

“Муқаддас динимиз талабларига, асрий анъаналаримизга кўра, эшак гўшти ҳаром, уни тарқатиш аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистон учун мутлақ кечирилмас ҳолат. Шу маънода бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши, жазо малакаланиши, масаланинг маънавий жиҳати эса мустаҳкам асосланиши лозим”, деб ёзади муаллиф.

Таҳлилчи: Ўзбекистонлик мигрантлар ва россияликлар иш ўрни учун рақобатга киришмоқда

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилган санкциялар ўз таъсирини кўрсата бошлади. Молиявий жазо чоралари ишсизликнинг ортишига ҳам олиб кетиши айтилмоқда. Таҳлилчилар эса иқтисодий танглик шароитида Россия меҳнат бозорида рақобат кучайишини башорат қилмоқда.

Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Валерий Фадеев мамлакат ҳукуматига хорижий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан таксичилик қилишни тақиқлаш таклифини киритди. Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров бу ҳолатни иш ўрни учун меҳнат муҳожирлари ва россияликлар ўртасида рақобатнинг бошланиши деб ҳисоблайди.

“2000-йилларда бошланган тўқ йиллар давомида Россия меҳнат бозори россияликлар ва мигрантлар учун секторларга аниқ сувайирғичлар билан ажралиб келарди. Яъни кўп жисмоний меҳнат ва кам ҳақ тўланадиган соҳалар бор эдики, бу соҳаларда россияликлар ишлашни истамас эди. Бошланган можаро ва унинг оқибатида россияликлар ўрта ҳақ тўланадиган секторларни ёпилиши оқибатида оммавий ишсиз қолиши ёки иш ҳақининг камайиши, жуда тез қашшоқланиш муаммоларига дуч кела бошлайди. Табиийки, бундай шароитда ишсиз ва даромадсиз қолган россияликлар ўзини биринчи навбатда кўп инвестиция, ақлий салоҳият ва тажриба талаб этмайдиган соҳаларга уришни бошлайди. Бу – таксичилик, курьерлик ва бозорларда уюшмаган савдо билан шуғулланиш. Худди 90-йилларда бўлганидек”, деб ёзади О. Бакиров.

Эксперт омонсиз рақобат муҳитида Россия ҳукумати ўз фуқаролари тарафини олишини ҳам эслатади.

"Ўз-ўзидан, икки бир хил танлов бўлганида Россия ҳукумати мигрантлар тарафида эмас, россияликлар тарафида бўлади. Айниқса, россияликларнинг айни шу ўртача даромадли, танқидий фикрлашдан мосуво ва бошқаришга мойил қатлами ҳозирги режимнинг қўллаб-қуватловчилари экани ҳисобга олинса”, дея рақобатга тайёр туришга ундайди таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG