Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:39

OzodDayjest: “Шуҳрат арқадағ”. Андижон ҳокими улуғланган шеърлар мактаб ўқувчиларига ёдлатилмоқда


Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов.
Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов.

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш амалиёти йўлга қўйилади. Андижон ҳокими Туркманистон “арқадағ”ига ўхшатилди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Шуҳрат арқадағ”. Андижон ҳокими улуғланган шеърлар мактаб ўқувчиларига ёдлатилмоқда

Икки ҳукумат даврида ҳам ҳокимлик курсисини сақлаб қолаётган, Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қонунни четлаб ўтиши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда (“Рост24”, 10 февраль).

Бу борада Марҳамат туманидаги мактабда ўтказилган узрхоҳлик маросими, “гулхан атрофида тадбирлар”га ўқитувчиларнинг мажбуран жалб этилгани, дарахтлар қирғини, эҳтиёжманд аёлларга уй бериш билан боғлиқ “спектакль” каби ҳодисаларни келтириш мумкин.

“Андижон амири”, “Шуҳрат арқадағ” деб аталаётган ҳоким яна бир номақбул одатни рағбатлантирмоқда. Жорий йил бошида вилоятдаги шифохоналардан бирига ташриф буюрган Абдураҳмоновни ҳамширалар унга аталган шеър билан кутиб олган. Бундан бир неча йил олдин эса андижонлик шоир Шарофиддин Болтабоев ҳоким билан учрашувда унга мадҳия ўқиш эвазига машинали бўлганди.

Қайд этилишича, эндиликда вилоят ҳокими улуғланган “Билинг, сиз Андижонсиз! Андижон эса – Сизсиз!” каби лаганбардорлик мазмунидаги шеърлар мактаб ўқувчиларига ёдлатилмоқда.

“Қарийб ўн йилдан буён Андижон вилояти ҳокимининг илдизлари етарлича илдиз отиб, йўғонлашиб бўлган. Бундай узоқ муддатли фаолиятда коррупция, непотизм етарлича шакллана олади ва биз буни кўрмоқдамиз”, деб ёзади “Рост24” нашри.

Эслатиб ўтамиз, Ш.Абдураҳмонов 2013 йилдан буён Андижонга раҳбарлик қилиб келади.

Номи айтилмаётган катта ташкилот сунъий қор-ёмғир ёғдириш амалиётига қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистонда сунъий тарзда қор ва ёмғир ёғдириш амалиётини қайта жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, дейди Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари Ибратжон Каримов. (www.qalampir.uz, 5 февраль).

Мамлакатда бу борадаги илмий тадқиқотлар 1990-йилларда молиявий сабабга кўра тўхтатилган.

“Биз учун ёмғир чақириш ёки қор ёғдириш усуллари янгилик эмас. Бу масала институтимиз жамоасининг профессор ва олимлари томонидан қайта оёққа турғазилиб, йўлга қўйилиш арафасида. Бугунги кунда институтимиз раҳбарияти бу масала бўйича республикадаги энг катта ташкилотларидан бири билан музокара жараёнида. Ҳозир ташкилот номини айтмайман. Ташкилот томонидан жуда яхши таклифлар бўлмоқда. Лойиҳани қўллаб-қувватлаб ва 10 млрд сўм атрофида молиялаштирган ҳолда уларнинг фаолиятига зарур бўладиган моделларни яратиб, амалий тажрибалар билан фаслларга қараб, буюртма қилинаётган жойларга ёмғир ва қор чақириш жараёнларини қилиб бериш ниятидамиз”, дейди Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари.

Айни пайтда сунъий ёғин технологиясининг иқтисодий самарадорлиги ва харажатлар ўрганилмоқда.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда 50 дан зиёд давлат булут экиш технологиясидан фойдаланади. Хусусан, Хитой, Индонезия, АҚШ каби мамлакатларда бу технология қурғоқчиликка қарши курашда кенг қўлланмоқда.

Адлия вакили: Жаноб ҳоким, оворагарчилик қачонгача давом этади?

Ҳокимликлар томонидан давлат ва жамоат манфаати мақсадида бузилган тураржой ва дўконлар учун белгиланган товон пули тўловини пайсалга солиш ҳамон давом этмоқда (“Инсон ва қонун” газетаси, 8 февраль).

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходими Шерзод Шариповга кўра, Шайхонтоҳур тумани М.Уйғур кўчасида жойлашган 339 квадрат метр дўкон Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорига асосан бузилган. Аммо мулк эгасига белгиланган пул тўлиқ тўланмаган.

“Бўлди-да энди, жаноб ҳоким, оворагарчиликлар қачонгача давом этади?” деб ёзади адлия вакили. Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди пойтахт ҳокимлигидан фуқаро фойдасига қарийб 246 миллион сўм зарар суммасини ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йил охиригача 2005 йилдан бери “снос” қилинган барча уйлар учун товон пули ва кўрилган зарар тўлаб берилишини ваъда қилган. Ҳоким ўшанда 2020 йилда “снос”лар бўйича ер ёки пул кўринишидаги тўловлар 700-800 млрд сўмни ташкил этганини айтган.

Ж.Ортиқхўжаев 2019 йил апрель ойида Буюк Британиянинг “The Guardian” газетасида чоп этилган “Огоҳлантиришсиз кўчириш: Тошкентда уй-жойларни тўсатдан бузиш ғазабга сабаб бўлмоқда” мақоласи юзасидан раддия ҳам йўллаган эди.

XS
SM
MD
LG