Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:36

OzodDayjest: Ички ишлар органларида коррупциявий жиноятлар икки баравар кўпайган


Транспорт вазиридан бир кунгина автобусда юриб кўриш сўралди. Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Китоб туманида хитойлик ишчилар истеъмол қилиш учун эшак сўяётгани тасвирланган видео тарқалди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Тошкент жамоат транспортида салкам 400 автобус етишмаяпти

Тошкентда 350 та автобуснинг фойдаланиш муддати ўн йилдан ошган, 393 та автобус етишмайди (“Маҳалла” газетаси, 5 февраль).

“Тирбандликлар оқибатида автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30 дақиқагача етмоқда. Қизиқ, соҳа масъулларининг бирортаси, мисол учун, вазир жаноблари шунча вақт автобус кутиб кўрганмикан? Айниқса, ёзнинг жазирамаси ёки қишнинг қаҳратонида очиқ бекатда туришнинг ўзи бўладими?” деб ёзади газета.

Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг соҳага доир тақдимотидан кўнгли тўлмаганини айтди.

“Транспорт тизимидаги муаммоларни кўриб, вазир Илҳом Маҳкамовдан тортиб, барча масъулларнинг бирортаси шаҳарни тушунмайди, шаҳарнинг ичида юрмайдими, деган хаёлга борасан киши. Хўш, нега улар эътиборсиз? Нега оддий масалалар ечимига ҳам президент аралашиши керак? У ҳолда катта бир вазирликнинг бизга нима кераги бор?” дея мутасаддиларни саволга тутади муаллиф.

Айни чоқда, амалдорларга жамоат транспорти бўйича қарорларни аҳоли фикр-мулоҳазалари асосида қабул қилиш кераклиги эслатилган.

“Тан олиш керак, бундан йигирма йиллар олдин тизим у қадар ривожланмаган бўлса-да, вазият ҳозиргидан анча яхши эди. Ўша вақтларда бугун экологияни зарарли газлар билан заҳарлаётган “маршрутка”, “Isuzu”лар ўрнида трамвай ёки троллейбуслар ҳаракатланган. Энг асосийси, трамвайлар кичик маҳаллаларгача кириб борганди. Кечки соат 9-10 ларда ҳам уйга етиб олиш ҳақида ҳеч ким қайғурмасди”, деб ёзади “Маҳалла” нашри.

Таҳлилчи: Хитойлик ишчиларнинг маҳаллий эшакларни сўйиб еяётгани ҳолва...

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Китоб туманида хитойлик ишчилар истеъмол қилиш учун эшак сўяётгани тасвирланган видео тарқалди (www.kun.uz, 8 февраль).

Муаллифнинг айтишича, видеодаги шахслар Китоб тумани цемент заводида ишлаётган хитойликлар бўлиб, улар мунтазам эшак сўйиб унинг гўштини истеъмол қилиб келади.

Ҳолатга муносабат билдирган иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров хитойлик ишчиларнинг маҳаллий эшакларни қийратаётгани улар билан боғлиқ муаммоларнинг энг кичиги эканини таъкидлади.

“Энг аввало, Хитойдан ишчилар, қурувчиларни Ўзбекистонга киришига ёппасига рухсат берилиши рационал қарор эмас (кам сонли, юқори малакали технолог ва инженерлар истисно). Кирган хитойни, кўпинча, ортга қайтиб чиқариб бўлмайди. Булар янги ва янги лойиҳалар баҳонасида муддатини чўзаверишади, сони ҳам кўпайиб бораверади (афсуски, расмий статистика мавжуд эмас). Хориждан юқори малака талаб этмайдиган ишчилар жалб қилиш сиёсатимизга жиддий ўзгартиришлар киритишимиз лозим”, деб ёзади О.Бакиров.

Таҳлилчи Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилаётган цемент заводлари мамлакат экологияси ва генофондига зиён келтираётганига ҳам эътибор қаратган.

“Яна булар чиновникларни коррупциялаштириш, ёппасига сотиб олишда устаси фаранг. Давлатлар элитасини, чиновникларини коррупциялаштириш Хитой ташқи сиёсатининг асосий инструментларидан ҳисобланади. Кўтарасига сотиб олинаётган Африка давлатларини қўятурайлик, аллақачон қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда бутун бошли ҳукуматларнинг ўзи хитойпарастга айланган”, дея бонг уради таҳлилчи.

Ички ишлар органларида коррупциявий жиноятлар икки баравар кўпайган

2021 йилда ички ишлар органларининг 89 нафар ходими 119 та коррупциявий жиноят содир этган (www.gazeta.uz, 8 февраль). Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробарга кўп.

Ички ишлар вазирлигида ўтган анжуманда қайд этилишича, 2021 йилда содир этилган коррупциявий жиноятларнинг 47 таси Жиноят кодексининг 206-моддаси (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 18 таси 209 (мансаб сохтакорлиги) ва 211-моддалари (пора бериш), 14 таси 168-моддаси (фирибгарлик), 13 таси 210-моддасида (пора олиш) кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлардир.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда тушган жами беш мингга яқин мурожаатнинг 7 фоизи ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликни акс эттирган.

Умуман 2021 йил давомида 6 минг 294 нафар шахс томонидан коррупциявий ҳолатлар билан боғлиқ 7953 та жиноят содир этилган.

Адлия вазирлигига кўра, сўнгги 5 йил давомида мамлакатда коррупцион қилмишни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 14 мингдан ошган.

Шулардан 160 нафардан ортиғи республика, 1270 нафардан ортиғи вилоят ҳамда 13 минг нафардан ортиғи туман миқёсидаги мансабдорлардир.

XS
SM
MD
LG