Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

Ўзбекистонда ер бериш вақтинча тўхтатилди. Экспертлар Президентнинг ерга оид фармонини “зиддиятли” деб баҳоламоқда


Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёда, 2020, 13 октябрь.
Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёда, 2020, 13 октябрь.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ер муносабатлари - ерни тақсимлаш, сотиш ва ижарага бериш тартибини ўзгартиришга оид фармонни имзолади.

Фармонда шу йилнинг 1 августидан ер муносабатларида 2 та жиддий ўзгариш бўлиши белгиланган - ер хусусий секторга “мулк ва ижара ҳуқуқи” асосида берилади, лекин ерни “умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи” билан мерос қолдириш амалиёти бекор қилинади.

Шунингдек, ушбу фармонга биноан, ер ажратиш тизимида ҳокимларнинг ваколати қисқариши айтилган. Янги тартибга кўра, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни ижарага бериш, қайтариб олиш ва заҳирага ажратиш ҳуқуқи туман ҳамда шаҳар ҳокимларидан олиниб, вилоят ҳокимига берилади.

Лекин, ер олди-бердисининг “шаффоф тизими” деб тақдим қилинаётган электрон аукцион, тендер ва “E-qaror” тизими орқали якуний натижаларни, охир-оқибатда вилоят ҳокимлари тасдиқлаши керак бўлади.

Ўзбекистонда ер муносабатлари йиллардан буён муаммоли қолаётганини урғулаган айрим экспертлар президентнинг бу фармонини, амалдаги вазиятни янада чигаллаштириши, ерни сотиб пул қилаётган амалдорлар ишини эса аксинча соддалаштириши мумкин бўлган “зиддиятли” фармон деб баҳоламоқда.


Ер олди-бердиси вақтинча тўхтатилди

Шавкат Мирзиёев “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни 8 июнь куни имзолади.

Президент фармонига биноан, шу йил 1 августдан, ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Бунда “мулк ёки ижара ҳуқуқи” шартномада келишилган муддатга берилади.

Бунда хусусий сектор вакиллари ерни фақат аукцион асосида сотиб олиши мумкин бўлади. Фармонда бу билан ернинг хусусий секторга сотилишида шаффофлик сақланади, деб изоҳланган.

Шунингдек ушбу фармонда, Ўзбекистонда ерни мулк сифатида ёки ижарага бериш тартибини вақтинча - ушбу ҳужжатда белгиланган янги тартиб қонуний кучга киргунига қадар - тўхтатилиши белгиланган.

Мерос ерга “умрбод ёки доимий эгалик ҳуқуқи” бекор қилинади

Янги фармон билан бундан буён фуқароларга ер ажратилишида - мерос қилиб қолдириладиган ерга “умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи” бекор қилинади.

Ҳозирча фармонда конкрет қандай ерлар назарда тутилаётгани аниқлаштирилмаган.

Жумладан, бунда одамларнинг ўзи яшаб турган ҳовлиси ҳам назарда тутиляптими ёки гап фақат томорқа, деҳқончилик учун берилган ерлар ҳақида боряптими - буниси мавҳум.

Бухоро вилоят ҳокимлигида ишлайдиган ва исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимга кўра, бу ерда гап фақат томорқа ва деҳқончилик учун берилган қўшимча ерлар ҳақида бормоқда:

“Бунақа муаммо бор. Масалан ҳокимларнинг қарорлари билан қишлоқ хўжалигига тегишли ерлар томорқа қилиб берилган, 5 сотихдан 25 сотихгача. Авваллари берилган. Кўпи қайтариб олинди, лекин аҳолини қўлида яна қоляпти. Кейин, боғдорчилик ёки чорвачилик, балиқчилик учун берилган заҳира қишлоқ ерлари бор. Бу ерлар умрбодга берилган. Тартибли экин экиш йўқ, суғориш йўқ, парвариш йўқ, пала-партиш бошқарув асосида ётган ерлар. "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунга 2020 йилда киритилган ўзгартиш билан бунақа ерларни умрбод мерос қилиб бериш тўхтатилди. Менимча, президент қарорида фақат шу ҳақда гап боряпти. Одамларнинг ўзи яшаб турган ҳовлилари ҳақида эмас менимча”.

Озодлик гаплашган ер муносабатлари бўйича яна бир неча экспертлар, бу ерда мерос қилиб қолдириладиган ерга “умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи” ибораларига конкрет аниқлама зарурлигини урғуладилар.

Бундай аниқлама, айни фармон асосида қабул қилинадиган янги қонунларга тегишли тартибда киритилишига умид билдирдилар.

Қишлоқ хўжалиги ерлари

Ҳужжатга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишда жиддий ўзгариш бўлмайди.

Яъни, бундай ерлардан фойдаланаётган фермер ва деҳқонлар иштирокидаги очиқ электрон танлов, яъни тендер тизими сақланиб қолади.

Амалдаги тизимга кўра, қишлоқ хўжалиги учун бериладиган ерлар ҳақида расман ОАВ орқали танлов эълон қилинади ва сўнгра электрон тарзда танлов ўтказилади.

Андижоннинг Бўстон туманида ишлаётган фермерга кўра, амалда бундай тендер тизими деҳқон ва фермерлар манфаатига зид қўлланилмоқда:

“Қатнашишни истовчилар тендер комиссиясига ҳужжат топширади, кўпинча ҳоким ёки биринчи ўринбосари раис бўлади. Унга ҳужжатни берасиз, кейин комиссия балл бериш асосида энг яхши фермерни танлаб олади. Аслида очиқ электрон тендер бўлиши керак, лекин кўпинча ёпиқ ўтказворишади ва яширинча ерни сотишади. Масалан, бизнинг туманда ўтган йили, 1 та фермернинг аризасини мажбурлаб ёздириб олишди, “ерни туман заҳирасига қайтариб олишингизни сўрайман” дедириб. Кейин 70 гектарга яқин ерини ўзига яқин бошқа пулдорга яширин тендер билан берворишди. Хуллас, ер деҳқонни қўлидан кетиб, чала криминал бир одамни қўлига ўтиб кетди".

Янги тартибга кўра, деҳқончилик учун ерлар фақат ижара ҳуқуқи асосида шартномада келишилган муддатга ажратилади.

Лекин, танлов натижаси яна ўша ҳокимлар - “Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланади".

Ноқишлоқ ерлар

Ҳужжатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса, мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланган.

Бунда, давлат ташкилотларига ажратиладиган ер участкаларини қонунчиликда белгилангани каби “давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун” деган сабаб билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш амалиёти давом этади.

Бундай ерларни ажратиш тўғрисидаги қарорни яна Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари имзолайди.

Ҳужжатда, бундай ерларни “фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан” ажратиш айтилган.

"Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин", дейилади ҳужжатда.

Таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида айнан шу ҳақда бундай изоҳ қолдирди:

"Масалан, Тошкент ва Самарқанд шаҳрида ҳокимият билан чатишиб кетган гуруҳларнинг фаолиятлари бунга мисол. Шартли ҳокимият таъсисчилигидаги МЧЖлар ва ишончли бошқарувчиларнинг лойиҳалари учун доимий фойдаланишга ер ажратилади, амалда эса улар билан аффиллашиб кетган бенефициарлар - тижорий олигархия бу ер участкаларини турли кўринишларда тасарруф эта бошлайди. Марказда ва жойларда коррупциялашган номенклатура энг асосий бизнес фигураларга айланиб кетганини ҳисобга олсангиз, оқибатларни тасаввур қилиш қийин эмас. Давлат чиновниклари ва уларнинг шериклари давлат-хусусий шериклик ниқоби остида ер участкаларини гибрид тарзда тасарруф этиши учун жуда катта тирқиш бу. Ер Қонунчилигига ўзгартиришлар киритилишида бу лазейка тугатилиши лозим".

Тўғридан-тўғри ижарага бериладиган ерлар

2021 йил 1 августдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамаси истисно тариқасида, айрим ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли бўлади:

  • Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба синовлар учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига. Бундай ерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига берилади.
  • Агросаноат кластерларига. Бунда кластер ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйиши керак ва уни вилоят ҳокими таклифи қилиши керак бўлади.
  • Энг яхши инвестицион лойиҳани берган инверсторга. Бунда инвестор қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) лойиҳани тақдим қилиши керак ва лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағни махсус ҳисоб рақамига аввалдан ўтказиб бериши керак.
  • Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона, халқаро бирлашма ва ташкилотлар, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга. Бунда улар ерни ижарага олиши мумкин ва аввалдан бозор қийматида ҳақ тўлаши керак.

Қишлоқ хўжалиги тизимида ишлаган собиқ мулозим ҳам, айнан ер муносабатлари бўйича эксперт, янги ҳужжатнинг айнан кластерларга оид қисми унда қатор саволларни пайдо қилганини айтди:

“Кластерлар масаласига келсак, дарҳол саволлар туғилади: 1. Ким ерни баҳолайди? 2. Қайси принцип билан баҳолайди? 3. Ерни баҳолаш ва пул маблағларининг депозитга тушишини ким бошқаради, пул кимнинг ҳисобига тушади ва қаёққа кетади? 4. Ҳокимлик ҳисобига тушди дейлик, эртага кластер ниятидан қайтса, ўз пулини қайтариб олишига ким кафолат беради? Мутлақо мавҳум вазият, мавжуд қонунлар чигал ва инверсторларни доим ҳуркитиб келган. Кейин, кластер ер учун депозит киритса, бу маблағини фермерлар ҳисобидан ундириши табиий ва оқибатда, яна фермерларга босим кучаяди”.

Туман ҳокимларидан олиб, вилоят ҳокимига берилган ваколатлар

Президент фармони билан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид айрим ваколатлари шу йил 1 августдан бекор қилинади.

Булар:

  • ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш,
  • келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш,
  • ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилишдир.

Аммо:

  • ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш,
  • очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш,
  • ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ҳокимларнинг ваколатлари истисно тариқасида сақланиб қолиши белгиланган.

Шунингдек, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколати ҳам 1 августдан тўхтатилади, аммо бу ваколат вилоят ҳокимларига берилади.

Андижонлик фермер, президентнинг янги фармони билан бу тизим айнан сақланиб қолишидан аксар фермерлар норози эканини айтди.

Унга кўра, аслида ерни олиш-бериш ҳаққини вилоят ҳокимларидан ҳам тўлиқ олиш керак:

“Лекин, аслида ерни ким адолатли тақсимлаши мумкин? Буни билмайман, тўғриси. Исталган давлат идорасидаги амалдор сотилади-да бизда. Бисмаркнинг битта гапи бору: “Ёмон қонунлар бўлсаю амалдорлар яхши бўлса, давлатни бошқариш мумкин. Лекин қонун яхши бўлсада, амалдорлар ёмон бўлса, давлатни бошқариш мумкинмас”. Бизда амалдорлар қинғир. Бу янги фармон билан кичкина балиқлар катталарига ем бўляпти, холос. Ҳозир фермернинг ерини ноҳақ олган туман ҳокими жазоланмаяптию, вилоят ҳокими жазоланармиди?!”

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги собиқ мулозими, айнан ер муносабатлари бўйича эксперт, бундай чигал ҳужжат вазиятни халқ учун қийин, ерни олиб-сотиб фойда кўраётган коррупцион тизимлар учун эса “янада қулай” қилади, деган хулосада:

“Ҳозирда амалдаги тизимга кўра, фермердан ерни олиб қўйиш ва бошқасига бериш қарорини туман ёки шаҳар ҳокими, депутатлар туман ёки шаҳар кенгаши сессиясида тасдиқлатиши керак. Янги фармонда ҳокимлар учун бу тўсиқ ҳақида умуман гап йўқ. Битта ўзгариш бор: туман ва шаҳар ҳокимларининг ерни майда-майда қилиб сотиш ваколати олиб қўйилган ва бу ваколат йириклаштирилиб, яна ҳокимият тизимига - яъни, вилоят ҳокимига берилган. Хўп, вилоят ҳокимининг бу ерни қонуний танлов асосида адолат билан тақсимлаши қандай таъминланади - бу саволга жавоб йўқ. Чунки, айнан вилоят ҳокимликлари йирик ҳажмдаги ерларни турли йўллар билан инверсторларга пуллаш билан шуғулланиб келаётган схеманинг бир бўлаги".

Хусусий мулк масаласи ҳамон очиқ

Айрим таҳлилчилар Ўзбекистонда йиллардан буён ўта чигал ва энг коррупциялашган ер муносабатларига оид президент фармонини “зиддиятли” деб баҳоламоқда.

Жумладан, Қишлоқ хўжалиги тизимида ишлаган собиқ мулозим, фармонда ҳануз ерга нисбатан “хусусий мулк” атамаси қўлланмаганига эътибор қаратди:

“Фармон матнининг ўзи жуда зиддиятли. Хўп, Ўзбекистон фуқаролари ўзлари яшаб турган уйнинг остидаги ернинг эгасими? Шу пайтгача, эгаси эмасди. Ҳокимликлар исталган пайтда, “давлат эҳтиёжи учун” деган сабаб билан олиб қўярди. Конституциянинг 53, 54-моддаларидаги “хусусий мулк” ҳуқуқи ерга нисбатан жорий этиладими?! Бу фармонда бу саволга умуман жавоб йўқ. Балки, бу фармон асосида қабул қилинадиган қонунларда “умрбод, доимий, вақтинчалик ҳуқуқ” деган атамаларга изоҳ берилганда, бу масала ҳал бўлар. Яъни, фуқаро ўзи яшаб турган уй остидаги ернинг мутлақ эгаси ва ундан билганича фойдаланиши мумкин”, деган изоҳ пайдо бўлар. Токи, одамлар ўзи яшаб турган ернинг асл эгасига айланиб, у ер унга хусусий мулк сифатида чекланмаган муддатга берилмас экан, мавжуд қонунчилик шахсларнинг конституцион ҳуқуқларига зид қолаверади”.

Экспертлар "зиддиятли", "чигал" ҳамда қатор пинципиал масалаларни "очиқ қолдирган" деб баҳолаётган президент фармони билан Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

  • Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти;
  • Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти;
  • Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаши лозим.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир А.Арипов ҳамда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари З. Низомиддинов зиммасига юклатилган.

Иш натижаси ҳақида 2021 йил 1 октябрга қадар, кейинчалик ҳар чоракда шахсан Президентнинг ўзига ахборот берилиши талаб қилинган.

XS
SM
MD
LG