Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

"Ҳар қанақасига ерингизни оламиз". Қўрғонтепа прокурори 108 фермернинг ерига протест киритди


Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов Khantex-Groop кластер корхонасининг таъсисчиси ҳамдир.
Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов Khantex-Groop кластер корхонасининг таъсисчиси ҳамдир.

Андижон вилоят, Қўрғонтепа тумани прокурори 2019-2020 йилларда чорвачилик, боғдорчилик ва сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 108та фермер хўжалигига берилган ерларга туманнинг аввалги ҳокими чиқарган қарорига протест киритди.

Фермерларнинг иддао қилишларича, прокурор туманнинг янги ҳокими ва айни вақтда Khantex-Groop кластер корхонасининг таъсисчиси бўлган Элёрбек Набижоновнинг кўрсатмаси асосида иш кўрган.

Протестда айтилишича, туман ҳокимининг ер бериш ҳақидаги қарори халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқланмагани сабабли ноқонуний деб топилган.

Фермерлар бу ерларни тендер асосида ютиб олишгани ва барча керакли ҳужжатлар қонуний расмийлаштирилганини айтишмоқда.

Янги ҳоким бўлгандан сўнг фермерларга муносабат ўзгарди

Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик ва боғдорчиликни ривожлантиришга оид ҳукумат қарорлари асосида 2019-2020 йилларда Қўрғонтепа туманида қарийб минг гектар ерда юздан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилди.

Аммо, фермерларнинг айтишларича, жорий йилнинг январь ойида туманга Khantex-Groop кластер корхонасининг таъсисчиси бўлган Элёрбек Набижонов ҳоким этиб тайинлангандан сўнг, уларга муносабат ўзгарган:

“Набижонов келганидан сўнг юз фоиз ҳамма раҳбарларни алмаштириб ташлади. Хантексдаги одамларини олиб келиб, ҳамма жойга ўз одамларини қўйди. Кейин фермерларни битта-битта чақириб ўзи ва ўринбосари орқали ерни қайтариб топшириш ҳақида кўрсатма бера бошлади. Фермерлар биз тендерда ютиб олганмиз, ҳамма ҳужжатларимиз бор деса ҳам барибир ерингни оламан, деб очиқ айтишди. Бизда уларнинг таҳдидли аудио овозлари ҳам бор. Кластер муассиси бўлган ҳоким ўз корхонаси учун кўпроқ пахта етиштиришни мақсад қилиб қўйган”.

Фермерлар тақдим этган аудиода овози ҳоким ўринбосари Муроджон Ғанимохуновники деб айтилаётган мулозим бундай деб таҳдид қилади:

“Ҳар қанақасига айбингизни топиб, бўйнингизга қўйиб, ерингизни оламиз. Айтиб қўяверай!”

Бошқа бир аудиода эса мулозим бундай дейди:

“Менга шундай ваколат берилган, бетимга айтинг-да чиқинг, кетинг. Одам кўп ўрнингизга, ишлата оламиз. Бу ердан ойлик қилмасак, нариги ташкилотимиздан ойлик қилиб ишлатамиз”.

Фермерларнинг айтишларича, ҳоким ўринбосари нариги ташкилот деганда Khantex-Groop кластер корхонасини назарда тутмоқда.

"Сабзавот ва чорва озуқаси ерига пахта экдик"

Фермер Икромжон Бобохонов кўкариб турган пиёзини бузиб, ўрнига пахта экишга мажбурланганини айтади:

“Менда 32 гектар ер бор шундан 5 гектари сабзавот, 27 гектари пахта. Аммо менга 37 гектарга пахта режаси қўйди. Менинг қароримда эса ерим ҳаммаси бўлиб 32 гектар. Қарийб тўрт гектар пиёзимни бузиб, пахта эктирди”.

Фермер Омадилло Юлдашевнинг айтишича, у чорваси учун озуқани сотиб олишга мажбур бўлмоқда:

“Бизнинг пахта ва ғаллачилик йуналишида фермер хўжалигимиз бор. Жахон банки маблағлари ҳисобидан 80000 доллар кредит олиб, оилавий чорвачиликни ташкил қилдик. Қонуний талаблар асосида чорвачилик учун олган еримизни янги ҳоким ва прокурор турли баҳоналар билан олиб қўйишмоқчи бўлишяпти. Ҳатто янги ажратилган чорвачилик еримизга озуқа экинлари экиш ўрнига пахта эктиришди. Хозир мавжуд 36 бош наслли молга озуқани сотиб олиб кун кўряпмиз. Бир йил пахта экиб берсак хам кейинги йилга озуқа экамиз деб чидаб юрсакда, шу еримизни ҳам ҳокимият олиб қўймоқчи. Бу ноҳақликка чидаб бўлмаяпти. Биз еримиз булмаса олган кредитларимизни қандай узамиз. Қийналиб кетдик. Бизнинг бирорта ҳужжатларда камчиликларимиз йўқ. Айбимиз, ҳалол меҳнатимиз холос”.

"Вилоят ҳокимининг гапи ҳам ўтмаяпти"

Фермер Исмоилжон Холдаревнинг айтишича, жорий йилнинг апрель ойида прокурор протест киритганидан сўнг, элликдан ортиқ фермер вилоят ҳокимига шикоят қилиб борган:

“Мен ҳам тендердан 2020 йилда ерни ютиб олиб, чорвачилик бўйича иш бошлаган эдим. Апрель ойида прокурор бу ер ноқонуний олинган деб протест чиқарди. Кейин вилоят ҳокимига бордик. Шуҳрат Қўшақбоевич туман ҳокимини чақириб койиди, булар сабзавотчилик, чорвачилик бўйича ишлайди, бирортасининг ерига тегмайсан, деди. Хурсанд бўлиб келдик. Лекин ҳозир яна фермерларни битта-битта чақириб, ерни топшириш талаб қилиняпти”.

Фермерларнинг айтишларича, 26 апрель куни Қорасув шаҳрида вилоят хокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг сайёр қабулида фермерлар прокурор протести юзасидан арз қилган. Вилоят ҳокими фермерларнинг ерларини туман захирасига қайтариш бўйича бошқа даъво қилинмаслигига ваъда берган.

"Қонун протест киритиш даражасида бузилганми?"

Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Режаббоев туман ҳокимининг 2020 йилдаги қарорига протест киритар экан, шундай деб ёзади:

“...танлов ғолиби деб топиш ҳақидаги туман комиссиясининг 94-сонли баённомаси дастлаб халқ депутталари туман Кенгаши сессияси тасдиғига киритилмасдан туман ҳокимининг ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган”.

Яъни фермерларга ер ажратиш ҳақидаги хулосани комиссия кўриб чиққан, барча меъёрий ҳужжатлар ҳозирлангану фақат депутатлар овоз бермай қолган экан. Аслида, прокурор протестининг моҳияти мана шу.

Фермерларнинг айтишларича, тендерда ютиб чиққан фермерларнинг ҳужжатларини тўғри қилиб расмийлаштириш юридик шахсларнинг зиммасида бўлиши керак:

"Биз ариза бердик, тендер бўлди, комиссия кўриб чиқди ва ерни бизга берди. Биз ерни ўғирлаб олммадикку, ҳалол тендерда ютдик. Комиссиянинг қарорини депутатлар тасдиқлаши кераклигини биз қаердан биламиз. Агар ўша пайтда Кенгашга қўйилганда эди, юз фоиз тасдиқланган бўларди. Улар қўймаган бўлса бизда нима айб, бўпти яна Кенгаш чақириб тасдиқлаб қўяверсинда. Биз бу ёқда еримизга миллион-миллиардлаб пул тикиб қўйдик, кредитлар олдик. Энди нима бўлади. Бировнинг хатоси учун биз жавоб бермаймиз-ку?!"

Озодлик фермерларнинг бу саволларига жавоб олиш учун Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Режаббоев билан боғланди. Прокурор қўнғироқнинг Озодлик радиосидан эканлигини эшитганидан сўнг, алоқани узиб қўйди. Прокурор бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

Қўрғонтепа тумани ҳокими ва айни пайтда Khantex-Groop кластер корхонасининг таъсисчиси бўлган Элёрбек Набижонов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

"Бу ишларга ҳокимнинг алоқаси йўқ!"

Бу воқеага бевосита алоқадор, “Ўзагроинспекция”нинг Қўрғонтепа тумани бўлими бошлиғи, муаммони ўрганаётган ишчи гуруҳ аъзоси Орифжон Қаюмов Озодлик билан суҳбатда прокурорнинг протестига туман ҳокимининг алоқаси йўқлигини айтди:

“Ҳали туман ҳокими қарор чиқари, ҳеч қайси фермернинг ерини олиб қўймаган. Прокурор протест киритган, лекин ҳали ижро бўлмаган. 19 фермер чақиртирилиб, протест нима сабабдан эканлиги ўқиб эшиттирилди. Ерларни олиб қўйиш туман ҳокими ваколатида ҳам эмас. Аввал депутатлар кенгаши кўриб чиқади, кейин протест туман судига юборилади. Туман ҳокими аксинча сабзавот етиштириш кўпайсин деяпти. Агар прокуратура протест киритган бўлса, уни асослаб бериш унинг ваколати”.

Қонун нима дейди?

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисда”ги Қонуннинг 59-моддасига кўра, агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим.

Бунда манфаатдор шахснинг маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган мулкий зарарнинг ўрни қопланиши айтилган.

Аммо, фермерларга кўра, прокурорнинг протестида туман ҳокимининг қарорига асосан ерга сарфланган маблағларни қоплаб бериш масаласи ҳал этилмаган ва прокурор биргина халқ депутатлари Кенгаши комиссия хулосасини тасдиқламагани учун қарорни бекор қилиш ҳақида протест киритишдай қаттиқ чора қўлламасдан, балки юқоридаги қарорни фақат норматив ҳужжатларга мувофиқлаштириб қўйишни сўраса етарли.

"Туманни монополия қилиб олди"

Қўрғонтепа туманидаги давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган, исми сир сақланишини илтимос қилган мулозимнинг иддао қилишича, ҳоким Элёрбек Набижонов узоқ йиллар Давлат солиқ қўмитасини бошқариб келган генерал Ботир Парпиевнинг ўғли, банкир Бобур Парпиев билан бирга ишлаган:

“Бу ҳоким шу пайтгача қудратли бўлиб турган шахсларнинг ишончли одами. Ҳатто вилоят ҳокими ҳам бу билан ҳисоблашади. Ўзи кластер эгаси, яна уни туманга ҳоким қилиб қўйишди. Бу ерда манфаатлар тўқнашувчи йўқ деб, ким айта олади. Бу очиқ кўриниб турган нарса. Ҳоким бўлиб келганидан сўнг ноқонуний текширишлар қилиб, корхона ва идораларни ўзининг, яъни Хантекс аудитларига текширтирди. 41 раҳбарни ишдан бўшатиб, барчасига ўзининг яқинларини қўйди. Ўзининг ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари, бозорқўмлар ҳаммасига Хантекс одамлари раҳбар бўлди. Туманни бутунлай монополия қилиб олди. Энди навбат фермерларнинг ҳосилдор ерларига келди. Прокурор орқали мана шу ишларни бошлаб юборди”.

Озодликда Элёрбек Набижоновнинг Ботир Парпиев ёки унинг ўғли Бобур Парпиев оиласига яқинлигини тасдиқловчи ҳужжат йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил майида Андижондаги селектор йиғилишида "вилоятнинг ярмини хусусийлаштириб олган одам ҳаммасини қайтаради", деб айтган. Бунинг ортидан Давлат солиқ қўмитасининг узоқ йиллик раҳбари, генерал Ботир Парпиев лавозимидан олинганди. Бир вақтнинг ўзида унинг Ташқи ва Ички ишлар вазирлиги тизимидаги бир неча яқинлари ишдан бўшатилган.

74 яшар истеъфодаги генерал ўтган йил февралида ҳукуматга қайтарилган - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG