Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Наманганда беморнинг қариндоши шифокорга ҳужум қилиб кўзини кўр қилди


Жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган.
Жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган.

Наманган вилояти Учқўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам навбатчи жаррохи Одилжон Қўлдошев бемор қариндошининг ҳужум қилгани оқибатида ўнг кўзи кўр бўлиб қолган.

Бу ҳақда шифокорнинг ҳамкасблари Озодликка маълум қилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Учқўрғонда шифокорга бемор қариндоши ҳужум қилгани холати атрофлича ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, воқеа 2 январ кечаси содир бўлган.

- Ўша куни касалхонага олиб келинган бемор боланинг тоғаси жанжал кўтарди. Одилжон уни тинчлантирмоқчи бўлди ва ташқарига кузатиб қўйди. У одам кейин эшикни синдириб кириб, Одилжонни юзига мушт туширди, ёпиқ калла бош мия жароҳати етказди. Ўнг кўзи олмаси ёрилиб кетди, - деди исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган шифокор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Учқўрғонда шифокорга бемор қариндоши ҳужум қилгани холати атрофлича ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг хабар беришича, 2020 йил 2 январь куни 18.30ларда Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлимига амбулатор мурожаат қилган беморга зудлик билан вақтида ёрдам кўрсатилган.

"Бемор қариндоши ҳужумига учраган шифокорга тажрибали медиклар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ, жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган", - дейилади матбуот хизмати билдирувида.

Наманган прокуратураси мазкур холат юзасидан Ўзбекистон жиноят кодексининг қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш моддаси бўйича иш очиб, тергов олиб бораётганини маълум қилди. Шифокорга ҳужум қилгани гумон қилинаётган 30 ёшли эркак ҳибсга олинган.

Кейинги пайтларда беморлар яқинлари томонидан шифокорларнинг калтакланиши ёки уларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари кўп кузатилмоқда.

Жумладан, ўтган йилнинг сентябрь ойида Андижон вилоятининг Асака туманида “Шарқ ҳақиқати” тез тиббий ёрдам шахобчасига олиб борилган бемор яқинлари фельдшерни калтаклади.

Ўтган йилнинг 21 августида эса Озодлик Андижонда беморнинг ўғли врачлар хонасига ўт қўйишга уринганини хабар қилган эди.

2019 йилнинг 7 август куни эса Самарқанд вилояти Қўшработ тумани касалхонасида терапевт врач бемор қариндошларининг ҳужумига учраганди.

Ўтган йили 10 июль куни Сирдарёда болалар касалхонасида вафот этган 4 ёшли боланинг отаси 2 шифокорни пичоқлаган, улар оғир жароҳатлардан омон қолганди.

“Афсуски, беморнинг яқинлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз ва таҳдид қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар кундан кунга кўпайиш билан бирга, уларнинг зўравонликлари шифокорлар соғлиғининг қайта тиклаб бўлмас даражасигача ҳам етишига сабаб бўлмоқда", - дейилади Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2017-2018 йил давомида Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300га яқин тиббиёт ходими калтакланган.

XS
SM
MD
LG