Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:40

Андижонда беморнинг ўғли врачлар хонасига ўт қўймоқчи бўлди (ВИДЕО)


Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази.
Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази.

21 август куни 64 ёшли бемор А.И.нинг ўғли Андижон вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказиортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходимларига тажовуз қилганини Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими Озодликка тасдиқлади.

Андижон шаҳар Ички ишлар бўлими ходими Озодликка шифокорларга ҳужум қилингани бўйича суриштирув олиб борилаётгани, ҳужум қилган шахс қўлга олинганини билдирди.​

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Озодликка вазирликнинг махсус гуруҳи Андижондаги воқеа оқибатида жабрланган тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга маънавий ёрдам кўрсатиш учун мазкур вилоятга сафарбар этилганини маълум қилди.

22 август эрталаб Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода беморнинг ўғли экани айтилаётган эркак шифокорлар хонасига бензин сепиб, хонага ўт қўйиб юборишга уринганини кўриш мумкин.

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими Озодликка 21 август куни Андижон вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази врачларига қилинган тажовуз тўғрисида бундай деди:

- Ҳозир тўрт нафар ходимимиз шифохонада ётибди. Ҳам руҳий, ҳам тан жароҳати етган. Булар хонага қамаб олинган врач, эшикни синдириб ичкарига кирган яна битта врач ва иккита ҳамшира. Беморнинг қариндоши шифокорни бўғиб олган, уни ҳушидан кеткизган. Уларга руҳий жароҳат етказилгани бўйича ҳам ҳозир экспертиза ўтказилишини сўраяпман, чунки оғир психологик жароҳат олишган, лекин тан жароҳати оғир эмас.

Андижон шаҳар Ички ишлар бўлими ходими Озодликка шифокорларга ҳужум қилингани бўйича суриштирув олиб борилаётгани, ҳужум қилган шахс қўлга олинганини билдирди.

Озодликка маълум бўлишича, шифокорларга қасд қилишда гумонланаётган шахснинг онаси "пастки парапарез асорати" ташхиси билан Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 2017 йилда операция қилинган.

Беморнинг қариндошлари уни Тошкент шаҳридаги хусусий клиникалардан бирига консультацияга олиб борганида шифокорлар операция нотўғри қилингани, хозирда қайта операция қилиш лозимлигини айтишган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Озодликка вазирликнинг махсус гуруҳи Андижондаги воқеа оқибатида жабрланган тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга маънавий ёрдам кўрсатиш учун мазкур вилоятга сафарбар этилганини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида жумладан бундай дейилган:

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йил 21 август куни Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорларга беморнинг қариндоши томонидан суиқасд уюштирилиши, шифокорлар хонасига бензин сепиб, хонага ўт қўйиб юборишга уринганлик ҳолатини минг афсус билан қайд этади. Маълумки, вазирлик жамиятимизда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш лозимлигини мунтазам таъкидлаб келади".

Ўзбекистон касалхоналарида шифокорларга ҳужум қилиниши илк бор кузатилаётгани йўқ.

7 август куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани касалхонасида терапевт врач бўлиб ишловчи 24 ёшли Отабек Сирлибоев бемор қариндошларининг ҳужумига учрагани ҳақда Озодликка гапирган эди.

Ўтган ой Жиззах шаҳридаги болалар кўп тармоқли шифохонасида вафот этган 14 ёшли беморнинг акаси шифокорни пичоқлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Май ойида эса Самарқандда беморнинг отаси шифокорга ҳужум қилиб, уни ҳақоратлагани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижонда шифокорларга ҳужум қилингани бўйича 22 август куни эълон қилинган баёнотида тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш кераклиги таъкидланган:

"Тиббиёт ходимлариги тажовуз қилиш ҳолатларининг содир этилишини асосий сабабларидан бири жамият ва халққа туну кун хизмат қилаётган шифокорларга нисбатан тажовуз қилганлик учун кўзда тутилган жиноий жазоларнинг бирмунча либераллигидир. Оқибатда эса ҳеч бир айби бўлмаган тиббиёт ходимининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган даражада зарар етказган шахслар ҳам айрим ҳолларда амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетаётганини қайд этиб ўтмасдан иложимиз йўқ.

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий Мажлисга шифокорлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалдаги қонунчиликни янада кучайтириш, шунингдек, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги каби қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан фуқароларнинг шифокорларга таҳдид ва тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида жиддий ва кескин чоралар кўриб боришларини, бу борада профилактика ишларини яна кучайтиришларини қатъий сўраб қолади".

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2017-2018 йил давомида Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300га яқин тиббиёт ходими калтакланган.

XS
SM
MD
LG