Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Cotton Campaign АҚШ ҳукуматининг ўзбек пахтасини легаллаштириш қарорига норозилик билдирди


Самарқандлик талабалар пахта теримида. 2015 йилнинг 16 сентябрида олинган сурат.
Самарқандлик талабалар пахта теримида. 2015 йилнинг 16 сентябрида олинган сурат.

Cotton Campaign («Пахта кампанияси») халқаро ташкилоти АҚШ Меҳнат вазирлигига мактуб юбориб, унда ҳукуматнинг болалар меҳнати ҳисобига етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан ўзбек пахтасини чиқариб юборгани қарорига нисбатан ўз норозилигини билдирди. Бу ҳақда Cotton Campaign координатори Кирилл Бойченкога таяниб, fergana.ru хабар қилди.

Бундан бир ой олдин АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини мазкур рўйхатдан чиқарганини маълум қилди. Вазирлик Давлат департаменти ва АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлигини билан ўтказган маслаҳатлардан сўнг, Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиш камайган, деган хулосага келган.

Cotton Campaign ўз мактубида Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан воз кечиш борасида катта ютуқларга эришгани билан 2017 йили болаларнинг пахта теримига жалб қилингани, мактаб ўқитувчилари катта босим остида қолиб, йиллик пахта терим режасини бажариш учун болаларни пахта далаларига чиқаришга мажбур бўлганларини қайд этган. «Шунинг учун мазкур рўйхатдан ўзбек пахтасини чиқариш қарорига ҳали барвақт экани, Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши фундаментал ислоҳотлар олиб бориш ваъдаларини бажарганига тўлиқ амин бўлиш лозим», - дейилади мактубда.

Халқаро ташкилот болалар меҳнати эвазига етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан ўзбек пахтасини чиқариб ташлаш қарорига келиш учун қатор омилларни назарда тутиш лозим, деб билади. Жумладан, Cotton Campaign Ўзбекистонда бу йилги пахта терими мавсумини синчковлик билан кузатиш лозимлигини айтади. Ташкилот фикрига кўра, раҳбарлар мажбуран пахта теримига жалб қилинган одамлардан хориж кузатувчилари билан суҳбатда “ихтиёрий пахта тераётгани”ни айтишни талаб қиладилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳукумати пахта теримидан болаларни озод қилиш билан бир қаторда, бу юкни катталар зиммасига юклаётганига урғу берадилар. Оқибатда мажбурий меҳнатдан фойдаланишдаги вазият ҳанузгача “эски ҳаммом, эски тоз”лигича қолмоқда. Бундан ташқари, ўзбек ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланганларга нисбатан қаттиқ жазолар бермаяпти, деб ҳисоблайди Cotton Campaign.

Болаларни меҳнатга мажбурлаш ҳисобига етиштирилган маҳсулотларни сотиб олмаслик сиёсати АҚШда 2001 йили бошланган ва ушбу маҳсулотлар рўйхати тузилган. Ўзбек пахтаси мазкур рўйхатга 2010 йили киритилган. Шуни айтиш лозим, АҚШ Меҳнат вазирлиги июль ойидаги баёнотида барча оммавий изоҳларни ўрганган ҳолда ўзбек паҳтасига нисбатан якуний хулосага келишини айтган.

Cotton Campaign ҳалқаро ҳуқуқ ҳимоячилари, касаба уюшмалари, кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи компаниялари ва инвесторларни бирлаштирган халқаро ташкилот ҳисобланади. Ташкилот ўзининг бош мақсади қилиб - болалар меҳнатига қарши курашни белгилаган.

XS
SM
MD
LG