Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Озодлик мухбири Кейптаунда ўтказилган Wikimania анжуманида иштирок этди (АУДИО)


Нодир Отаев
Нодир Отаев

Викимания (Wikimania) ҳар йили ўтказиладиган халқаро анжуман бўлиб, унда Викимедиа Жамғармаси лойиҳалари, хусусан, Википедияни янги мақолалар билан тўлдиришга ҳисса қўшиб келаётган муаллиф-муҳаррирлар қатнашади. Унда очиқ ва эркин дастурлардан тортиб, бутун дунё бўйлаб илм ва вики лойиҳаларни тарғиб қилиш ғоялари муҳокама қилинади. Жанубий Африка Республикаси пойтахти Кейптаун шаҳрида бўлиб ўтган бу йилги конференцияда Озодлик мухбири Нодир Отаев ҳам қатнашди. Қуйида унинг таассуротлари билан танишасиз.

***

Конференцияда Ўзбекча Википедиядан фақат бир фойдаланувчи – камина қатнашдим. Бундан аввал Вашингтон (2012) ва Лондон (2014) шаҳарларида ҳамда Италиянинг Эзино-Ларио (2016) коммунасида бўлиб ўтган Викиманияларда ҳам қатнашганман. Викимедиа Жамғармаси лойиҳаларига фаол ҳисса қўшиб келаётганим учун тўрттала анжуманда ҳам грант асосида қатнашдим. Яъни, жамғарма конференция билан боғлиқ барча харажатларимни қоплаб берди.

Аввалги йилларда Ўзбекча Википедиядан яна икки иштирокчи – Casual ва Lingveno логини билан таҳрир қилувчи фойдаланувчилар қатнашган. 2012 йилги конференцияда мен ҳам, Casual ҳам Ўзбекча Википедиянинг ўша пайтдаги аҳволи ҳақида презентация қилдик. 2016 йили эса ўзим Ўзбекча Википедиядаги ўзгаришлар, хусусан, унга Ўзбекистон ичида қўйилган тўсиқ ва уни четлаб ўтиш йўллари ҳамда Ўзбекча Википедияни ривожлантириш учун Озодлик Радиоси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган «ОзодВики» лойиҳаси ҳақида презентация қилдим. Презентациямда Википедия асосчиси Жимми Уэйлс шахсан ўзи қатнашди.

2014 йилги ҳамда бу йилги конференцияда сўзга чиқмадим, аммо ўзим учун қизиқ бўлган сессияларда қатнашдим ва жуда кўп фойдали маълумот олдим. Хусусан, бу йилги анжуманда Викимаълумотлардан қандай фойдаланиш ҳамда кичик викиларни ривожлантириш йўллари ҳақида кўпроқ билиб олдим. Бундан ташқари, Осиё мамлакатлари вики лойиҳалари иштирокчилари йиғинида ҳам қатнашдим.

Викимания нафақат янги дўст орттириш ва фикр алмашиш учун, балки саёҳат қилиш учун ҳам имконият яратади. Аксар иштирокчи асосий конференциядан олдин ёки кейин мезбон мамлакат ва унинг яқинидаги мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилади. Мен бу йилги анжуман баҳонасида гўзал табиатга эга Жанубий Африкани кездим. Умримда биринчи бор пингвинларни кўрдим, Африка қитъасининг энг жануби-ғарбий нуқтаси бўлмиш Яхши умид бурнига сафар қилдим. Келгуси йилда конференция Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтади.

Викиманияда сиз ҳам қатнаша оласиз. Бунинг учун Викимедиа жамғармасининг лойиҳаларида фаол иштирок этишингиз керак. Жамғарманинг энг машҳур лойиҳаси Википедиядир. Аммо эркин лицензияли мультимедиа файлларни ўзида жамлаган Викиомбор, эркин ва кўп тилли Викилуғат, онлайн билимлар базаси Викимаълумотлар каби Википедияга қардош лойиҳаларга ҳам ҳисса қўшишингиз мумкин.

Вики лойиҳаларни таҳрир қилишдан нима фойда?

Биринчидан, ушбу лойиҳаларга ҳисса қўшиш орқали бошқаларга эркин маълумот олишда ёрдам берасиз. Масалан, мен Википедияда ўзим туғилган, яшаётган шаҳарлар ҳақида кенг қамровли мақолалар ёздим, Викиомборга кўплаб шаҳар ва қишлоқларнинг фотосуратларини юкладим. Шу йўл билан ўзимга қадрдон жойлар ҳақида бошқалар ҳам маълумот олишига имкон яратдим.

Иккинчидан, таҳрир жараёнида ўзингиз янги маълумот оласиз. Масалан, мен Википедияни таҳрир қилаётганимда бошқа давлатлар ҳақида тинимсиз ўрганаман.

Учинчидан, Википедияда бошқа тиллардан ўзбек тилига ёки ўзбек тилидан бошқа тилларга мақола таржима қилиб, ўша тилларни янада чуқурроқ ўрганиш мумкин.

Тўртинчидан, ўзбекча Википедия бойиса, Google Translate каби таржимонларнинг ишлаши яхшиланади. Айни дамда ўзбекча Википедияда ёритилган мавзулардаги матнларни Google Translate жуда яхши ўгиради. (Аммо “I am not from Uzbekistan” каби содда гапни эса “Men O'zbekiston emasman” деб таржима қилади.)

Ниҳоят, юқорида қайд этилганидек, Викимедия жамғармаси лойиҳаларига салмоқли ҳисса қўшсангиз, Викимания конференциясида қатнашиш учун грант ютишингиз мумкин.

Википедия ва унинг қардош лойиҳаларидаги материалларидан фойдаланиш учун уни таҳрир қилишингиз шарт эмас. Таҳрир қилмай туриб ҳам унинг мақолаларини бемалол ўқишингиз мумкин. Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа бир неча мамлакатда Википедия саҳифаларига мобил мослама орқали кириш бепул. Бу ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун Wikipedia Zero мақоласи билан танишиб чиқинг.

Бу йилги Викиманияда Марказий Осиёдан фақат бир одам иштирок этди. Бунинг сабаби ўзбекча вики лойиҳалардаги каби қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман викиларда фаол иштирокчиларнинг озлигидир. Умид қиламанки, тез орада ўзбекча вики лойиҳаларда фаоллар сони кўпаяди.

Нодир Отаев

Кейптаунда ўтказилган Wikimania анжумани ҳақидаги Нодир Отаев билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Нодир Отаев билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG