Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:41

Конвертация очилишидан кўп нарса кутганларнинг ҳафсаласи пир бўлмоқда


Ўзбекистонда конвертация очилганидан бир ҳафта ўтиб, тобора кўпроқ одамларнинг ундан ҳафсаласи пир бўлмоқда. Сабаби банклардан расмий курсда нақд валюта сотиб олиб бўлмаяпти. Жисмоний шахсларга хорижий валюталарни сотиш тижорат банкларининг конверсион бўлимларида пул маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш орқали амалга оширилмоқда. Конверсион карталардан эса, Ўзбекистон ичида пул ечиб олиш имконсиз.

Ўзбекистонда конверсион карта очиш орқали банкдан 2 минг АҚШ доллари ҳарид қилган тошкентлик тадбиркор Тоҳир шу пулни кўшни Қозоғистонга бориб ечиб олганида, 1 доллар 9 минг сўмдан кўпга тушаётганини айтди.

- Қозоғистонда банкоматдан ечиб олганда 5 фоиз комиссия ушлаб қоляпти. Ҳамма ҳаражатни ҳисобласам, 1 доллар 9000 сўмдан кўпроқ бўляпти. Энг ёмони эса, бу карталардан пул ечиб олишга Ўзбекистондаги банклар қўйган лимит ҳали ҳам бор. Бир кунда 100 доллар, бир ойда эса 300 доллардан ортиқ пулни ечиб олиб бўлмаяпти,- дейди тадбиркор.

Ўзбекистон банкларида конверсион картани очишнинг ўзига 170 минг сўмдан 300 минг сўмгача банк хизмати ва карта ҳақи учун пул тўлаш керак.

Тадбиркор Тоҳирнинг айтишича, фақат шу тўлов билан иш битмайди.

- Бундан ташқари страховой депозит учун камида 70 доллар қўйиш керак. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Конверсион карта очиш учун UzCard деб аталувчи сўм картасини ҳам очиш керак. Уни очишга ҳам 5 доллар кетади. Ана ундан кейин сўмни UzСardga ётқизасиз. У ердан 8170 сўм - 1 доллар курсида конверсион картага туширилади, - дейди Тоҳир Собиров.

Лекин, бу пулни Ўзбекистон ичкарисида картадан нақд ечиб олиб бўлмайди. Онлайн-дўконларда ҳам у билан харид қилиб бўлмайди.

Буни Тошкентдаги Асака банк ходими ҳам тасдиқлади.

- Конверсион карталар Ўзбекистонда ишламайди. Фақат хорижда. Чунки, Ўзбекистонда миллий пул - сўм, - деди банк ходими.

Жисмоний шахсларга конверсион карталар орқали ҳорижий валютани сотишдаги чегара эса, бир чорак учун 5000 доллар этиб белгиланган.

Ўқиш ёки даволаниш мақсадида ҳорижга отланганлар учун эса, бу пул етмай қолиши мумкин.

Ҳиндистонга даволаниш учун отланган тошкентлик нафақахўр Шоира Саидбекова чет элда даволаниш икки баравар қимматга тушаётганини айтади.

- Ҳозир курс икки баравар ошди. Ҳорижда даволаниш энди анча қимматга тушяпти. Шунда ҳам 5 минг доллар лимит қилиб қўйибди, бу пул даволаниш учун етмайди, - дейди Шоира Саидбекова.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси икки баравар ошгани хорижда ўқиётган ўзбекистонлик талабаларни ҳам анча қийин аҳволда қолдирган.

- Мен Украинанинг Днепр шаҳрида ўқийман. Ўзбекистонда конвертация очилганидан сўнг биз, ҳориждаги ўзбекистонлик студентлар, қийналиб қолдик. Авваллари, банкдан 4 100 сўмдан доллар сотиб олганимиз учун ўқиш тўловлари ўзбекистонликлар учун икки баробар арзон эди. Яъни, банкдан бир долларни ҳозирги 8 100 сўм ўрнига 4 100 сўмга сотиб олар эдик. Лекин, энди бундай имкон йўқ. Долларнинг расмий курси 8 100 сўмга тенглаштирилгани учун бизлар энди ўқув шартномамизни тўлай ололмаяпмиз. Аммо, ўқишни ҳам ташлаб кета олмайман. Шунча йил ўқиб, барча сарфланган пул ва кучни йўққа чиқармоқчи эмасман. Девальвация қилишдику, бироқ ойликлар ҳамон ўша-ўша. Ота-оналаримиз қаердан пул топишсин? Оддий халқ энди нима қилсин?, - дейди Украинада тиббиёт соҳасида ўқиётган ўзбекистонлик талаба.

Тошкентлик Саида опа ҳам Киевда ўқиётган иккита ўғлини ўқиш пулини тўлашга қийналиб қолганини айтди.

Тошкентлик Саида опа
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонлик журналист Малоҳат Эшонқулова мамлакатда 5 сентябрда эълон қилинган конвертацияни "ғирромлик" деб атади.

- Долларни сотиб олишганларидан кейин, ҳукумат, банк деганлари халқаро виза картаси-партаси деб ўтирмасдан, лоақал 2 минг долларни нақд бериш амалиётини ҳам йўлга қўйиши керак эди. Давлатнинг, банкларнинг бу тадбири доллар қора бозорининг умри боқий бўлади дегани! Ишонаверинг!, - дейди Эшонқулова.

Қора бозорда эса бир ҳафта ичида доллар курси банкларда белгиланган курсдан ўзиб кетди. Бир ҳафта илгари "қора бозор"да 7850 сўм бўлган доллар 8150 сўмдан ошди.

- Бизда олиш 8150, сотиш 8170 бўляпти, - дейди Тошкентнинг Чорсу бозоридаги сарроф.

Марказий банк 5 сентябрдан бошлаб, ўзбек сўмининг бир АҚШ долларига нисбатини 4210 сўмдан 8100 сўмга туширди.

Бу ҳақдаги қарор банк сайтида эълон қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки ўз қарорини президент Мирзиёевнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ортидан қабул қилди ва миллий сўм курсини ҳорижий валюталарга нисбатан қарийб икки бараварга пасайтирди.

XS
SM
MD
LG