Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:30

Мирзиёев 5 сентябрдан валюта эркин савдосини бошлаш ҳақида фармон имзолади


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, кутилаётганидек, республикада хорижий валюта эркин савдосига рухсат бериш ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжат асосида, 5 сентябрдан мамлакатдаги тижорат банклари хорижий валютани эркин сотиш-сотиб олиши, фуқаролар истаганича сотиш-сотиб олиши мумкин. Нарх, "мутлақо бозор механизми шартлари" асосида белгиланади.

2 сентябр куни президент имзолаган ПФ-5177-сонли фармонда, шу йилнинг 5 сентябрида бошлаб, юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларида чекланмаган миқдорда сотиш ва сотиб олиши мумкинлиги қайд этилган.

Фармонда "миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан курси мутлақо бозор механизмларига таянган ҳолда белгиланиши" айтилган.

Фармонда қайд этилишича, жисмоний шахслар тижорат банкларидан сотиб олган "валюта халқаро тўлов карталарига ўтказиб берилади ва ундан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиши мумкин".

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган хусусий тадбиркорлар ҳам валютани жисмоний шахсларга белгиланган тартиб асосида сотиши ва харид қилиши мумкин.

Бундан ташқари, фармон асосида, мулкчилик шаклидан қатъий назар, экспорт билан шуғулланувчи "юридик шахсларга хорижий валюта тушумини давлатга мажбурий сотиш тартиби ҳам бекор қилинади". Якка тартибдаги хусусий тадбиркорларга ҳам "валютасини ўз банк ҳисобидан истаганича ечиб олишга рухсат берилади".

Шунингдек, фармонда товарлар (иш ва хизматлар) учун хорижий валютада тўлов қилиш тақиқланган, халқаро амалиётга мос равишда халқаро тўлов карталари билан амалга ошириладиган тўловлар эса бундан мустасно қилинган.

Муҳими, "банкларнинг хорижий валютанинг олди-сотдиси билан билан боғлиқ рисклари ишбилармонлик рискига тенглаштирилади ва уларни бошқариш тижорат банкининг ўз ихтиёрида бўлади".

Тижорат банкларига хорижий валютада операциялар ўтказиш учун лицензия бериш амалиёти эса бекор қилинади.

Озодлик 29 август куни Ўзбекистонда шундай ҳужжат имзолаши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон банк тизими мулозимларидан бири: “Марказий банкнинг расмий курсни девальвация қилиб, мамлакатдаги валюта алмашинув курсларининг унификацияланиши – бир хиллашуви тўғрисидаги муҳим қарорни эълон қилиши кутилмоқда", деган эди.

Ҳозирда “бозор механизмлари асосида белгиланадиган” ягона доллар курсининг қора бозордаги жорий курс – 8000 сўмга яқин бўлиши тахмин қилинмоқда.

Марказий банкнинг қаттиқ валюталарга нисбатан сўм расмий курсини кескин пасайтириши – девальвация қилиши:

- оддий одамларнинг кундалик ҳаëтида қандай ўзгаришлар қилади,

- девальвация бозордаги нарх-навога қандай таъсир қилади,

- бундай қадамдан ким ютадию ким ютқизади,

каби саволларга Озодлик мутахассислардан олган жавобларни мана бу линкда ўқиб-тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG