Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:43

Тожикистон Ўзбекистондан арзон газ импортини 4 мартага оширмоқчи


Тожикистон жорий йилда Ўзбекистондан табиий газ импорти ҳажмини тўрт баробарга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 28 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Тожиктрансгаз” раҳбари муовини баёнот берди.

Ўзбекистоннинг ўзида йиллардан буён газ тақчиллиги кузатилаётган вазиятда янграган бу янгиликни “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтгаз” мулозимлари шарҳлашни истамади.

Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть ва газ сектори собиқ раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда Тожикистонга газ экспорти ҳажми ошаётганидан чўчимаслик кераклигини, бироқ сотилаётган газ нархи масаласини ўйлаб кўриш лозимлигини айтди.

Тожикистон Ўзбекистондан арзон газ импортини 4 мартага оширмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00
Бевосита линк

Тожикистондаги ASIA-Plus нашрининг хабар қилишича, 28 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Тожиктрансгаз” очиқ акциядорлик жамияти раҳбари биринчи ўринбосари Шавкат Шоимзода “Биз бу йил Ўзбекистондан 200 миллион куб метргача табиий газ сотиб олишни режалаштирмоқдамиз”, деб баёнот берган.

Шоимзодага кўра, икки мамлакат газ тақсимлаш компаниялари ўртасида принципиал келишувга эришилган, шу кунда келишувнинг деталлари муҳокама қилинмоқда, шундан сўнг ҳужжат имзоланади.

“Тожиктрансгаз” раҳбари биринчи ўринбосарининг айтганларига таяниб, ASIA-Plusнинг хабар қилишича, 2018 йили Тожикистон Ўзбекистондан қарийб 54 миллион куб метр газ импорт қилган.

Шу кунда йигирмадан ортиқ корхона, жумладан, Тожикистон алюминий компанияси ва Душанбе Иссиқлик электр маркази импорт қилинаётган табиий газ ёқмоқда.

Ӯзбекистон 10 йиллик танаффусдан сўнг ўтган йили Тожикистондаги 12 корхонага табиий газ етказиб бериш бошлагани тўғрисида Озодлик “Тожиктрансгаз” ширкатидан олинган маълумотга таяниб, 2018 нинг июлида хабар қилган эди.

1 январдан эса, Ўзбекистоннинг табиий газидан юзлаб душанбелик оилалар фойдалана бошлади.

“Тожиктрансгаз” раҳбари муовини 28 январь кунги матбуот анжуманида истеъмолчилар сони ой сайин ортиб бораётганини, юқори босимли қувурлар тўлиқ тикланганини, ўрта босимли қувурлар таъмирланаётганини айтган.

Ўзбекистон қўшнисига газ экспорти ҳажмини чиндан ҳам ошираяптими? Агар шундай бўлса, газ неча пулдан сотилади? Тожикистонга газ экспорти 4 мартага оширилса, бу ўсиш Ўзбекистоннинг ички бозорига қандай таъсир қилади? Шу ва бошқа саволларни бериш учун Озодлик “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти билан боғланди.

“Ўзтрансгаз” матбуот котиби саволларни эшитгач, “Ўзбекнефтгаз”га мурожаат қилишни тавсия қилди. “Ўзбекнефтгаз” мулозими саволни эшитгач, матбуот хизматига жўнатди. Матбуот хизмати эса, жавоб бермади.

1991 – 93 йилларда “Ўздавнефтмаҳсулот” корпорацияси бош директори (вазир мақомидаги лавозим) бўлиб ишлаган Анвар Ҳусаинов 29 январь куни Озодликка саволларига жавоб берди.

Собиқ "Ўздавнефтмаҳсулот" корпорацияси бош директори-вазир Анвар Ҳусаинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:36 0:00
Бевосита линк

Ҳусаиновнинг айтишича, Тожикистон 2018 йили сотиб олган қарийб 54 миллион куб метр газ катта ҳажм эмас. “Бунча газ Тошкент шаҳри туманларидан бири бир йилда ёқадиган газдан оз”, деди собиқ нефть-газ расмийси. Бинобарин, экспорт ҳажмининг 4 баробарга ошишидан ҳам чўчимаслик керак.

“90-91 йилларда биз Тожикистонга ярим миллард куб метр газ сотганмиз, шунча миқдорда, балки бундан ҳам кўпроқ газни Қирғизистонга сотганмиз” , - деди экс-вазир.

Анвар Ҳусаиновнинг фикрича, Тожикистонга газ экспорти ҳажмини оширишга Ўзбекистонда газ қазиб олиш суръатлари йилдан йилга ошиб бораётгани имкон беради. “Охирги 2 йилда газ қазиб чиқариш ҳажми 60 -70 миллиард куб метрга чиқди”, - деди экс-вазир.

Бас, шундай экан, нима учун бу ўсишни ички истеъмолчи ўзининг ўчоғида сезмаяпти? Бу саволга жавобан Анвар Ҳусаинов қазиб олинаётган газнинг мутлақ катта қисми Хитой ва Россияга экспорт қилинаётганини айтди.

“Лекин ўша газнинг неча пулдан сотилаётганини ҳеч ким билмайди. Ҳатто мутахассис бўла туриб, мен ҳам билмайман”, - деди экс-вазир.

Айни пайтда Тожикистонга сотилаётган газнинг нархи маълум. Ўтган йилнинг мартида икки мамлакат газ тақсимловчи компаниялари ўртасида эришилган битимга биноан, минг кубометр ўзбек гази учун Тожикистон $120 тўлаши белгилаб қўйилган эди. Бу ҳақда ўз вақтида ASIA-Plus ҳам хабар қилган.

Тожикистон учун белгиланган газ нархини шарҳлар экан, Анвар Ҳусаинов бундай деди:

“Экспорт нархлари бошқача бўлиши керак. Газ жуда қиммат туради. Хом ашёдан мамлакатдаги газни қайта ишлаш заводлари қўшимча даромад берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин. Эски иқтисодий ёндошувлардан воз кечиб, жаҳон нархларига ўтиш керак”.

Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, шу кунда жаҳон бозорида минг куб метр табиий газ нархи 260-270 АҚШ доллари атрофида.

Айни пайтда экс-вазирнинг айтишича, Ўзбекистон “электр энергиясини Тожикистондан дунё нархларида сотиб олаяпти”.

XS
SM
MD
LG