Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Газ ва электр тарифлари ошгани ортидан кичик новвойхоналар ëпилмоқда


Ўзбекистонда буханка ноннинг давлат белгилаган нархи 650 сўм.
Ўзбекистонда буханка ноннинг давлат белгилаган нархи 650 сўм.

Вазирлар Маҳкамасининг "Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ортидан баъзи кичик новвойхоналар ишини тўхтатди¸ тўхтатмаганлари зарарга ишламоқда.

Озодлик 17 январь куни суҳбатлашган Тошкент ва Андижондаги икки новвой газ¸ электр қуввати тарифлари¸ ҳамиртуруш¸ ëғ ва бензин нархлари ошгани ортидан ëпилаëтгаан нон таннархи ошиб кетгани боис, иш тўхтаганини айтишди. Озодлик суҳбатлашган «Ўздонмахсулот» АК мулозими эса, новвойларга етказиб берилаëтган ун нархи ўзгармаганини билдирди.

Дўлта ноннинг харидор кўтара олмаётган нархи

Андижон шаҳар бозорида дўкони бўлган тадбиркор йигитнинг 17 январь куни Озодликка айтишича¸ зарар кўрган новвойхоналарнинг кўпи ëпилиб ускуналари сотувга чиқарилган:

- Расход кўпайиб зарар кўрган кўплаб новвойхоналар ëпилиб кетди. Газ¸ аренда¸ электр ошдию ноннинг нархи ўзгармади. Буханка ноннинг давлат белгилаган нархи 650 сўм бўлиб, ўзгармай турибди. Унинг нархини ўзгартира олмаймиз. Лекин обинон 1000 сўм, ëғлиги 1500 сўм дўлтали нонни 3000 деб қўйсак ҳам, қиммат деб халқ олмаяпти. Таннархи ошди деб нархни биз кўтарсак¸ бозор кўтармаяпти¸ деди андижонлик тадбиркор.

Ширинлик сотиб зарарни қоплашмоқда

Тошкент марказидаги 40 киши ишлайдиган нон маҳсулотлари цехида ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Мавжуда Ҳасанова буханка нон ўз таннархидан арзон сотилаëтганидан шикоят қилди:

- Краснийга ишлаяпмиз (бухгалтерлар тилида "зарарга" дегани -таҳр.) Шаҳар ҳокимияти савдо департаменти талабига кўра, нархни ошира олмаймиз. Мана қаранг, нонни давлат белгилаган нархи 591 сўм. Бизда ўша нон 592 сўм ëки 595 сўмга тушяпти. Ўзининг себестоимостидан ошиб кетяпти. Бўлмаса биз аренда тўламаймиз¸ жой ўзимизники. Асосий ошган нарса газ¸ электр¸ ëғ ва хамиртуруш. Бензин ошгани ҳам таъсир қилди албатта¸ дейди Ҳасанова.

Суҳбатдош цехда ишлаб чиқарилаëтган қандолат махулотлари ва бошқа хизмат турларидан келадиган даромаддан зарарни қоплаëтганлигини айтди:

- Яхшигина газ ишлатамиз. Ойида энг камида тўрт миллион сўм газнинг ўзига тўлаймиз. Ширинлик пишириб зарарни қоплаб турганимиз учун одамларни ишдан бўшатмадик. Давлатимиз газ ва электрга имтиëз берса яхши бўларди. Раҳмат, унни фиксированний нархда оляпмиз¸ дейди нон махсулотлари цехида ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Мавжуда Ҳасанова.

"Дўконни ëпаман"

Қашқадаë вилоятининг Яккабоғ туманида яшаб, буханка нон чиқарадиган тадбиркор Равшанбек Рўзиев Озодлик билан суҳбатда ўз цехини сотувга қўйганлигини айтди:

- Бир кун зарарга ишладим¸ икки кун ишладим. Энди бўлди тўхтатдим. Докахлебни (нон чиқрувчи ускуна) сотаман деб эълон бердим. Масалан, парникда етишган лимонга электр ошди деб баланд нарх қўя оласиз аммо буханкани оширишга ҳикимият руҳсат бермайди. Цехни сотиб Туркияга ишлашга кетаман, - дейди Рўзиев.

Барчага келган тўй

Ўтган ҳафта Озодлик Вазирлар Маҳкамасининг "Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ортидан Урганч ва Тошкентда ëпилган ширкатлар ҳақида ëзган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов 2017 йилнинг 27 декабрида имзолаган қарор иловасида “Табиий газ ва электр энергиясини реализация қилишда уларга нисбатан нарх белгилашнинг алоҳида тартиби белгиланган” ташкилотлар рўйхати келтирилган.

Эндиликда, тадбиркорлар учун табиий газ тўлови 1 куб.м учун 1000 сўм этиб белгиланди.

Маълумот учун, бунгача, 2017 йилнинг 15 июлидан эътиборан истеъмолчи ташкилотлар учун 1 куб.м табиий газ нархи 263,4 сўм эди. Шу тариқа, нархлар табиий газ учун қарийб 4 бараварга ошди.

Расмий истеъмолчиларнинг буханка нон камайгани тўғрисидаги иддаосини рад этди

Газ ва электр тарифлари ошгани ортидан новвойхоналарнинг ëпилгани ва магазинларда буханка ном камайгани борасида шикоятлар эшитилмоқда.

Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида яшайдиган шаҳарликлардан бири Озодлик билан суҳбатда дўкондан буханка нон топа олмаётганини айтди.

Озодлик 17 январь куни боғланган “Тошкент-нон” уюшмаси мулозими эса, шаҳарда буханка тақчил эмаслигини айтди.

Мулозимга кўра, Тошкентдаги барча нон заводлари одатий режимда ишламоқда.

Нархи давлат томонидан белгиланган буханка нонни мамлакат пойтахтида "Тошкент-нон" уюшмасига қарашли корхоналаргина ишлаб чиқаради.

XS
SM
MD
LG